Oy: Yanvar 2021

Иқтисодиёт факультети томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзи, кийиниш маданияти масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Семинарда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлашда профилактик муолажаларга эътибор бериш, ижодкорлик ва ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш борасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида қилинаётган ишлар ҳамда имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Тиббиёт соҳаси вакиллари, психологлар томонидан интерактив тарзда ҳар бир инсонда тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиенага амал қилишнинг аҳамияти, тўғри овқатланиш борасида ўз маслаҳатларини билдириб ўтдилар.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт универститети ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу келишув кадрларни мақсадли тайёрлаш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни иш билан самарали бандлигини таъминлаш, таълим дастурлари, бошқарув, кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида илмий тадқиқот ишлари ва инновацион фаолиятни такомиллаштириш мақсадларини қамраб олган.

Унга кўра, томонлар ўртасида инсон ресурсларини самарали бошқаришнинг замонавий тизимлари асосида кадрлар тайёрлаш ва улар билан ишлаш механизмини такомиллаштириш, меҳнат бозоридаги ўзгариб бораётган ташқи ва ички конъюнктурага мос равишда кадрлар салоҳиятини доимий ривожлантириш стратегияларини ҳамда бу бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Ҳамкорликнинг қуйидаги умумий йўналишлари мавжуд:

– академик алмашинув ва ҳамкорликни рағбатлантириш;

– электрон таълимни ўз ичига олган ҳолда мутахассисларни тайёрлаш дастури ва тизимларини ишлаб чиқиш  ҳамда такомиллаштириш;

– таълим ва илм-фан соҳасида инновацион ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш;

– университет магистрантлари, катта илмий ходим-изланувчилари ва педагог ходимларини Марказга стажировкага юбориш;

– университет бакалавр ва магистратура босқичидаги битирувчи курс талабалари учун Марказнинг тажрибали мутахассислари томонидан методик ёрдам кўрсатиш, махсус курслар ва маҳорат дарслари ўтказиш;

– Марказнинг фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ долзарб муаммоли мавзулар банкини аниқлашда ҳамкорлик қилиш ва ушбу мавзулар бўйича хўжалик шартномалари асосида тадқиқот олиб бориш;

– Марказнинг долзарб муаммоли мавзулари бўйича докторлик, магистрлик диссертациялари ишларини бажариш учун мавзулар рўйхатини янгилаб бориш;

– ТДИУда Марказ ходимларининг илмий тадқиқот ишларини олиб боришлари учун шароит яратиш, диссертация ва бошқа илмий ишларига раҳбарлик қилиш, “Иқтисодиёт ва таълим” журнали, “Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар” электрон илмий журналларида илмий мақолаларни чоп этиш учун имконият яратиб бериш;

– Марказ ходимларига ТДИУнинг Ахборот-ресурс марказидан фойдаланиш имкониятини яратиш;

– Марказ мутахассисларини жалб қилган ҳолда таълим тренинглари ва семинарлар, консультациялар, давра суҳбатлари, конференциялар, кўргазмалар ва бошқаларни ташкил этиш;

– ТДИУ профессор-ўқитувчилари ва Марказ мутахассислари билан  “Dual” тизими асосида ҳамкорликдаги илмий даражаларни ошириш учун қўшма дастурларни ишлаб чиқиш;

– ҳамкорликда корхона ва ташкилотлар ходимларининг касб-малака кўникмаларини баҳоловчи замонавий Assessment-Center усулини жорий этиш ва такомиллаштириш механизмини ишлаб чиқиш.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида икки йилдан буён талабалар, докторантлар ва тадқиқотчилар ўртасида “Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари” номли йилнинг энг яхши мақоласи танлови ўтказилдиб келинмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида танловнинг бу йилги ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу танловда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 4 нафар таянч докторантлари энг яхши мақола муаллифлари бўлдилар:

  • Зулфия ҲАМИДОВА
  • Нафосат ШАРОПОВА
  • Мақсуджон ОЛИМОВ
  • Муҳиддин ҲАЛИЛОВ

📌 Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилги танловга талабалар ва ёш тадқиқотчилардан 500 дан ортиқ илмий мақола келиб тушган. Экспертлар хулосаси асосида шулардан 44 та энг яхши мақола танланди.

Тадбирда танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг сертификати, китоблар тўплами ҳамда планшет билан ҳам тақдирланди. Шунингдек, китобдаги соҳалар бўйича 10 та энг яхши мақола аниқланиб, муаллифларга Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан пул мукофоти берилди.

Халқаро туризм факультети Туризм ва сервис кафедраси томонидан бизнес-тренер, ментор, “Ипак йўли туризми” блогери ва туризм маркетинги мутахассиси Михаил Шамшидовнинг “Туризм бозорининг таҳлили” мавзусида интерфаол  маърузаси ташкил этилди.

Михаил Шамшидовнинг интерфаол маърузаси профессор-ўқитувчилар ва талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Амалиётнинг назария  билан ёнма-ён юриши талабаларнинг билим олиш доирасини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Туркиянинг Мардин Артуклу университети ўртасида ўзаро англашинув меморандуми имзоланди.

