Oy: Noyabr 2020

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)нинг татбиқ этилиши ҳисобнинг ягона усулларини қўллаш орқали компанияларни ички бошқарув тизимини такомиллаштириш, манфаатдор томонларга корхонанинг молиявий ҳолати тўғрисида маълумот бериш ва компаниянинг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.

Компанияларнинг халқаро бозорларга чиқиши, шунингдек, салоҳиятли инвесторларни жалб қилишда МҲХСга мувофиқ молиявий ҳисобот тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади ва у ҳаётий заруратга айланиб бормоқда.

МҲХСни қабул қилиш ва унга мувофиқ ҳисобот тақдим этиш глобал бозорда ягона молиявий ахборот алмашиш муҳитини яратади. Бу жараён ўз навбатида, ахборот шаффофлиги, ҳисобдорлик ва иқтисодий самарадорликнинг ошишига хизмат қилади. Шунингдек, МҲХС қўлланиши бозор ликвидлиги яхшиланиши, капитал бозорларининг ривожланиши, қимматли қоғозлар бозорларида савдолар кўламининг кенгайиши, хорижий инвестицияларнинг миллий бозорга кириб келиши ва инвесторларни ҳимоя қилишнинг такомиллашишига олиб келади. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу ижобий натижаларга эришиш учун МҲХСни миллий бозорда самарали татбиқ этиш чора-тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.

МҲХСни татбиқ этиш бўйича Европа давлатларининг тажрибасини ўрганиш ва ушбу жараёндаги муаммолар ва истиқболларни адолатли баҳолаш Ўзбекистондаги компанияларнинг МҲХСга мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш жараёнига ўтиш даврида катта имконият ҳисобланади.

МҲХСга ўтишда дастлабки қадамлар

МҲХСга ўтиш бўйича ислоҳотларнинг бошланишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши катта туртки бўлди. Мазкур қарор билан банклар томонидан МҲХС асосида ҳисоботлар тайёрлашга ўтиш ва халқаро кредит рейтингларини олиши бўйича устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Республикамизда илк бор 2013 йилда Ўзбекистон бухгалтерлари ва аудиторлари миллий ассоциацияси (ЎзБАМА) тегишли давлат органлари ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда МҲХС стандартларини ўзбек тилига таржима қилди. Ўзбекистон аудиторлар палатаси, Молия вазирлиги, Марказий банк ва йирик аудиторлик ташкилотлари “Кўриб чиқиш комиссияси” аъзолари сифатида таржима жараёнида қатнашди. 2013 йилдаги МҲХС хужжатлари таржимаси якунланган бўлса-да, кейинчалик улар МҲХС фонди томонидан киритилган доимий ўзгаришлар бўйича янгилаб борилмади. Бунга асосий сабаб сифатида уларга талаб ва эҳтиёжнинг пастлиги ҳамда МҲХС ҳужжатларининг қонун ҳужжатлари билан тан олинмаганлигини кўрсатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2015-2018 йилларда барча акциядорлик жамиятлари йиллик молиявий ҳисоботни нашр этиши ва аудит ҳамда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ ташқи аудитни ўтказиши белгиланган эди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўша даврда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ҳисобчи, солиқ ва молия мутахассисларининг кўпчилик қисми МҲХС бўйича етарли билимга эга эмас эди. Бунинг устига МҲХС хужжатлари ўзбек тилида қўллаш учун доимий янгиланган версияси тақдим этилмади. Натижада, кўпчилик компаниялар МҲХС асосида молиявий ҳисоботни тайёрлаш учун аудиторлар ва бошқа ташқи экспертларни ёллашга мажбур бўлди. Бунинг оқибатида ўтган 2015-2018 йилларда мамлакатимизда МҲХСларни амалий қўллаш тажрибаси пайдо бўлмади.

МҲХСга ўтишнинг янги босқичи

Президентимизнинг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори МҲХСга ўтишнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур қарор билан 2021 йилдан бошлаб МҲХСга ўтиши керак бўлган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди ва шу рўйхатда белгиланган ташкилотларнинг бухгалтерия хизмати бўлимида МҲХС кўникмасига эга бўлган камида учта сертификатланган мутахассис бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Ушбу қарорнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири шуки, бу МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасида тан олиниш масаласини ҳал қилиб берди. МҲХС ҳужжатларининг тан олиниши ва уни қўллайдиган компанияларнинг белгилаб берилиши, ушбу компания ҳисобчи ва молия мутахассисларидан ўз малакаси устида доимий ишлаши ва масъулиятни жиддий ҳис этишини талаб этади.

МҲХСга ўтиш бўйича ижобий жиҳатлар ва қийинчиликлар

Шуни унутмаслик керакки, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишда қийинчиликлар бўлиши табиий ҳолат. Энг муҳими, ушбу қийинчиликлар ортидан эришиладиган фойдали жиҳатларни тасаввур қилиш муҳим саналади.

МҲХСга ўтишнинг сўнгги 15 йилида Европа, қолаверса, жаҳон тажрибасига асосланиб, қуйидаги ижобий жиҳатларни кузатиш мумкин:

Биринчидан, ахборот шаффофлигини ошириш – шаффофлик хусусияти сифатли молиявий ахборот ва халқаро даражада қиёсланувчанликни таъминлайди. Бунинг натижасида инвесторлар ва бошқа бозор қатнашчилари асосланган иқтисодий қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Иккинчидан, ҳисобдорлик ошиши – бу хусусият инвесторлар ва компания бошқарувчилари ўртасидаги молиявий ахборот етишмовчилигини камайтиради. Натижада инвесторлар ўз сармояларининг самарали бошқаруви бўйича тўлақонли ахборотга эга бўлади.

Учинчидан, иқтисодий самарадорлик ошиши – ягона молиявий тилдаги ҳисоботларни таҳлил қилиш асосида, инвесторлар капитални халқаро миқёсда йўналтириш ва рискларни камайтириш имкониятларига эга бўлади. Тўртинчидан, бозор ликвидлиги яхшиланиши ва капитал сарфининг пасайиши – молиявий ахборотларнинг батафсил ёритилиши ва халқаро даражада қиёсланувчанлик бозор ликвидлигини оширади ва компаниялар учун миллий ва хорижий капитал жалб этиш сарфларини камайтиради.

Бешинчидан, капитал бозорларининг ривожланиши ва қимматли қоғозлар бозорларида савдолар кўламининг кенгайиши – бўш капитал маблағларидан самарали фойдаланиш ва иқтисодиётнинг турли соҳалари зарур капитал билан таъминланиши, капитал бозорларининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, қимматли қоғозлар бозорининг муайян мамлакат ичида шаклланиши ва савдолар кўпайиши иқтисодий ривожланишнинг жадаллаштириш омили ҳисобланади. Бунда МҲХС асосидаги ҳисобот маълумотлари капитал бозор иштирокчилари учун асосий ва ишончли ахборот манбаси бўлиб хизмат қилади.

Олтинчидан, хорижий инвестицияларнинг миллий бозорга кириб келиши ва инвесторларни ҳимоя қилишнинг такомиллашиши – миллий иқтисодиётнинг ривожланиши ва рақобатбардошлиги, авваламбор, хорижий инвестицияларни жалб этиш заруриятини юзага келтиради. Бунинг учун миллий бозорда хорижий инвесторларга ижобий инвестиция муҳити яратилиши ҳамда инвесторлар ҳуқуқлари ҳимояланган бўлиши лозим. МҲХСнинг капитал бозор қатнашчилари томонидан қабул қилиниши ва унга мувофиқ тузилган молиявий ҳисоботлар очиқ эълон қилиниши ушбу жараёнларни тезроқ амалга ошириш имкониятини беради. Еттинчидан, молиявий таҳлилчилар прогнозларидаги аниқлик – молиявий ахборотнинг сифати ва қиёсийлигини таъминлайдиган муҳит молиявий таҳлилчилар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади ва прогнозлаш таҳлиллари сифатини оширади. Ушбу таҳлиллар капиталнинг самарали бошқаруви ва келгусида капитал жалб этилиши ёки тақсимланиши бўйича тўғри иқтисодий қарорлар қабул қилинишига хизмат қилади.

МҲХСга ўтиш натижасида эришиладиган амалий афзалликлар

МҲХСга ўтиш натижасида эришиладиган амалий афзалликлар қуйидагилардан иборат:

– Активларни баҳолашнинг бозор механизмлари – амалда активлар ва мажбуриятларнинг дастлабки қиймати ва унинг жорий бозор қийматидан фойдаланиш инвестор учун ҳам ташкилотнинг ўзи учун ҳам самарали қарорлар қабул қилишга ёрдам беради;

– молиявий инструментларни қўллаш қулайлиги – МҲХС ҳужжатлари замонавий бизнес йўналишлари ва операцияларни акс эттириш усулларини етарли даражада тез-тез қайта кўриб чиқилиши мамлакатда молиявий инструментлардан фойдаланиш имкониятларини оширади;

– Активлар қадрсизланишини ўз вақтида акс эттириш – амалдаги ҳисоб стандартлари активлар қадрсизланиши риски бўйича чоралар кўришни талаб этмайди. Натижада йирик компанияларда активлар суммасининг ошириб кўрсатилиш рискини юзага келтиради. МҲХС стандартлари бундай рискларнинг олди олиниши учун зарурий талабларни қўяди;

–Шартли актив ва баҳоланган мажбуриятлар бўйича аниқ кўрсатмалар – фойдаланувчилар тўғри қарор қабул қилишлари учун нафақат ҳужжатларга асосланган операциялар тўғрисидаги ахборот, балки келажакда содир бўлиши мумкин бўлган ҳодисалар оқибатини жорий ҳисоботларда акс эттириш ҳам муҳим аҳамият касб этади;

– Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар тузиш – кўпчилик йирик компаниялар ўзининг таркибига кирувчи корхоналарни ҳисобга олган ҳолда жамлама ҳисоботларни тузмоқда, лекин уларни тузишда замонавий консолидациялаш механизмларини ҳисобга олмаслиги, ушбу компаниялар гуруҳининг ҳақиқий аҳволи кўринмай қолишига сабаб бўлмоқда. МҲХС бўйича консолидациялашган ҳисобот молиявий ҳисоботнинг алоҳида махсус таркибий қисми ҳисобланади ва унга нисбатан махсус талаблар мавжуд.

МҲХСга бағишланган конференция: иштирокчилар билан очиқ мулоқот

Тошкент Молия институтида “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари: имкониятлар ва долзарб масалалар” мавзусида онлайн ўтказилган конференцияда педагог, талаба ва мутахассислар ўртасида қисқа сўровнома ўтказилди. Бу сўровноманинг натижаларини қуйидагиларда кўриш мумкин:

1. МҲХС хужжатлари қўлланишга тайёр бўлганда, сиз уларни қайси тилда фойдаланишни афзал кўрасиз?

   

Ушбу сўровнома натижасидан кўринадики, МҲХСни ўзбек тилида қўллаш ва ўрганиш учун жуда катта талаб бор. Шунга асосан миллий бозорда жаҳон стандартига жавоб берадиган МҲХС бўйича юқори сифатли ўқув адабиётлари ва амалий қўлланмаларнинг яратилиши мақсадга мувофиқ. Ўқув адабиётлари масаласида хорижий тажрибага асосланган ҳолда, МҲХС бўйича малакали педагог кадрларга эга нуфузли олий таълим муассасалари шундай адабиётлар яратиш тизимини йўлга қўйиши лозим. Бундай лойиҳалар тегишли вазирликлар, манфаатдор йирик ташкилотлар ҳамда хорижий донорлар томонидан ажратиладиган грантлар асосида амалга оширилиши мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, бу лойиҳаларнинг муваффақиятли бажарилиши нафақат иштирокчиларнинг(педагог кадрлар, талабалар ва мутахассислар) МҲХС бўйича молиявий саводхонлигини оширади, балки хорижий молия институтларининг минтақада қулай инвестиция муҳити яратилиши ва шаффофликка эришилиши бўйича манфаатларига ҳам мос келади.

2. Талаба сифатида МҲХС ўрганишда сизга қайси факторлар тўсқинлик қилади( муҳимлик даражаси бўйича жойлаштирилган)?

   

Ушбу сўровнома натижасидан кўринадики, талабалар учун МҲХСни ўрганишда тўсиқ бўладиган энг катта 3 та муаммо, жумладан, МҲХС бўйича ўқув курслари қиммат бўлиши, ўқиш давомида амалий иш кўникмасига эга бўлиш имконсизлиги ва соҳада етарли малакали педагоглар етишмаслиги келтирилган. Биринчидан, МҲХС бўйича ўқув курслари борасида Президентнинг тегишли қарорига асосан 2020-2025 йиллар оралиғида талабалар, педагог кадрлар ва давлат органлари ходимларига МҲХС бўйича ўқиш харажатлари қоплаб берилиши режалаштирилган.

Иккинчидан, талабаларнинг ўқув жараёнида МҲХС бўйича амалий иш тажрибасига эга бўлиши ва соҳадаги ўрта ва йирик компаниялар томонидан бундай имкониятлар яратилиши келажакда ишчи бозор талабига жавоб берадиган салоҳиятли кадрлар етишиб чиқишига замин яратади. Бунинг учун олий таълим муассасалари ва компаниялар ўртасида ўзаро манфаатли ва мақсадли келишувлар йўлга қўйилиши лозим.

Учинчидан, олий таълим соҳасида МҲХС бўйича фаолият юритиб келаётган педагог-профессор кадрларига ўз билимини оширишга имконият (тренинг, малака ошириш курслари) яратилиши ва қатий малака талаблари ўрнатилиши лозим.

3. Мутахассис сифатида МҲХС ўрганишда сизга қайси факторлар тўсқинлик қилади (муҳимлик даражаси бўйича жойлаштирилган)?

   

Юқоридаги маълумотларга кўра, мутахассислар учун МҲХСни ўрганишда тўсиқ бўладиган энг катта учта муаммо, бу – МҲХС бўйича ўқув курслари қиммат бўлиши, етарли вақт ва маблағлар мавжуд эмаслиги ва амалий қўлланмалар етишмаслиги келтирилган.

Биринчидан, мутахассисларни МҲХС бўйича тайёрлаш йирик компаниялар ривожланишида стратегик аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, компаниянинг инвестициявий жозибадорлигини оширади. Чунки бундай мутахассислар компаниянинг молиявий ҳолати ва натижаларини МҲХС асосида шаффоф ва ишончли тақдим этилишида муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун бундай мутахассисларга компания томонидан ўқитиш сарфларининг қопланиши ҳамда сертификатланган мутахассисларни доимий равишда моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Иккинчидан, амалий қўлланмалар яратиш жараёнида бухгалтерлар ва аудиторларнинг жамоат бирлашмалари ролини ошириш лозим. Бу ташкилотларнинг ваколати ва бозордаги ўрнини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг бундай лойиҳаларда фаол қатнашиши мақсадга мувофиқ. Учинчидан, амалий қўлланмалар яратиш ва кенг оммага МҲХС бўйича сўнгги янгиликларни етказишда профессионал аудиторлик ташкилотларининг ўрни ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Айниқса, катта тўртлик (Big 4) компаниялари ўзларида йиғилган амалий тажрибани миллий бозорда барча иштирокчиларга тушунарли бўлган давлат тилида ёритиб беришлари муҳимдир.

4. МҲХСларни қўллашнинг энг муҳим фойдаси нима деб ўйлайсиз?

   

Сўровнома қатнашчилари томонидан МҲХСнинг қўлланишидаги энг муҳим жиҳатлари сифатида шаффофлик, ривожланиш ва ишончлилик кўрсатиб ўтилди.

Мухтасар айтганда, МҲХСга ўтиш ва МҲХСни белгиланган ташкилотлар томонидан муваффақиятли татбиқ этиш нафақат компания истиқболини таъминлайди, балки бутун иқтисодиёт тармоқлари ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Буни амалга ошириш учун олдимизда турган вазифалар ва қийинчиликларни самарали ва белгиланган муддатларда ҳал этилиши лозим.

Ҳамид ИРГАШЕВ, ACA, ACCA, Буюк Британиядаги Hult халқаро бизнес мактаби доценти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети хорижий маслаҳатчиси ва эксперти,

Иброҳим АХМАДХОНОВ, Молия вазирлиги бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти департаменти директор ўринбосари.

  Манба: https://uza.uz/uz/posts/ozbekistonda-moliyaviy-hisobotning-xalqaro-standartlariga-otishi-yangicha-yondashuv-va-imkoniyatlar_190586 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Халқаро туризм факультети талабалари Мирзахўжа ўғли Муқимий маънавий меросини тарғиб қилишда, унинг асарларини ўқиб-ўрганиш бўйича янгича лойиҳани амалга оширдилар.

