Oy: Oktabr 2020

Бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлигини таъминлаш янги авлод кадрларини етиштириш масаласи билан чамбарчас боғлиқ. Бу ўз навбатида дунёдаги замонавий ўқув дастурлари ва ўқитиш методикаларини ўрганиш орқали ёшларни фикрлашга чорлайдиган методика асосида ўқитишни ташкил этишни тақозо этади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғор ҳисобланган Финландия тажрибаси асосида янги авлод кадрларини тайёрлаш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Финландиянинг Турку амалий фанлар университети раҳбарияти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан бўлиб ўтган видеомулоқот шаклидаги учрашув давомида таълим ва илм-фан орқали мамлакатимизни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшадиган малакали мутахассислар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, мазкур университетлар ўртасида икки томонлама диплом берувчи қўшма таълим дастурини жорий қилиш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Унга кўра, 2021 йил январь ойидан Турку амалий фанлар университети билан қўшма таълим дастури доирасида дастлабки қабулини бошлаш режалаштирилди.

Элатиб ўтамиз, ушбу дастур ҳамкорлари Европанинг энг машҳур тадбиркори Питер Вестербака, Финландиянининг Finest Future компанияси, Финландиянинг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ҳисобланади. Дастурни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги яқиндан кўмак бермоқда.

Дастурнинг ўзига хослиги шундан иборатки, унда талабалар 1+3 шаклида таълим оладилар ҳамда Финландия компанияларига ишга қабул қилинадилар. Яъни, дастур иштирокчилари дастлабки 1 йил Ўзбекистонда ва кейинги 3 йил Финландияда таълим оладилар. Шунинг билан бирга ўқиш даврида Финландия компанияларида амалиёт ўтайдилар. Ушбу дастурни тамомлаган битирувчилар ўз соҳалари бўйича Финландия компанияларида ишга қабул қилинишлари белгиланган.

Дастлабки келишувларга кўра қўшма таълим дастури бакалавриат босқтчида “Дастурий маҳандислик ва тадбирколик” ҳамда “Бизнес ахборот технологиялари ва тадбиркорлик” таълим йўналишлари бўйича талабаларни қабул қилиши режалаштирилган.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари кафедрасининг “Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари” (“Цифровая экономика и информационные технологии”, “Digital economy and information technology”) электрон илмий журнали 2020 йил 1-сон учун илмий мақолалар қабул қилиш жараёнини бошлади.

Журналга қуйидаги йўналишлар кесимида илмий мақолалар торшириш мумкин:

Рақамли иқтисодиётни тартибга солишнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари;

Рақамли иқтисодиёт инфратузилмасини ривожлантириш;

Рақамли иқтисодиёт учун кадрлар масаласи;

Рақамли ва инновацион технологиялар;

Рақамли иқтисодиётда ахборот хавфсизлиги.

Мақолалар, ўзбек, рус ва инглиз тилларида журналнинг http://dgeconomy.tsue.uz/?page_id=50 манзилида келтирилган талаблар асосида қабул қилинади.

Изоҳ: Журнал Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 2020 йил 27 октябрдаги №1124 рақамли гувоҳномаси билан Оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шунингдек, 2021 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАКнинг “Иқтисодиёт фанлари” бўйича Фан доктори (DSc) ва фалсафа фанлари доктори (PhD) илмий даражасига талабгорларнинг диссертация ишлари илмий натижалари юзасидан илмий мақолалар эълон қилиниши лозим бўлган Республика илмий журналлари рўйхатига киритиш режалаштирилган.

Сиз, уйингиздан чиқмай туриб, бу форумнинг иштирокчисига айланишингиз мумкин. Агар ҳаракатни ҳозирдан бошласангиз, улар сафида, албатта, сиз ҳам бўласиз.

Ўтказилиш санаси: 2020 йил 16 – 17 Ноябр

Ўтказилиш жойи: ZOOM платформаси

Онлайн форумнинг мақсади нимадан иборат дейсизми?

  • Сизнинг лидерлик қобилиятингизни оширишга кўмаклашиш;
  • ёш менежерлар билан хориж транспорт соҳасини таҳлил қилиб, ўрганишингизга кўмаклашамиз ва албатта, «Келажакдаги Ўзбекистон Транспорт соҳасини ривожлантириш стратегияси»ни биргаликда тузамиз, амалий ва назарий кўмаклашамиз;
  • ташаббуслар, лойиҳалар ҳақида маълумот алмашинишни осонлаштириш;
  • ёшларда «Стратегик ва инновацион менежмент» ни шакллантириш бизнинг мақсадимиздир.

Иштирокчилар қуйидаги йўналишлар бўйича ариза топширишлари мумкин:

Темир йўл компаниялар иқтисодиёти – 50 нафар (ўзбек тилида);

Ҳаво йўл компаниялар иқтисодиёти – 50 нафар (ўзбек тилида);

Автомобил компаниялар иқтисодиёти – 50 нафар (рус тилида);

Логистика компаниялар иқтисодиёти – 50 нафар (инглиз тилида);

«Глобаллашув шароитида Марказий Осиё минтақасида транспорт – транзит йўлаклари интеграциялашуви ва унинг иқтисодий самарадорлиги» – 50 нафар (ўзбек тилида).

Шошилинг, ўринлар сони чекланган. Смартфонингизни қўлингизга олингда тезда “Transport” сўзини @Digital_transport_2020 профили орқали регистрациядан ўтинг ва бизнинг сафимизга қўшилинг.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Агентликнинг марказий ва ҳудудий органлари масъул ходимлари, иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг ходимлар билан ишловчи раҳбар ходимлари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Таъкидландики, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Айниқса, давлат бошқаруви учун истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, замонавий бошқарув тамойилларини пухта эгаллаши учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда уларнинг етакчилик қобилиятини шакллантириш орқали рақобатбардош ва малакали кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, уларни мутахассислиги бўйича касбга йўналтириш, шунингдек, битирувчилар бандлигини таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳам ўзининг долзарблиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари ва битирувчиларининг етакчилик, тадбиркорлик борасидаги қобилиятини алоҳида интервьюлар уюштириш ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини умумлаштириш орқали ўрганиш, иш берувчи ташкилотларнинг кадрлар хизматлари билан мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг ечими бўйича ҳамкорликдаги тизимли фаолиятни йўлга қўйишдан иборат.

Очиқ мулоқот сўнгида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу келишув ўз ичига Агентлик салоҳиятидан университетда янги авлод кадрларини мақсадли тайёрлашда фойдаланиш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлашга янгича ёндошиш, замонавий таълим дастурлари яратиш, шунингдек бошқарув, инсон ресурсларини бошқариш, кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишларида методик ёрдам кўрсатиш, амалиёт ва стажировкалар ташкил этиш, инновацион илмий тадқиқотларга оид фаолиятни такомиллаштириш мақсадларини қамраб олган.

   

ТДИУ ахборот хизмати

ЁДЖУ техника институтидан ўқишини Тошкент давлат иқтисодиёт университетига кўчираётган 1-курс 1-семестрида академик қарздорлиги (FAIL) мавжуд бўлган талабалар диққатига!

Тошкент шаҳридаги ЁДЖУ техника институти 19-24 октябрь кунлари бўлиб ўтган қайта топшириш имтиҳон натижаларини 28 октябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетига тақдим этганлигини маълум қиламиз.

Мазкур имтиҳон натижалари билан 2020 йил 29 октябрдан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ахборот ресурс марказининг мажлислар залига келиб танишишингиз мумкин.

ЁДЖУ техника институтида 19-24 октябрь кунлари бўлиб ўтган қайта топшириш имтиҳон натижалари билан қуйида танишишингиз мумкин:

Ёджу-натижалар.pdf  

Таълимдаги ислоҳотлар келажакда катта самаралар беришини ривожланган мамлакатлар тажрибаси яққол исботлаб турибди. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан ҳам ушбу соҳа ривожига жиддий аҳамият қаратилган ҳолда, бу масалага барча куч-имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Президенимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Олий таълимни ривожлантиришга қаратилган мазкур бош концепцияда яқин истиқболда республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритишга эришиш мақсад этиб белгилаб қўйилди. Ушбу вазифани амалга ошириш борасида олий таълим муассасалари томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, асосий эътибор таълимнинг мазмунини тубдан ўзгартириш, иш берувчилар талабидан келиб чиқиб кадрларни тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаоллигини яна кўтариш, хорижий талабалар ва педагог-ўқитувчиларнинг дарс беришларини таъминлашга қаратилмоқда.

Хорижий олий таълим муассасаларининг ўқув, ўқув-услубий ва илмий тадқиқот соҳалари ривожланишини таъминлашга хизмат қилиб келаётган илғор тажрибалари, хусусан кредит-модуль тизимига ўтиш билан боғлиқ амалий ишлар бошлаб юборилди. Республикамизда фаолият юритаётган 30 дан ортиқ олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилидан биринчи курс талабаларининг янги тизим, яъни таълимни бошқаришнинг кредит-модуль тизими асосида таҳсил олишлари учун барча ўқув-услубий, ташкилий масалалар муҳайё этилди. Жумладан, ушбу тизим асосида олий таълим даргоҳларида талабаларга хизмат кўрсатишнинг энг қулай ҳамда самарали механизми — “регистратор офис”лар ташкил этилмоқда.

Ҳозирги кунда кредит-модуль тизими жорий қилинмаган аксарият маҳаллий олий ўқув юртларида таълим жараёнини уюштириш ҳамда талабаларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалалари ОТМнинг бир нечта ички тузилмалари томонидан алоҳида амалга оширилади. Масалан, талабага ўқиш жойидан маълумотнома керак бўлса, у одатда деканат эшигини тақиллатади. Ўқув шартнома тўлови масаласи бўйича эса маркетинг ёки молия бўлимига югуради. Диплом иловаси нусхаси ёки дипломини олиш учун кадрлар бўлими ёки яна деканат эшиги олдида сарғайиб туришига тўғри келиши мумкин. Талаба бирор-бир имтиҳондан қолиб кетган бўлса, қайта имтиҳон учун у яна деканат ёки ўқув бўлими эшигига боради. Бунда талабанинг мурожаати қай даражада кўриб чиқилиши ўша бўлимлардаги масъул ходимнинг вақтига ва баъзида эса, унинг кайфиятига ёки танишлигига боғлиқ. Университетнинг талабалар билан муносабатлари бу тарзда ташкил этилганлиги кўп ҳолатларда сансалорлик ҳамда коррупцияга ҳам йўл очади. Ўз ишини вақтида битишини хоҳлаган талаба тегишли бўлимга ҳеч бўлмаса битта “плитка шоколад” билан кириши бу йиллар давомида шаклланган “анъана” десак, хато бўлмайди. Аслида, бундай хизматларнинг барчаси талабаларга тезкор тарзда, ҳеч қандай миннатсиз ва таниш-билишсиз амалга оширилиши керак бўлган хизмат турлари сирасига киради.

«Регистратор офис» қандай вазифаларни бажаради?

Таълимнинг кредит-модуль тизимини “регистратор офис”сиз тасаввур қилиб бўлмайди. Эндиликда талаба ҳар ўқув йили ва семестр бошида ўз ўқув дастурини шакллантириш имкониятига эга бўлмокда. Талабалар танлов фанларига рўйхатдан ўтиши ёки уларни ўзгартиришни, асосан онлайн тарзда амалга оширса-да, маълумотларни онлайн қайд этиш, уларни мувофиқлаштириб турувчи тузилмага эҳтиёж туғилади. Бундан ташқари, талаба муайян фан бўйича имтиҳондан йиқилиб, уни қайта топшириши ёки фанни қайта ўқишига тўғри келса, бундай мурожаатлар кимга, қай тарзда берилади деган саволлар туғилади. Ва ниҳоят талаба муайян фандан олган баҳосидан норози бўлиб апелляция ҳуқуқини амалга оширмоқчи бўлса, бундай мурожаатларни қабул қилиш, қайд этиш ҳамда йўналтирувчи тузилмага зарурат пайдо бўлади. Буларнинг барчаси маълум маънода марказлашган маълумотлар базасига эга бўлиш ва уларни бошқаришни тақозо этади.

Pивожланган давлатлар университетлари амалиётида бу каби хизматларнинг аксарияти “регистратор офис” томонидан амалга оширилади. “Registrar’s office” университетдаги ўзига хос бўлинма ҳисобланиб, у университет талабаларига ўқишга қабул қилинган кундан бошлаб, ўқишни битиргунга қадар таълим жараёни билан боғлиқ барча маъмурий масалада тўғридан-тўғри хизмат кўрсатувчи марказлашган маъмурий тузилмадир. Айрим олий таълим муассасаларида ушбу тузилмани яна “талабалар хизмати” (student services), “талабалар хизмати нуқтаси” (student service point) деб ҳам аташади.

“Регистратор офис”ни, бошқача айтганда, олий таълим муассасасинини “ягона дарчаси” дейиш ҳам мумкин Ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳукумати томонидан аҳоли билан ишлашда “ягона дарча” амалиёти қанчалик қулайлик ва ижобий натижалар олиб келаётган бўлса, олий ўқув юртларида ҳам “регистратор офис”нинг ташкил этилишидан ҳам шундай натижалар кутиш мумкин. Яъни ушбу тузилма ОТМ асосий хизматларини талабаларга бир жойдан туриб, тезкор, самарали ва шаффоф тарзда амалга ошириш ниятини яратади.

Талабаларга тезкор сифатли хизмат кўрсатиш

“Регистратор офис” оркали талабаларга қуйидаги хизматлар амалга оширилади:

— бўлғуси талабалар ва уларнинг яқинларига ОТМдаги дастурлар ҳақида маълумот бериш (Orientations);

— ўқишга қабул қилинган талабаларни қайд этиш (Enrollments);

— ўқув дастуридаги ўқув йили ёки семестр фанларига рўйхатдан ўтказиш (Course registrations);

— талабаларнинг фанлар бўйича баҳо ва кредитларини қайд қилиш (Grade registration);

— талабаларга ўқиш жойидан маълумономалар бериш (Confirmation letters);

— талабаларга битирув дипломи ва диплом иловаларини тақдим этиш (Transcripts & diplomas);

— талабалар учун стипендия ва молиявий ёрдам кўрсатиш (Processing financial aid applications);

— талабаларнинг ўқиш шартнима тўловларини қабул қилиш (Processing tuition fee payments);

— университетнинг академик режасини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш (development of academic calendars);

— университетнинг дастур каталогларини ишлаб чиқиш жараёнини мувофиқлаштириш (overseeing course catalogue development);

— талабалар ва ўқув дастурлари бўйича статистик маълумотларни юритиш ҳамда шаффоф тарзда чоп этиш.

Хуллас, “регистратор офис”га талабалар юқорида белгиланган барча масала бўйича мурожаат қилади. Ушбу тизим мавжуд ОТМда талабалар ўқув маскани раҳбарияти ёки факультет декани қабулига ҳар хил маъмурий саволлар билан мурожаат қилишларига ҳожат қолмайди. Деканатнинг ҳам ўзининг энг муҳим вазифалари билан шуғулланишига имконияти бўлади. Бу тизимда талабага ҳам университетда ўз ўқиши билан боғлиқ масалалар бўйича, асосан дарс аудиториялари, кутубхона ва “регистратор офис”дан бошқа жойга мурожаат қилишига эҳтиёж туғилмайди. Улар деканат, маркетинг бўлими ёки бошқа бўлимларнинг эшиги ёнида ўз илтимоси жавобини кутиб, вақтини беҳудага совурмайди. Ҳозирги кунда эса биргина деканат мисолида оладиган бўлсак, бу ерда айнан талабалар билан ишлаш учун масъул ходимлар ажратилмаган бу каби мурожаатларни одатда деканатда фаолият юритаётган котибалар бўш вақтларида амалга оширади. Бу тизим яна ОТМда майда коррупция элеменлари шаклланишига ҳам сабаб бўлади.

“Регистратор офис” АҚШ, Канада ҳамда Европанинг деярли барча университет, коллеж ва баъзи ҳолатларда ҳатто мактабларида ҳам ташкил этилган. Америка ҳамда Англия олий таълим масканларида бу бўлим даставвал талабалар баҳоларини ягона жойда сақлаш ва уни тартибга солиш мақсадида очилган бўлса, кейинчалик унинг вазифалари кенгайтирилган.

“Регистратор офис” ҳар томонлама қулай, бир пайтнинг ўзида бир нечта талабага хизмат кўрсатиши мумкин бўлган шароитларга эга бинода жойлашиши керак. Бундан ташқари, унда электрон тизим интеграциялашуви жуда яхши йўлга қўйилган бўлиши шарт. Чунки талабалар мурожаатлари, асосан электрон тарзда ҳал этилади.

Бундан ташқари, кўпгина ОТМда ҳалигача талабалар баҳоларини рейтинг дафтарчасига қайд этиб бориш тизими мавжуд. Аслида, талаба онлайн режимда ўз академик карьерасини кузатиб борадиган ягона электрон база бўлиши зарур. Европа, Америка ва Осиёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида бу ишлар ягона марказлашган бўлим томонидан амалга оширилади. Яхши университет деганда ўзининг кучли профессор-ўқитувчилари ёрдамида таълимни тўғри йўлга қўйиш билан бирга, талабаларга яратилган қулайликлар ҳам назарда тутилади.

Қисқача айтадиган бўлсак, “регистратор офис”нинг ташкил этилиши университетда маъмурий бошқариш тизимининг янада шаффофлашувига, талабалар мурожаатларининг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишига хизмат қилади. Зеро, талабанинг ОТМга киришдан асосий мақсади, бу — билим олиш. Унинг вақти маъмурий муаммолар билан боғлиқ югур-югурларга, сансалорликларга сарф бўлмаслиги керак.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори,

Техника фанлари доктори, профессор

«Халқ сўзи» газетаси, 2020 йил 27 октябрь, 226-сон

Жамиятимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш ишига биринчи даражали масала сифатида қаралмоқда. Шу боис, “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган дастурий ғоя асосида ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш ўта шарафли вазифадир.

