Ҳурматли профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва қадрли талабалар!
Сизларни ва яқинларингизни энг буюк, энг азиз байрамимиз, “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида нишонлаётганимиз – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги айёми билан самимий муборакбод этамиз. Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака ва фаровонлик тилаймиз.
Жаҳон миқёсидаги пандемия ва глобал иқтисодий турғунлик давом этаётганига қарамасдан, давлатимиз раҳбарияти томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида дунёнинг саноқли мамлакатларигагина насиб қилган иқтисодий барқарорлик сақланиб қолинди. Одамларимизнинг саломатлигини асрашга алоҳида эътибор қаратилиб, тизимли ишлар олиб борилди.
Албатта, бугунги синовлар таълим тизимини ҳам четлаб ўтмади. Биз учун ноодатий шароитда ишлашга мажбур бўлдик. Жараён ютуқлар билан бирга камчиликлардан ҳам ҳоли бўлмади. Буларнинг биргина ечими тўпланган билим, шаклланган кўникма ва орттирилган хулосаларни ягона мақсад сари йўналтириш, илм ҳамда тажрибаларни самарали уйғунлаштира олишдир. Даврнинг, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз керак, эканлигини тўла англаб етишимиз лозим. Ўйлаймизки бу синовлардан халқимизга хос сифатлар – жасорат ва мардлик, она юртга муҳаббат ва садоқат, тўғри тарбия ва амалий намуна билан мардонавор ўтиб оламиз.
Хабарингиз бор, мамлакатимизда коррупциясиз таълим тизимини ташкил этиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаяпти. Бу борада Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ҳам ўз стратегик йўналиши белгилаб олинган бўлиб, БМТнинг Тараққиёт дастури «Ўзбекистонда самарали, ҳисобдор ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш» лойиҳаси кўмагида дунёнинг тўртта йирик аудит ва консалтинг муассасаларидан бири бўлган КПМГ халқаро компанияси билан биргаликда коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Албатта, бу ишларнинг замирида фарзандларимизни илм-маърифат муҳитини яратиб, келажакда уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига эришишдир.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бу борадаги қатъий позицияси шуки – коррупцияга қўл урган ва унга мойиллиги бор шахсларга орамизда асло жой йўқ.
Бошланадиган ўқув йилидан дунёнинг илғор таълим тизими асосида ўқитиш жорий қилинади. Октябрь ойидан ўқишни бошлайдиган биринчи босқичга қабул қилинган талабаларимиз кредит-модуль тизимида таҳсил олишни бошлайди. Мустақил таълим олиш тизимида билим бериш ва таҳсил олиш барча йўналишларда фаолиятга босқичма-босқич жорий этилади.
Олдимизда турган олий мақсад – илғор кадрларни тайёрлаш, уларни меҳнат бозори талабларига мувофиқ рақобатдошлигини ошириш, ижодий фикрлайдиган мутахассисларни етиштириш масаласида барча-барчага улкан муваффақиятлар тилаймиз!
Сизларни Мустақиллик куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга, эл-юртимизга файзу барака тилаймиз.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори