“QVANT” ТДИУ талабасини мукофот билан тақдирлади

Корпоратив бошқарув факултети МО-02 гуруҳ талабаси Мадина Қаҳҳорова – Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмагида нашр этиладиган “QVANT” илмий-оммабоп журнали томонидан тақдирланди. Иқтидорли талабамиз “Энг истиқболли ўзбек стартапи” мукофоти совриндори бўлди. М. Қаҳҳорова “Eyecaria” касалликларини ташхислашга технологияларни татбиқ этгани учун ушбу мукофотга муносиб, деб топилди.

Мукофот QVANT илмий-оммабоп ва амалий журналининг тўртинчи сони тақдимотига бағишланган тадбирда топширилди. Мазкур тадбирда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Гулнора Абдураҳмонова ҳам иштирок этиб, сўзга чиқди.

Талабамизнинг лойиҳаси “Eyecaria” ёш болаларда саратон диагностикалаш учун инновацион платформага асосланади.

Фурсатдан фойдаланиб, Мадина Қаҳҳоровага келгусидаги илмий фаолиятига муваффақият тилаб, унинг ота-онасига ва устозларига мунннатдорчилик билдириб қоламиз.

Маълумот учун. “QVANT” илмий-оммабоп журналининг асосий вазифалари илмий тадқиқотлар натижаларини оммалаштириш, инновацион фаолиятларга жўшқинлик бериш, долзарб фундаментал ва амалий илмий муаммоларни ҳал қилишга республика олимларини интеграциялаш, жамиятда илм-фан обрўсини ошириш, илмий-техник зиёлилар қатламини тарбиялаш ва маърифатчилик фаолиятини амалга оширишдан иборат. Журналнинг асосий доимий рукнлари: илм-фан, тиббиёт, коинот, инновацион технологиялар, молия ва иқтисодиёт, ҳуқуқ, экология, маданият ва бошқалар. Бундан ташқари, ҳар бир сонда стартап лойиҳалар учун саҳифалар ажратилади, бу уларга ўзларини бизнес-фаришталарга танитиш имконини беради.

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php