Бунинг учун маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади.

Ҳаёти ва ижодини ўрганишимиз зарур бўлган маърифатпарвар боболаримиздан бири — XIX аср охири ва ХХ аср бошларида тараққийпарвар ўзбек ижтимоий тафаккури ва адабиёти намояндалари орасида олдинги сафларда турувчи Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли Муқимийдир. Ўзбек ёзувчиси, шоир, сатирачи, ўзбек реализми асосчиларидан бири бўлган мутафаккирнинг “Муқимий” тахаллуси — “доимийлик” маъносини англатади.

Муқимий 1850 йил Қўқонда, новвой Мирзахўжа оиласида таваллуд топган. Отаси тошкентлик, онаси Ойшабиби хўжандлик ичида, Қўқонда яшаб қолганлар. Оилада беш фарзанд ичида, Муқимий ёлғиз ўғил эди. Новвойлик билан оила тебратувчи Мирзахўжа фарзандининг савод чиқаришига жиддий эътибор берган бўлса, шеъриятга иштиёқ ва қобилиятининг шаклланишида онаси Ойшабибининг ўрни бениҳоя каттадир. Ойшабиби ажойиб таълимга эга, оғзаки ижодни жуда яхши билган иқтидорли шоира бўлган. Айнан шу аёл туфайли Муқимийда шоирона иқтидор ривожланади, аёл ўғлини Алишер Навоий, Жомий каби ижодкорлар қиёфасида шарқ мумтоз адабиёти билан таништиради ва умрининг охирига қадар уларга бўлган муҳаббати сақланиб қолади.

Ўзининг биринчи шеърини ўн ёшида ёзган Муқимий 1872-1873 йилларда маҳалла мактаби ва Бухородаги Ҳоким ойим мадрасасида таълим олади. 1876 йилда уни битириб Қўқонга қайтади, оила қуради. Хатми мадраса қилган Муқимий аввалига Қўқон ер ўлчаш маҳкамасида мирзалик қиларкан, ўз вазифасига кўра, Қўқон ва унинг атрофидаги қишлоқларга тез-тез чиқиб, деҳқонларнинг турмуш шароитлари, аянчли аҳволи билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Лекин у ер маҳкамасида узоқ ишлай олмади. Аммо бу муддатнинг ўзи ҳам шоир ҳаёти ва дунёқарашида сезиларли из қолдирди.

Ўша пайтлари Ўрта Осиё қишлоқ ва шаҳарларида яшовчи меҳнаткашлар эксплуатация қилинар, қулликдан эзилар, миллий мустамлака зулмини тортар ва оқибатда аянчли, оч-ялонғоч кун кечирмоққа мажбур бўлардилар. Солиқлар эса узлуксиз кўпайиб борарди. Бу эса кенг халқ оммасида жуда кучли норозиликлар туғдирди, баъзан бу норозиликлар очиқ ҳужум тусини олди ва ҳатто чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши қуролли қўзғолонга ҳам айланди. Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги ижтимоий ҳаётидаги муҳим масалалар халқ оммаси орасидан чиққан ва халқ билан бевосита боғланган зиёлилар, ёзувчилар ва муаллимлар ижодида ўз аксини топа бошлади.

Отаси вафотидан сўнг Муқимийнинг аҳволи оғирлашади. Шундай бўлса-да, бир неча бор Тошкентга саёҳат қилиб (1887-1892), янгиликлар билан танишади. Тошкент маданий ва адабий ҳаётини чуқур ўрганган Алмайи, Нодим каби илғор руҳдаги ижодкорлар билан алоқа боғлаб, ижодий ҳамкорлик қилади.

Муқимий ижодини ўрганиш, асарларини тўплаш ва нашр эттириш у ҳаётлик давридаёқ бошланган эди. У Марказий Осиёда ҳали унчалик мустаҳкамланмаган янги демократик адабиёт оқимининг энг буюк вакили сифатида ўзбек халқи тарихидан ўрин олган. У ўзининг бадиий асарларида кенг омманинг кайфиятларини ифода қилди, маърифатпарвар кишилар билан бирга дунёвий билимларни эгаллаш, яхши ҳаёт кечириш, айниқса, деҳқонлар аҳволини яхшилаш учун кураш олиб борди. Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон чор Россияси мустамлакасига айлантирилган шароитда қалам тебратган Муқимий ижоди чин маънода халқчилдир. У эзилган меҳнаткаш омма, бечора косибу ҳунармандлар ва хонавайрон деҳқонларнинг оташин куйчиси бўлиб майдонга чиқди.

У яшаб ижод этган давр ҳаёти мураккаб эди. Бундай муҳит Муқимий ижодига кучли таъсир кўрсатди. Ижодининг илк даврида қисман шаклбозлик унсурлари, санъатпардозлик майлларига берилиш ҳам учрайди. Лекин тезда бу хил анъаналардан воз кечиб, жамиятдаги иллатлар, эскилик ақидаларига танқидий назар билан қаради. Навоий, Жомий, Низомий ва Фузулийдан ўрганди, улар ғазалларига мухаммаслар боғлади. Жомийни ўзига устоз билди. Мумтоз шоирлар анъаналарини давом эттирди. Ўзбек адабиётида демократик йўналишнинг вужудга келиши ва шаклланиши Муқимий номи билан боғлиқ. У бошлиқ Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар, Комил каби илғор фикрли шоирлар ўзбек адабиёти тарихида янги саҳифа очдилар.

Мустамлака тузумидаги адолатсизлик ва зўравонликни, жорий тартиб-қоидаларни халқона услубда аёвсиз қоралаган шоир ўлкамиз истиқболига ишонч билан қаради. Муқимийнинг асарларида инсоний ишқ-муҳаббат улуғланади, иймон-эътиқод, ҳалоллик, сахийлик, покдомонлик, элпарварлик, дўстлик, она табиат гўзалликларидан завқланиш, висол онларининг лаззатлари ва ҳижрон азоб-уқубатлари ишонарли лавҳаларда жуда таъсирчан ифодаланади.

