Эзгу мақсадларга хизмат қилади

Ҳозирги кунда дунёнинг 100 га яқин мамлакатларида 10 миллиондан зиёд ватандошларимиз истиқомат қилади. Улар томонидан 170 дан ортиқ маданий марказлар ташкил этилган.

Сўнгги йилларда хориждаги ватандошлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда уларнинг иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ва ҳар томонлама ҳимоя қилишга кўмак бериш борасида муҳим ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимиз Президентининг “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ана шу ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлиб, унда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватан атрофида янада жипслаштириш, уларни қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимизнинг салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қамраб олинган.

Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда Қозоғистоннинг “Отандастар” жамғармаси, Россиянинг “Русский мир” жамғармаси, Жанубий Кореянинг Хориждаги ватандошлар ишлари бўйича жамғармаси, Австриянинг Хориждаги Австрия фуқароларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва бошқа шу йўналишдаги жамғармалар фаолияти ўрганилди ва таҳлил қилинди.

Қарорга биноан, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилоти — “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилиши белгиланди.

Хўш, фонд қандай юмушлар билан шуғулланади, унинг фаолияти асосий йўналишлари нималардан иборат бўлади? Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш; халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилган ҳолда, хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш; хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолияти қўллаб-қувватлаш; юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш; хориждаги ватандошларнинг чет элдаги илмий ва ижодий, Ўзбекистондаги тадбиркорлик, инестициявий, илмий, маданий-маърифий фаолиятига кўмаклашиш ва бошқа вазифалар фонднинг асосий йўналишидир.

“Ватандошлар” жамоат фонди ўз фаопиятини бошлаши учун Молия вазирлиги орқали Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан 5 миллиард сўм ажратилади. Келгусида фонд фаолиятини молиялаштириш давлат субсидияси ва давлат ижтимоий буюртмалари, муассислар ажратадиган маблағлар, ҳомийлик хайриялари, грантлар ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Фонд Васийлик кенгаши машҳур шоир ва ёзувчилар, санъат, театр ва спорт арбоблари, миллий маданий марказлар вакиллари, дипломатик тажрибага эга ходимлар, соҳага масъул давлат органлари ва нодавлат тижорат ташкилотлари раҳбарларидан иборат таркибда шакллантирилади. Давлат органлари раҳбарларига фонд фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар юклатилади. Мисол учун республикамиз ҳудудида тадбиркорлик, инестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга жалб қилинган ватандошларга тегишли лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилади.

Шу билан бирга, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш шартларига кўра, Ўзбекистон фуқароларига тенглаштириш ҳам назарда тутилган.

Мухтасар айтганда, мазкур ҳужжат хориждаги ватандошларимизни мамлакатимиз иқтисодиёти, ижтимоий соҳа, илм-фан маданият, спорт ва бошқа йўналишларни ривожлантириш, ўзларининг тарихий Ватани — Ўзбекистонинг обрўсини ошириш ҳамда унинг ташқи дунё билан муносабатларини мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшишга чорлайди ва ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Исмоил САИФНАЗАРОВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор.

 

Манба: “Халқ сўзи” газетаси, 2021 йил 13 август, 170-сон.

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php