Маданият саройида бўлиб ўтган тақдимотда талабалар шоир, ёзувчи ва сатирик, ўзбек реализми асосчисининг ёлғизликда буюк ёзувчига айланиши, ўз-ўзи билан курашиши, яқин кишилари ва ўзига бўлган ишончни йўқотиши ҳақидаги саҳналаштирилган асарни зўр маҳорат билан ижро қилдилар.

Шунингдек, талабалар томонидан муқимий асарлари ва унинг асосида яратилган куй-қўшиқлар ўзбек, рус, инглиз тилларида ижро этилгани йиғилганлар томонидан илиқ кутиб олинди.

XIX ва XXI аср ҳаётини қамраб олган саҳнавий чиқишлар кишини ажиб бир оламга чорлади. Умуман олганда мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Муҳаммад Аминхўжа Муқимий илмий-адабий меросини ўрганиш, адибнинг ҳаёти, ижодини яқиндан билишга қизиқувчилар учун янги оламни кашф этди.

Жабрланувчи оддий деҳқон тилидан ёзилган «Танобчилар» ҳажвияси асосида саҳналаштирилган чиқиш ўтказилган тадбирнинг кулминацион нуқтаси бўлди, дейиш мумкин. Ижтимоий адолатсизлик, чор маъмурлар ва маҳаллий амалдорларнинг ўзбошимчаликлари ва зўравонликлари, мустамлака шароитида солиқ солиш ва ундириб олиш каби ҳаётий лавҳалар талабалар маҳорати билан иштирокчилар кўз ўнгида тарихий ҳақиқатни гавдалантирди.

Тадбир сўнгида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов, Ўқув ишлари бўйича Мансур Эшов ва бошқалар сўзга чиқиб, Муқимий адабий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишдаги янгилиги учун Халқаро туризм факультети жамоасини табрикладилар. Университетда адиб ҳаёти ва ижоди, бой маънавий меросини ўрганиш, уларни кенг жамоатчиликка, жумладан ёш авлодга етказиш бўйича йўлга қўйилган тизимли ишларда барчага муваффақият тиладилар.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети юқори малакали педагогларни ишга қабул қилиш бўйича ТАНЛОВ эълон қилади

(2020 йил декабрь ойига)

Кафедра мудирлари: Молия, Инновацион таълим, Менежмент, Бизнес бошқаруви ва логистика, Умумий ва аниқ фанлар, Менежмент ва маркетинг, Иқтисодиёт, Молия ва бухгалтерия ҳисоби

Профессорлар: Молиявий таҳлил ва аудит, Ижтимоий гуманитар фанлар, Корпоратив иқтисодиёт ва бизнес таҳлил, Маркетинг

Доцентлар: Молия, Солиқлар ва суғурта иши , Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялар, Иқтисодиётда математик методлар, Инновацион таълим, Корпоратив бошқарув, Маркетинг, Корпоратив иқтисодиёт ва бизнес таҳлил, Иқтисодиёт

Катта ўқитувчилар: Тармоқлар иқтисодиёти, Бухгалтерия ҳисоби, Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари, Менежмент, Жаҳон иқтисодиёти, Инглиз тили, Корпоратив иқтисодиёт ва бизнес таҳлил, Иқтисодиёт, Молия ва бухгалтерия ҳисоби, Туризм ва сервис, Менежмент ва маркетинг

Ассистентлар: Бухгалтерия ҳисоби, Молия, Солиқлар ва суғурта иши, Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари, Иқтисодиётда математик методлар, Иқтисодий хавфсизлик, Менежмент, Банк иши ва инвестициялар, Туризм ва сервис, Маркетинг, Бизнес бошқаруви ва логистика, Амалий математика, Корпоратив иқтисодиёт ва бизнес таҳлил, Умумий ва аниқ фанлар Менежмент ва маркетинг , Молия ва бухгалтерия ҳисоби

Ўқитувчи: Инглиз тили, Хорижий тиллар , Корпоратив иқтисодиёт ва бизнес таҳлил, Умумий ва аниқ фанлар

ТАНЛОВДА ҚАТНАШИШ УЧУН ҚУЙИДАГИ ҲУЖЖАТЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛИШИ ЛОЗИМ:

  1. Ректор номига ариза;
  2. Ходимларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақа (Бошқа ташкилотлардан танловда қатнашишга ариза берганлар учун);
  3. Олий маълумоти, илмий даражаси, илмий унвони ҳақидаги аттестат нусхалари (Бошқа ташкилотлардан танловда қатнашишга ариза берганлар учун);
  4. Илмий ишлари рўйхати;
  5. Малака оширганлиги ҳамда қайта тайёрловдан ўтганлиги ҳақидаги дипломлар ва сертификатлар.
  6. Охирги 5 йилда амалга оширган педагогик фаолияти ҳақида ҳисобот.
  7. Кафедра муҳокамасидан кўчирма
  8. Аризалар қабул қилиш муддати – эълон чоп этилган кундан бошлаб 1 ой.

Манзилимиз      –     100003,     Тошкент шаҳри Ислом Каримов кўчаси, 49.

ТДИУ, Ходимлар бўлими. Тел.: (0-371) 239-01-08

Иқтисодиёт факулътетининг 3-босқичида таҳсил олаётган Авазов Нуриддин Рустам ўғли Россия Федерациясининг Халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан ўтказилган Халқаро “Энг яхши иқтисодчи” танловида фахрли биринчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари Нуриддин Авазов  Россия Федерациясида “Иқтисодиёт” бўйича ўтказилган халқаро олимпиадада ҳам фахрли биринчи ўринни эгаллади. Шу муносабат билан Университет кенгаши томонидан Нуриддин Авазовни ва илмий раҳбари Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш кафедраси профессори Носир Маҳмудовга табрик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

Нуриддин Авазов 2018-2019 ўқув йилида “Иқтисодиёт назарияси” фанидан Республика фан олимпиядасининг университет босқичида фахрли 1 ўринни қўлга киритиб, Республика фан олимпиядасида фахрли 4-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, “Йил талабаси-2019” кўрик-танловининг “Ўз мутахасислигининг энг билимдон талабаси” номинацияси бўйича фахрли 3 ўринни қўлга киритган.

2019 йилда Республика олий таълим муассасалари ўртасида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ёш олимлар ва иқтидорли талабаларнинг илмий фаолиятида миллий мустақиллик ғоясининг туб мазмун-моҳиятига бағишланган “Энг яхши мақола” танловида фахрли 1 ўринни қўлга киритди.

2020 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ташкил қилинган “Коронавирус пандемияси натижасида вужудга келадиган глобал инқироз ҳолатларининг республика иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш” мавзусидаги “Энг яхши мақола” танловида ўзининг илмий мақоласи билан қатнашиб, фахрли 1 ўринни қўлга киритди.

2020 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “С7-Жаҳон иқтисодиёти ва бизнес” халқаро конференциясида қатнашиб, сертификат ва “The best delegate” номинациясини қўлга киритган.

2020 йилда Россия федерациясида ташкил этилган Халқаро талабалар аспирантлар ва магистрантлар илмий ишлари танловида ўз мақоласи билан фаол қатнашиб, танлов гувоҳномасига сазовор бўлди.

2020 йилда “Йил талабаси – 2020” танловининг “Йилнинг энг фаол ихтирочи – инноватор талабаси” номинацияси ғолиби бўлган.

Фурсатдан фойдаланиб, иқтидорли талаба Нуриддин Авазовнинг ота-онасига ва таълим берган устозларига чуқур миннатдорчилик билдириб қоламиз. Талабанинг келажакдаги ўқишлари, меҳнат ва илмий фаолиятига муваффақият тилаймиз.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Иқтисодиёт факультети 3-босқич талабаси Рустамов Достонбек Жамшид ўғли Қозоғистоннинг Нурсултан шаҳрида ўтказилган «МДҲнинг энг яхши талабаси-2020» халқаро танловида 14 мамлакат ичидан «Рақамли иқтисодиёт ва инновацияларни бошқариш» йўналиши бўйича иштирок этиб фахрли I-ўринни эгаллади.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади МДҲ давлатларининг олий таълим муассасалари талабаларини қўллаб-қувватлаш, илм-фан, техника ривожланишига ҳисса қўшаётган ёшларни аниқлаб, уларни муносиб рағбатлантириш ҳисобланади.