Муқимий шеърларининг туб моҳиятини инсон кечинмалари, севинч ва аламлари, истак ва армонлари, курашлари ташкил этган. Уларда дўстлик, садоқат, самимият, вафодорлик, сабот ва матонат улуғланган ва булар орқали шоир кишиларда яхши хусусиятларни тарбиялашга интилган. Адолатли ва бахтли замонни орзу қилган, шундай кунлар келишига ишонган (“Келур охир сени ҳам йўқлагудек бир замон яхши” ва бошқалар.) Ҳасрат, шикоят, норозилик мотивлари мавжуд бўлган шеърларида ҳам келажакка ишонч, фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу-идеаллари акс этган.

“Дар мардуми Оқжар батариқи мухаммас” асаридан маълум бўлишича, Муқимий 1870 йилнинг охирларида Қўқоннинг ғарби-шимолидаги Сирдарё ёқасида жойлашган Оқжар паромида паттачи бўлиб ишлаган. Бу янги вазифа ҳам шоирга меҳнаткаш омма вакиллари, қишлоқ деҳқонларининг турмуш шароитлари билан бевосита танишиш имконини берди. Қаттиққўл, муттаҳам паром хўжайинлари билан келиша олмаган Муқимий XIX асрнинг 80-йиллари бошларида Қўқонга қайтади. Оилавий ҳаётда ҳам фароғат топмаган шоир ҳовлини ташлаб, ўша Бегвачча маҳалласида Ҳазрат мадрасаси ҳужрасига кўчиб чиқади ва умрининг охирига қадар муҳтожликда, ўз таъбири билан айтганда, ўша “ҳужраи танг ва торликда бекаслик ва ғариблик чироғини ёқиб” умр ўтказади. Шу вақтдан бошлаб Муқимий бутун вақтини ижодий иш, шахсий мутолаага бағишлади, ҳуснихат ва котиблик билан шуғулланди. Зокиржон Фурқат гувоҳлигига кўра, бу йилларда Қўқонда муттасил равишда ҳаракат қилган адабий йиғин-анжуман ишларига Муқимий йирик ижодкорлар Муҳаир, Завқий, Нисбатий қаторида фаол қатнашади, давр адабий ҳаракатига етакчилик қилади. Доимий моддий етишмовчилик, яшаш шароитининг ниҳоятда оғирлиги шоир соғлиғига путур етказади, у оғир дардларга чалинади. Шоир меросида даврдан, машаққатли турмушдан, оғир тақдиру забун толедан шикоят, мунису ҳамдард йўқлигидан нолиш оҳанглари кенг ўрин тута бошлайди.

Муқимийнинг илғор дунёқараши, фаровон ҳаёт ва озод жамият, инсоф ва адолат, баркамол инсон ва инсонийлик, иймон-эътиқод ва эрк ҳақидаги орзу-интилишлари билан мустамлака шароити, мавжуд адолатсиз тузум, зўравонлик ҳукмрон бўлган замона ўртасидаги жиддий зиддият, юксак идеал билан разил борлиқ ўртасидаги номутаносиблик унинг ижодида воқеаликка нисбатан кескин танқидий муносабатнинг узил-кесил шаклланишига олиб келди.

Бу унинг ҳажвиётида кўпроқ акс этган. Ҳажвиёти мазмунан сатира ва юморга бўлинади. Сатираларида чор амалдорлар, айрим маҳаллий бойларнинг кирдикорлари очиб ташланган (“Танобчилар” ва бошқалар). “Сайлов”, “Дар мазаммати замона” ва бошқаларда ўлкага кириб келаётган капиталистик ва ғайриахлоқий муносабатлар ҳамда уларнинг оқибатлари кўрсатилган. Муқимий ҳажвиёти учун “хомашёни”, аввало, чоризм ўрнатган мустамлакачилик тартиби, ҳукмрон адолатсизлик ва зўравонлик, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг топталиши, чор ва маҳаллий амалдорларнинг ўзбошимчалиги ва шафқатсизлиги, алдамчилик ва ахлоқий тубанликлар берди. Меҳнаткаш омма, ҳунармандларнинг оғир иқтисодий аҳволи, мустамлака зулми остидаги шаҳар-қишлоқларнинг вайронага айланиши, ночор шахс тақдири Муқимий ҳажвиётида етакчи ўринни эгаллайди.

Шоир ўзбек адабиёти тарихида ижтимоий-сиёсий ҳажвиётнинг асосчиларидан бири бўлиб майдонга чиқди. Унинг қатор ҳажвияларини шу йўналишнинг етук намуналари сирасига қўйиш мумкин. “Танобчилар”, “Воқеаи кўр Ашурбой Ҳоти”, “Московчи бой” каби ҳажвияларида мустамлака тузуми учун хос бўлган ҳаётий мавзулар — жамиятдаги ижтимоий тенгсизлик, табақаланиш, ҳукмрон адолатсизлик каби жуда жиддий масалалар таҳлил этилдики, бу Муқимий ҳажвиётининг сиёсий йўналиши ва ғоявий камолотидан гувоҳлик беради.

Муқимий от, арава, лой, безгак каби мавзуларда 30 га яқин ҳажвий асар яратган. Уларда турмушнинг қолоқ ва чиркин жиҳатлари, ижтимоий онгдаги нуқсонлар устидан кулган, мустамлакачилик азоби, харобаликни заҳархандалик билан тасвирлаган. “Девонамен”, “Кўсамен”, “Ҳайрон қилди лой”, “Шикояти безар” ва бошқа бир қатор ҳажвияларда жамият ҳаётидаги ўзгаришларга янгича муносабат акс этган (“Таърифи печ”, “Ароба қурсин”, “Лой” ва бошқалар).

У илғор зиёли сифатида дунёвий ҳаёт ни тан олди, аскетизмни инкор этди. Маиший бузуқларни қоралади, ҳунарни, дунёвий билимларни ўрганишга даъват қилди, жаҳолатпараст муллалар, “авлиёлар”ни танқид қилди, бебошликка, зўравонликка, зулмга қарши қаттиқ норозилик билдирди. Унинг қарашлари нақадар танқидий бўлишига қарамай, мушоҳада характерида бўлиб, бирмунча либерал ғоялар билан суғорилган эди. Демак, ўзига хос фалсафий, тарихий шарт-шароитлар туфайли, ўша вақтларда ўзбек деҳқонлари ва шаҳар камбағаллари ижтимоий асосининг бўшлиги сабабли Муқимий демократ даражасигача кўтарила олмади.