Ҳамкорлик доирасида Туркия ҳукуматининг Мевлана гранти асосида ТДИУ талабалари ва профессор-ўқитувчилари Туркиянинг Мардин Артуклу университетида академик мобилликни амалга ошириш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, Мардин Артуклу университетининг талаба ва профессор-ўқитувчилари Ўзбекистонда амалиёт ўташ имкониятига эга бўладилар.

Меморандум имзолаш жараёнида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори профессор Қўнғиротбой Шарипов, Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Дилшоджон Раҳмонов, халқаро лойиҳалар координатори Азиз Бобожоновлар иштирок этди. Туркиянинг Мардин Артуклу университети томонидан ректор Иброҳим Ўзжошар, ҳалқаро алоқалар бўлим бошлиғи Сулейман Шанли ва  Мевлана гранти координатори Ахмет Бозлар иштирок этди.

Мардин Артуклу Университети ҳақида:

Мазкур олий таълим муассасаси Месопотамиянинг энг қадимги аҳоли пунктларидан бири бўлган Мардинда ташкил этилган бўлиб, Туркиянинг ёш ва ривожланаётган университетларидан биридир. Университет 6 та факультет, 4 та коллеж, 6 та касб-ҳунар таълими муассасалари, 3 та институт, 1 та давлат консерваторияси ва 11 та илмий-амалий марказлардан ташкил топган.

Мардин Артуклу университети, келажакка 12000 га яқин талабани тайёрламоқда, ўзининг динамик академик таркиби ва тезкор такомиллашуви билан эътиборни ўзига жалб қилмоқда, 420 академик ва 285 маъмурий ходим билан муҳим илмий ва тадқиқот марказларидан бири бўлиш учун олдинга интилмоқда.

Мардин Артуклу университети, 2012 йилда Туркиянинг биринчи экологик шаҳарчасини ташкил этган.

Университетда турли тилларда дарс берилади. Турк, курда, араб, инглиз ва бошқалар.

Мардин Артуклу университети талабаларга академик тажриба бериш билан бир қаторда уларга ижтимоий, маданий ва спорт соҳаларида ўзларини ривожлантириш имкониятларини тақдим этади.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимлари ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик ва интеграцияни, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу жараёнда муносиб иштирок этиш, фаолиятга доир тегишли вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетнинг Сиртқи таълим бўлими ҳамда Умумий ва аниқ фанлар кафедраси профессор-ўқитувчилари Сергели туманида жойлашган 268-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрдилар

Мактаб педагог жамоаси ва ўқувчилари билан бўлиб ўтган учрашувда битирувчиларнинг олий таълимга қамровини ошириш, мактабда таълимни юқори савияда ташкил этиш, ўқув-услубий материаллар ва бошқа ўқув адабиётлари билан таъминлаш бўйича  муаммолар муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган масалалар таҳлил қилиниб, Сиртқи таълим бўлими профессор-ўқитувчиларининг офлайн ва онлайн шаклда олий таълимга тайёрлов курсларини ташкил этиш графиклари,  истиқболли режалар белгилаб олинди.

Маълумот учун, айни кунда мазкур таълим масканида 11-синфда таҳсил олувчилари сони 107 нафарни ташкил этади. Ўтган йилги битирувчилардан 143 нафари олий таълим муассасасида таҳсил олаяпти. Молиявий имконияти мавжуд бўлмагани учун яна 6 нафар битирувчи олий маълумот олиш имкониятидан фойдалана олмаган.

Мазкур кўрсаткичларни яхшилаш мақсадида Математика, Инглиз тили, Ахборот технологиялари фанлари бўйича чуқурлаштирилган қўшимча дарс соатларини ташкил этиш жадвали ишлаб чиқилди ва уни амалга оширишга масъул профессор-ўқитувчилар таркиби тасдиқлаб олинди.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Туризм ва сервис кафедраси профессор-ўқитувчилари инновацион-корпоратив ҳамкорлик алоқалари доирасида Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти таклифи билан Бўстонлиқ туманига ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида олий таълим академик доира вакиллари ва туризм соҳасининг минтақавий бошқарув тузилмаси, ўрта махсус таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида туризм соҳасида юқори малакали мутахассисларнинг меҳнат бозоридаги касбий рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари, туризм инфратузилмаси объектларини модернизациялашга оид амалий лойиҳаларни рўёбга чиқариш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Бўстонлиқ туризм ва сервис коллежида ўтказилган давра суҳбатида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ўртасида стратегик шериклик меморандуми имзоланди. Коллеж ўқув жараёнига методик ёрдам берилиши ва университет кафедраси профессор-ўқитувчиларининг коллеж педагоглари билан ўқув адабиётларини нашрга тайёрлаши муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Мазкур коллеж ўқувчилари томонидан тайёрланган ижодий ишлар кўргазмаси намойиши ҳам эътирофга сазовор бўлди.

Ташрифнинг навбатдаги манзили – “Seven Tree” дам олиш маскани бўлди. Ушбу объект фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида йиғилганларга батафсил маълумотлар етказилди.