Танлов натижаларига кўра, университет талабаси Достонбек Рустамовнинг илмий ишлари, қўлга киритган ютуқлари ва танлов давомидаги саралаш жараёнлари ҳисобга олинган ҳолда I-ўринга муносиб деб топилди ва «МДҲнинг энг яхши талабаси-2020» ёзуви туширилган кўкрак нишони ва I-даражали диплом билан тақдирланди.

Талаба шу кунга қадар «Йил талабаси-2019» танловининг «ЙЭФИТ» номинацияси ғолиби, «CREATIVE YOUTH» ҳалқаро конференсияси SPEAKERI, «Йил талабаси-2020» танловининг «ЙЎМББТ» номинацияси ғолиби, Cambridge UNIVERSITY PRESS ва Cambridge Assessment English курси тингловчиси, Франциянинг «Insec business school» томонидан ташкиллаштирилган лойиҳанинг «Энг яхши бизнес аналитик» номинацияси ғолиби, Ўзбекистон Республикаси Навоий номидаги давлат стипендияси лауриати, Жанубий Кореянинг «The Graduate Institute of Ferrous & Energy materials Technology (GIFT) internship program» совриндори, Япониянинг «JACAFA» дастури ғолиби бўлган.

Фурсатдан фойдаланиб Достонбекнинг ота-онасига ва таълим берган устозларига, ҳусусан талабанинг илмий рахбари Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Абдурахмонова Гулнора Каландаровнага чуқур миннатдорчилик билдириб қоламиз.

Жаҳон иқтисодиёти кафедраси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрь куни Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган мажлисида иштироки ва сўзлаган нутқида кўтарилган масалалар юзасидан онлайн илмий семинар ташкил этилди.

Жаҳон иқтисодиёти кафедраси мудири, иқтисод фанлари номзоди, доцент Нилуфар Исмаилова илмий семинарни ШҲТнинг охирги йиллардаги истиқболли лойиҳалари ҳақидаги кириш нутқи билан очиб берди.

Шундан сўнг, семинар тингловчиларига ШҲТ ҳақида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган ва эфирга узатилган кичик видеоролик намойиш этилди.

Қизиқарли видеоролик намойишидан сўнг, илмий семинарнинг асосий маърузачиси сифатида Жаҳон иқтисодиёти кафедраси катта ўқитувчиси Д. Эргашев “Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистон миллий иқтисодиётида тутган ўрни” мавзусини очиб берди.

 Маърузачининг мавзуга доир сўнгги статистикаларга бой, жуда қизиқарли тақдимотидан сўнг илмий семинарнинг савол-жавоб қисмига ўтилди. Талабалар ва вебинар тингловчилари ўзларини қизиқтирган ўндан ортиқ саволларга маърузачидан кенг, атрофлича жавоб олдилар.

Илмий семинар охирида бундай тадбирларни келажакда доимий равишда ташкил этиб туриш ва маърузачилар билан илмий-амалий ҳамкорликни сақлаб қолиш тўғрисида келишиб олинди.

Онлайн илмий семинарда қарийб икки юзга яқин тингловчилар қатнашди. Жумладан, ТДИУ профессор-ўқитувчилари, Корпоратив бошқарув факультети ходимлари, кафедра мудирлари ва магистрантлар ҳамда талабалар иштирок этди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Хотин-қизлар масалалари бўйича кенгаши томонидан “Миллий либос – маънавият кўзгуси” мавзусидаги маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Садриддин Худойқулов, Хотин-қизлар масалалари бўйича кенгаши раиси Дилобар Рўзиева, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти катта ўқитувчиси Нозима Артикбаева сўзга чиқиб, ёш авлодга замонавий таълим бериш билан биргаликда, уларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитетни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор бериш қаратиш лозимлигини алоҳида таъкилаб ўтдилар. Таълим даргоҳларида кийиниш маданиятига ҳам катта эътибор бериш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканлиги қайд этилди.

Шундан сўнг Иқтисодиёт, Молия ва бухгалтерия ҳисоби ҳамда Халқаро туризм факултетлари талабалари миллий либослар ва уларни ҳудудлар кесимида тақдимот қилдилар.