Адиб ўз даврининг кундалик меҳнатларида юксак даражали сатирик асарлар яратди, бу асарларда у эксплуататор синфлар вакилларининг ҳақиқий юзини очиб ташлади, ХХ аср бошларидаги ўзбек танқидий ижтимоий тафаккурини ўткирлаштирди, илдамлаштирди. Ўша даврдаги ўзбек тараққийпарвар ижтимоий тафаккури ва адабиёти ривожланишининг тарихини англамоқ учун машҳур демократ шоир, ватанпарвар ва мутафаккир Муқимийнинг ижодини, албатта, чуқур ўрганмоқ зарур. Муқимий бу жиҳатдан қараганда, ўзбек адабиётида мистикага, клерикал ғояларга қарши ўлароқ, реализм йўлини олға сурди.

Рус тарихчи, антрополог олими, Туркистоннинг дастлабки тадқиқотчиларидан бири Николай Петрович Остроумов (1846-1930) Қўқонда бўлган вақтларида ўзбек ҳофизларининг қўшиқларини эшитган ва бу ҳақдаги ўз таассуротларини қуйидагича баён этган: “Бу учта ашулачи бир қанча ашулалар, шу жумладан, “Викторбой” деган сатирик ашулани ҳам айтди. Ашулачилар қўлларига патнус олиб, жуда ҳам завқланиб жўр қилишди, кўчалардаги тўда-тўда одамлар мароқ билан тинглашди”.

Юқоридаги маълумот шундан далолат берадики, Муқимий XIX асрнинг 90-йилларидаёқ сатирик шоир сифатида халқ орасида машҳур бўлган. Муқимий сатираси камбағаллар устидан зулм ўтказиш ва ўғирлик йўли билан орттирадиган мулкдорлар синфининг иккиюзламачилигини, макр-ҳийласини ва очкўзлигини моҳирона фош қилиб беради. “Туркистон вилоятининг газети”да 1891 йил 26 октябрдаги 41-сонида Муқимийнинг “Навбаҳор” шеъри босилди. Муқимийнинг бу шеъри унинг бошқа шеърлари каби қувноқ руҳ ва янги фикрлар билан тўла эди.

1893 йилда Муқимийнинг биринчи қўлёзма “Баёз”и чиқди. Бунда унинг лирик шеърлари, Навоий, Жомий, Бедил ва бошқа шоирларнинг ғазалларига бағишланган мухаммаслари киритилган.

Муқимий ўзбек адабиётига ишчилар мавзусини олиб кирди, типлар галереяси ни яратди. Унинг “Танобчилар”, “Московчи бой таърифида”, “Воқеаи Виктор”, “Тўй”, “Баччағар” ва “Саёҳатнома” шеърлари чуқур таҳлил қилинган. Турли шаҳар ва қишлоқларга қилган саёҳатлари таассуротлари асосидаги 4 қисмли “Саёҳатнома” асари енгил, ўйноқи вазнда ёзилган, 4 мисрали бандлардан ташкил топган. Унда халқ турмушининг оғирлиги, қишлоқларнинг вайроналиги реалистик тасвирланган.

Шоирнинг таржимаи ҳолини ёзган кишиларнинг маълумотига қараганда, кўпинча у шаҳар бўйлаб ва, айниқса, камбағаллар, ҳунармандлар, фақирлар турадиган маҳаллаларда пиёда кезиб юришни яхши кўрган.

Муқимий табиатни, баҳорни, севгини, ҳаёт нашидасини улуғлайди, Шарқ поэзиясининг истиорасидан фойдаланиб, ўз замонасидаги меҳнат аҳлининг оғир мусибатини кўрсатади. Муқимийнинг ижоди, фикрлари, қарашлари, орзу-хаёллари ва интилишлари ўз замонасидаги ижтимоий шароитлар маҳсулидир.

XIX аср охирлари ва ХХ аср бошлари миллий адабиётимизда юмористик йўналишнинг ривожланишида ҳам Муқимийнинг ижодий фаолияти жуда катта бўлди. Шоир қўлида кулги қўпол қаҳқаҳа ёки шунчаки хушчақчақлик, бачкана мутойиба эмас, балки ҳаётдаги қолоқ, тараққиётга тўсиқ ғовларни, шахслар онги ва табиатидаги ожизлик ва салбий белгиларни, хунук феъл-атвор ва ўринсиз хатти-ҳаракатларни қоралаш, танбеҳ бериш, огоҳлантириш вазифасини ўтаган.

Умуман, ўзбек адабиёти ва ижтимоий тафаккури тарихида Муқимийнинг хизматлари ниҳоятда катта. Шу билан бирга, унинг ижтимоий-сиёсий ва фалсафий қарашларида маълум чекланганлик, зиддиятлар мавжудлигини ўша даврдаги тарихий, ижтимоий-сиёсий ва маърифий муҳит даражасидан келиб чиқиб баҳоласак, тўғри бўлади.