 

Молия ва бухгалтерия ҳисоби факультети декани Актам Бурхонов бошчилигидаги факультет фаоллари талабалар турар жойида истиқомат қилаётган талаба-қизлар билан учрашди.

Мулоқот давомида талаба-қизлар факультет деканидан ташкил этилаётган тўгаракларда спорт турларини кўпайтириш, жумладан “Йога” ва “Аэробика” билан шуғулланиш имкониятини яратиб беришларини таклиф қилдилар.

Шундан сўнг талабаларнинг яшаш шароитлари, овқат тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва маиший хизматлар кўрсатиш ҳолати ўрганилиб, мавжуд камчиликларни ҳал қилиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Айрим хоналарда юзага келган электр лампалари билан боғлиқ муаммолар Молия-иқтисод ишлари бўйича проректор Нодир Идиев бошчилигида тез фурсатда бартараф этилди.

Бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича ёшлар муаммолари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда ижобий ҳал этиш бўйича университет раҳбарияти ва мутасадди ходимларига таклифлар тайёрланди.

 

Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti  va Finlyandiyaning Turku amaliy fanlar universitetining hamkorlikdagi xalqaro qo’shma ta’lim dasturiga 2021-yil 15-fevraliga qadar arizalar qabuli davom etadi.

Dastur haqida

Ushbu qoʻshma dasturda talabalar 1+3 shaklida taʼlim oladilar hamda Finlyandiya kompaniyalariga ishga qabul qilinadilar. Yaʼni, dastur ishtirokchilari dastlabki 1 yil Oʻzbekistonda va keyingi 3 yil Finlyandiyada taʼlim oladilar. Shuningdek, talabalar Finlyandiyaning AKT kompaniyalari, startaplarida amaliyot oʻtashadi va ishga qabul qilinadi. Mazkur loyiha Yevropaning eng yirik innovator tadbirkori hisoblangan Piter Vasterbaka (Peter Vesterbacka)ning yetakchiligida amalga oshirilmoqda hamda dastur innovatsion yondashuvlari asosida tashkil etiladi. Qoʻshma taʼlim dasturi bakalavriat bosqichida 2021-yil yanvar oyidan “Axborot texnologiyalari va tadbirkolik” hamda 2021-yil sentabr oyidan “Biznes axborot texnologiyalari va tadbirkorlik” taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha talabalarni oʻqishga qabul qiladi.

Bizning dasturda o’qish imkoniyati berilgan eng omadli talabalardan biri bo’lishga shoshiling.

Agar siz dasturimizga qiziqqan va hujjatlaringizni topshirmoqchi bo’lsangiz, quyidagi havolada keltirilgan ariza shakli orqali ma’lumotlarni to’ldiring:

(https://form.jotform.com/203572556481459)

– Pasport

– Diplom va ilova

– Talabalar ingliz tilida suhbat orqali qabul qilinadi (Sertifikat talab etilmaydi)

☎️ Qo’shimcha ma’lumot uchun:

Веб-сайт: http://tsue.uz/uz/tuzilma/tuas-tdiu-qoshma-talim-dasturi/

Телефон: 91-223-12–11

Е-mail: tuas@tsue.uz

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ўқув ишлари проректори Мансур Эшов бошчилигидаги университет бўлим бошлиқлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилари ТДИУ академик лицейи педагог жамоаси ҳамда ўқувчи-ёшлари билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида ўқувчиларнинг камида битта хорижий тилни пухта ўзлаштириб чиқишини таъминлаш, математика, ахборот технологиялари, рақамли иқтисодиёт фанларини чуқурлаштирилган ҳолда ўзлаштиришларига кўмак бериш масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу мақсадларга эришиш учун Молия ва бухгалтерия ҳисоби факультети, Амалий математика, Инглиз тили, Хорижий тиллар, Рақамли иқтисодиёт кафедралари таркибида фан тўгаракларини ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди. Қўшимча машғулотларни университет ва академик лицей дарс жадвалларига мос равишда алоҳида тўгарак шаклида ёки ёзги ва қишки мактаблар ташкил этиш орқали ўтказиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди.

Академик лицейда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар бўйича университет профессор-ўқитувчилари салоҳиятидан унумли фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, академик лицейларнинг рейтингида муносиб ўринни эгаллаш, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилиниш кўрсаткичларини ошириш, ўқувчиларнинг нуфузли халқаро ва республика фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида муносиб ўрин эгаллашига шароит яратиш, чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчилар улушини ошириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.

Бундан ташқари илмий даражали, чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган асосий штатдаги педагоглар улушини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун иқтидорли педагогларнинг хорижий мамлакатлар таълим муассасаларида ўз мутахассислиги бўйича қисқа муддатли малака ошириш, шу жумладан онлайн курсларда ўқишини ташкил этилади.

Учрашув давомида ўқувчиларга Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро ҳамкорлик алоқалари, тузилган халқаро қўшма таълим дастурлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.

Кўрилган барча масалалар юзасидан масъул ходимларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.

 
archive.php