“Таълим муассасаларида кийиниш маданияти” мавзусидаги тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

 Маълумки кийим-кечаклар халқларнинг тарихи билан узвий боғлиқ. Улар бирон бир элат тарихига бориб тақаладиган анъаналар, ижтимоий муносабатлар, маърифий, диний ва эстетик шаклларнинг айрим унсурлари ифодаланади. Шундан келиб чиқиб, “Миллий либос элементларини замонавий либосларда қўлланилиши” мавзусидаги тақдимотда атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либосларимизнинг кўркам ва хушбичимлиги, ўзига хослиги ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Тадбир барча учун керакли фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида янги лойиҳа амалиётга жорий этилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида Корпоратив бошқарув факультети профессор-ўқитувчилари иштирок этди. Семинарда таълим беришда ноанъанавий ёндашувлар, қизиқарли машғулотлар олиб бориш методлари, бизнес режалар тузиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш йўллари кенг муҳокама қилинди.

“Teacher’s coaching” семинарини ташкил этишдан мақсад касб малакасига эга бўлиш ёки унинг даражасини тасдиқлаш имконини берадиган компетенция марказларини ташкил этишга қаратилган. Бунда таёрланаётган талабаларни фақат диплом ёки сертификат учун ўқишга эмас, балки танланган мутахассислик бўйича малакали кадр сифатида ўзини намоён этишига имконият яратилади.

Семинар ташкилотчиси, Корпоратив бошқарув факультети декани Улуғбек Ҳолиқовнинг маълумот беришича, бугунги ислоҳотларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши жамият ҳаётига кириб келаётган ёш кадрларнинг салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бугун барча соҳалардаги каби таълим соҳасида ҳам кенг ўзгаришлар олиб борилаяпти. Айни ташкил этган семинар талабаларга таълим бериб келаётган педагогик жамоамизнинг малакасини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли. Шунинг учун таълим соҳасида етакчи бўлган ва бизнес лойиҳалари муваффақият қозонган маърузачиларни жалб қилдик. Ўйлаймизки, семинар давомида ўзлаштириладиган тажриба ва таълим беришнинг янги методлари педагогларимиз фаолиятида фойдали бўлади.

Семинарда “Таълим жараёнида намоён бўладиган шахс хулқининг психологик механизмлари”, “Қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкин?” каби мавзулар интерактив таълим методлари орқали очиб берилди. “EDU MASTER” ўқув  маркази раҳбари Умиджон Ишмухамедовнинг маҳорат дарси, оралиқ вақтлардаги мусиқий танаффуслар тадбирнинг қизиқарли ўтишига хизмат қилди.

Семинарнинг иккинчи кунида қатнашчиларнинг Бўстонлиқ туманидаги “Amirsoy Resort” тоғ-чанғи курортига ташрифи ташкил этилди. Бунда иштирокчилар ўзларининг яширин истеъдордларини намоён этиб, тоғнинг мусаффо ҳавосида ҳордиқ чиардилар.

Ташкилотчилар томонидан берилган “Ўз маҳоратингни синаб кўр”, “Ўзингни юқорида ҳис эт” шартлари асосида семинар қатнашчилари спорт ўйинлари, мусиқий маҳоратлари, қўшиқ куйлаш ва рақс тушиш борасидаги истеъдодларини намоён этдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги Қаландар Ходжаевич Абдурахмоновнинг “Меҳнат иқтисодиёти: назария ва амалиёт” дарслиги Буюк Британиянинг Лондон илмий нашриёт уйи (London Scientific Publishing House) томонидан нашр этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Бугун яна бир хушхабар олдик. Ушбу дарслик Индонезияда, маҳаллий тилга таржима қилиниб, Гунадарма университетининг “Penerbit Gunadarma” нашриёти томонидан “Ekonomi Ketenagakerjaan: Teori dan Praktek” номи билан чоп этилди.

Ҳозирги кунда ушбу дарсликдан Индонезия олий таълим муассасаларида меҳнат иқтисодиётини ўқитишда асосий қўлланма сифатида фойдаланилмоқда.

Ўзбек академигининг илмий тадқиқотлари натижаси, яратган назарияси бундай юксак эътироф этилиши фахр-ифтихор туйғусини бағишлайди.

Устозимиз Қаландар Ходжаевични ушбу халқаро даражадаги эътирофли мувафаққиятларини муборакбод этамиз!

 

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази, шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари иштирок этди.

Давра суҳбати Президент Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 2020 йил 10 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисидаги нутқида кўтарилган масалалар ва долзарб таклифларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди.

 
archive.php