Исмоил САИФНАЗАРОВ, профессор

Азамат МУХТОРОВ, профессор

Биз нима учун охирги вақтларда коррупцияга қарши курашиш ҳақида кўп гапиряпмиз? Чунки тараққиётнинг глобаллашуви даврида бу масала дунё давлатлари олдидаги энг ўткир муаммолардан бирига айланди. У нафақат ривожланган, балки ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, халқаро ташкилотлар фаолиятига дахлдор глобал таҳдид тусига кирди, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-­сессиясидаги нутқида бу масаланинг юртимиз миқёсидаги аҳамиятига тўхталар экан, “Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди. Бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди”, дея алоҳида таъкидлади. Юксак халқаро минбарда туриб айтилган бу сўзлар мамлакатимизда ушбу иллатга қарши бошланган аёвсиз курашдан дарак бўлиб, коррупцияни таг­томири билан йўқотиш шу юртда яшайдиган ҳар бир инсон ҳаёти билан боғлиқ масаладир. Аслида коррупцияга қарши кураш жаҳон халқларининг қадимий муаммоларидан бири саналади. Бу иллатнинг қачон пайдо бўлгани тўғрисида аниқ маълумотлар бўлмаса­да, унга қарши курашга ўтган асрнинг 60­йилларидан халқаро миқёсда жиддий эътибор қаратила бошлагани манбаларда келтирилади. Бу вақтда коррупцияга қарши кучли таъсир қуроли сифатида оммавий ахборот воситалари майдонга чиқди. Ҳозир бу борада самарали натижаларга эришган давлатлар сафига Норвегия, Швеция, Дания, Люксембург, Нидерландия, Швейцария, Австрия, Сингапур кабиларни киритиш мумкин. XIX аср ўрталарида АҚШда давлат амалдорларининг порахўрлиги, яъни қинғир ишлари фош қилинса, улар истеъфога чиқарилган. Бугунги кунга келиб улар ўзлари кечирим сўраб, истеъфо берганини маълум қилмоқда. Японияда агар ҳукумат аъзоси коррупцияда айбланса, ҳукуматнинг барча аъзолари истеъфо беради. Бундан ташқари, Европанинг бир қатор мамлакатларида пора билан қўлга тушган амалдор нафақат ўз лавозимидан, балки пенсиядан ҳам маҳрум этилади. Маълумотларга кўра, жаҳонда коррупция билан боғлиқ жиноятлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Бу савдо­иқтисодий муносабатларнинг кенгайиши, чегараларнинг очилиши, халқаро жиноятчи тўдаларнинг ташкил этилиши, ноқонуний бой иш ёки бошқа салбий ҳолатларни юзага келтириши мумкин. Айни пайтда коррупция, айниқса, иқтисодий ўтиш даврини бошдан кечираётган мамлакатлар учун жиддий муаммо бўлиб, мазкур ҳолатдан Ўзбекистон ҳам мустасно эмас. Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунё ялпи ички маҳсулотига нисбатан яширин иқтисодиётнинг улуши 35-­40 фоизни ташкил қилади.

Коррупция турланадими?

Коррупция нафақат яширин, балки келишувчанлик табиатига ҳам эга. У одатда шикоятга ўрин қолдирмайди, зеро, иккала айбдор томон ҳам мазкур ноқонуний келишувдан яхшигина фойда олади. Ҳаттоки таъмагирлик билан пора талаб қилиниши устидан ҳар доим ҳам шикоят қилинмайди, чунки турли мамлакатлардаги одамлар коррупция билан курашиш жараёнига ишончсизлик билан қарайдилар. Бу ҳолатларга етарли даражада объектив ва субъектив ҳамда миллий ва халқаро асослар мавжуд. Коррупция ҳаракатлари одатда давлат фаолиятининг жуда мураккаб ўзига хос ва махфий турларида амалга оширилади. У ниҳоятда мослашувчанлик хусусиятига эга. Тинмай тусини ўзгартириб, турланиб, мукаммаллашиб боради. Яширинлик — унинг асосий хусусияти. Бунда махфийликнинг юқори даражадалигини сабаблар билан тушунтириш мумкин. Объектив сабабларга коррупциявий жиноятларнинг кўпчилигида қонунга зид ҳаракатларнинг салбий оқибатларини аниқлаш деярли мумкин эмаслиги киради. Одатда барча иштирокчилар ўз фойдаларини олади, шу сабабли бу жиноят ва унинг очилишидан манфаатдор эмаслар, чунки жиноий жавобгарликка тортилишлари лозим бўлади. Бундан ташқари, кўп ҳолларда жиноятнинг сабаблари кўзга ташланмайди. Бинобарин, пора берганлик учун қонуний ҳаракатлар амалга оширилади ёки бирор бир нарса қонундан ташқари деб эълон қилинган ҳолларда пора бозор муносабатларини тиклашга ёрдам берувчи энг асосий восита — пора иқтисодини эркин бозор ҳолатига яқинлаштиради. Бунда у тажовузкор ҳамда ҳимоя порасига ажратилади. Бошқа томондан, мутлақ ёки квази­мутлақ рухсат олиш учун берилган пора ортида қолган бошқалар учун мазкур соҳа фаолияти ёпиқ ҳисобланади, бу тажовузкор порага мисолдир. Пораларнинг биринчи тури — бу эркин бозор томон, иккинчи тури — эркин бозордан орқага ҳаракат демак. Махфий коррупциявий жиноятларнинг субъектив сабаблари ушбу ижтимоий ҳодисага қаршилик кўрсатиш ва курашишнинг қатъий йўналтирилган давлат сиёсатининг йўқлиги, мазкур фаолиятга жалб этилган ходимларнинг профессионаллик даражаси етарли эмаслиги, жамиятда ўрнатилган этник нормаларнинг номувофиқлиги, давлат хизматига кираётган кишиларнинг, энг аввало, маънавий ахлоқ талабларига мос келмаслигидир.

Ҳаёт шуни кўрсатадики, бугун нафақат коррупцияни тақиқлайдиган қонунларни қабул қилиш, балки ушбу қонунлар ҳақиқатдан ҳам амалиётда қўлланилаётганини тасдиқловчи муайян бир далил­исботларни ҳам тақдим этиш лозим.

Таълимдаги коррупция — залолат илдизи

Айниқса, таълим муассасаларида учраётган коррупцион ҳолатлар бу иллатга қарши ҳаракатларни нафақат пучга чиқаради, балки янги­янги “коррупция ниҳоллари”ни ўстириши ачинарли ҳол. Келажакка энг катта таҳдид мана шу аслида. Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Хўп, фарзандимизни осон йўл билан ўқишга киритишга эришдик, натижа нима бўлди? Олдимизда янада каттароқ муаммолар пайдо бўлмайдими? Ўқиш давомида ҳам бу иллат унга ҳамроҳ бўлиши табиий. Ўзини ҳурмат қилган иш берувчига қуруқ дипломи бору билими йўқ кадр керакми? Бу бугунги дунё тенденцияси. Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциясиз таълим тизимини ташкил этиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб бориляпти. Биргина Тошкент давлат иқтисодиёт университетида БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисобдор ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси кўмагида дунёнинг тўртта йирик аудит ва консалтинг муассасаларидан бири бўлган КПМГ халқаро компанияси билан биргаликда коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Албатта, бу ишларнинг замирида фарзандларимиз учун илм­маърифат муҳитини яратиб, келажакда уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига эришиш мақсади ётади.

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг амалий қадамлари

Давлат даражасидаги ҳар қандай қарор ёки қонунни қабул қилишда жамоатчилик фикрини билиш демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири саналади. Бугун Ўзбекистонда ана шу тизимни самарали йўлга қўйишга қаратилган амалий ишлар олиб бориляпти. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши ушбу йўналишда тўпланиб қолган муаммолар ечимини топишда ташланган катта қадам бўлди, десак янглишмаймиз. Негаки, бошқарув жараёнида ихтисослашган тузилманинг бўлиши тизимли ишлар учун кенг йўл очади. Бунинг натижасида янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотлар самарадорлиги ошади. Бундай механизми орқали кенг жамоатчилик Ўзбекистондаги ислоҳотларда фаол иштирок этади, адолатли рақобат муҳити яратилади. Инвесторларнинг ўз лойиҳалари билан бозор қонунлари воситасида иқтисодиёт секторларида иштирок этишига рағбат уйғотади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарор лойиҳаси ҳам кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун белгиланган миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш кўзда тутиляпти. Давлат бюджетидан ушбу мақсадларга ҳар йили ўрта ҳисобда қўшимча 300­500 миллион сўм маблағ талаб этилиши айтилмоқда. Албатта, ғоят машаққатли ва тинимсиз курашиш талаб этиладиган мазкур ишларнинг барини чуқур ўйланган ислоҳотлар асосида самарали бажариш мумкин. Фақат бу умумхалқ ишига кенг жамоатчиликни ҳам жалб қилишимиз, уларда янгиланаётган Ўзбекистондаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини уйғотишимиз керак. Шундагина коррупция каби иллатларнинг илдизига болта уриб, юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга эришамиз.

Бекдавлат АЛИЕВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,

фалсафа фанлари доктори

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг амалий ижросини тўлиқ таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4841 қарори ҳамда 2019 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4210-сон қарорларининг ижросига илмий-услубий кўмаклашиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси Uzbridge электрон журналида Илмий мақолалар чоп этишни режалаштирмоқда.

Uzbridge электрон журналининг 2020 йил 4-махсус сонини нашр этиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси мақолалар қабул қилишини эълон қилади.

2020 йил 20 ноябрга қадар Жамғарма барча олимлар, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда қизиқувчилардан “Ўзбекистон Республикасининг жаҳон аренасида ҳамда халқаро иқтисодий рейтингларда муносиб ўрин эгаллашининг назарий ва амалий жиҳатлари” мавзусига оид мақолалар қабул қилишини эълон қилади.

Мақолалар Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини ошириш, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг турли халқаро рейтинглардаги иштироки, халқаро рейтингларда тутган ўринини янада яхшилаш, шунингдек, инновацион ривожлантириш йўналишларига қаратилган илмий ва амалий маълумотларни ўз ичига олган бўлиши лозим.

Мақолаларда хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилашга қаратилган қарорларининг ижросига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Илмий мақолаларга талаблар:

Илмий мақолалар “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкилий қўмитасига 2020 йил 20 ноябрга қадар электрон вариантда такдим этилиши лозим. Мақолалар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланиб 7 саҳифадан кам ва 20 саҳифадан кўп бўлмаслиги лозим.

Мақолалар мавзуга оид илмий-амалий тавсияларни ўз ичига олган ҳолда Microsoft Word гарнитура,  Times New Roman 14 шрифтда, 1.5 интервал ва А4 (210*297) форматда, ўлчамлари: юқори ва қуйи қисмидан 2 см, чап томондан 3 см ҳамда ўнг томондан 1.5 см бўлиши талаб этилади.

Мақолаларни тайёрлаш тартиби билан танишиш мақсадида Uzbridge электрон журнали https://uzbridge.eyuf.uz расмий интернет сайтига мурожаат қилишингиз сўралади.

Мазкур электрон журналда чоп этилган мақолалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссия томонидан тан олинади.

Мақолаларда келтирилган фикр – мулоҳаза ва статистик маълумотларга муаллиф(лар) жавобгар ҳисобланади. Кўрсатилган талабларга жавоб берган илмий мақолалар “Эл-юрт умиди” жамғармаси Uzbridge электрон журналининг 2020 йил 4-махсус сонида чоп этилади. Талабга жавоб бермаган ва юқорида кўрсатилган муддатдан кечикиб топширилган мақолалар нашр этилмайди.

Муаллифлар тайёрлаган илмий мақолаларини uzbridge@eyuf.uz электрон почта манзилига юборишларини сўраймиз.

Экспертлар хулосасига кўра чоп этилган 10 та энг яхши мақолаларнинг муаллифларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилади!!!

Мурожаат учун тел.: +998 71 203 00 51

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Халқаро тажрибага эга, Хиндистоннинг Жавоҳарлар Неру университетида PhD ҳимоя қилган, Эконометрика, Статистика ва Ахборот технологиялари соҳасидаги етакчи мисрлик олим доктор Ahmed Mohamed Aziz Ismail ўз меҳнат фаолиятини бошлади.

Бу ҳақда, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов, Ўқув ишлари бўйича проректор Мансур Эшов, Халқаро бизнесни бошқаришкафедраси мудири Дилшоджон Раҳмонов ва Ahmed Mohamed Aziz Ismail иштирокида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жаноб Ahmed Mohamed Aziz Ismail Миср Араб Республикасининг Бенха университетида бакалаврр ва магистр академик даражалари олган. Педагогик фаолияти давомида Миср, Ҳиндистон каби давлатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида талабаларга таълим берган.

Эндиликда доктор  AHMED MOHAMED AZIZ ISMAIL Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Австрия Кремс АФУ қўшма таълим дастури негизидаги Халқаро бизнесни бошқариш кафедраси профессори сифатида фаолият олиб боради.

 
archive.php