Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Лондон университети (University of London) ҳамкорлигидаги International School of Economics and Finance (ISEF) қўшма таълим дастурига 2021/2022 ўқув йили учун қабул бошланди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети бир йилга яқин муддат давомида олиб борилган музокаралар натижасида Лондон Университети (University of London) ва Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) билан келишувга эришиб, ҳамкорликда ISEF қўшма таълим дастурини йўлга қўйди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Буюк Британиянинг Лондон университети (University of London) ҳамкорлигида International School of Economics and Finance (ISEF)  қўшма таълим дастурида академик раҳбарлик London School of Economics and Political Science (LSE) томонидан амалга оширилади. Қўшма таълим дастури битирувчилари Тошкент давлат иқтисодиёт университети  ва Лондон университети (University of London) дипломларига эга бўладилар.

Сайтимизда ушбу жараёнлар батафсил ёритиб келинмоқда. Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби ( LSE ) билан меморандум имзолангни ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Лондон университети (University of London) ҳамкорлигида қўшма таълим дастури йўлга қўйилиши муносабати билан  бўлиб ўтган матбуот анжумани ҳақида мақолалар чоп этилган эди. Сўнгги ярим йил мобайнида Ўзбекистон олий таълим тизими учун жуда муҳим келишув сифатида қаралган ушбу қўшма дастурнинг аҳамияти нимада?

Қўшма таълим дастурида ўқитиш жараёни тўлиқ инглиз тилида бўлиб, ўқув режалари, фан дастурлари ва ўқув материаллари Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) академик раҳбарилигида ишлаб чиқилади. Якуний назорат синовлари Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) профессорлари томонидан таёрланади ва мустақил баҳоланади. Йил сўнгида якуний назорат синовларини Британия кенгаши (British Council) назоратида ўтказилади. Бу эса, ўқитиш жараёнида шаффофлик ва таълим сифатини таъминлайди.

Буюк Британиянинг 17 та нуфузли олий таълим муассасаларидан иборат Лондон университети (University of London) федерацияси кенгаши Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда йўлга қўйилган мазкур дастурни маъқуллаб,  уни International School of Economics and Finance (ISEF) номи билан юритилувчи  ўзининг тан олинган Ўзбекистондаги халқаро қўшма таълим дастури мақомини берди, шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб қабул жараёнини амалга оширишга рухсат берди.

Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) ҳақида нималарни биламиз? Унинг халқаро рейтингларда тутган ўрнига назар солайлик:

Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (London School of Economics and Political Science) нуфузли олий таълим муассасаси сифатида Times higher Education халқаро рейтингида 27-ўринни эгаллаб келмоқда. QS халқаро рейтингида Ижтимоий фанлар ва менежмент бўйича дунёда 2-ўрин, Бухгалтерия ва молия йўналиши бўйича дунёда 4-ўринни, Иқтисодиёт ва эконометрика йўналиши бўйича эса 6-ўринни эгаллайди. Шунингдек, QS Европа рейтингида  Ижтимоий фанлар ва менежмент, Бухгалтерия ва молия ҳамда Иқтисодиёт ва эконометрика йўналишлари  бўйича 1-ўринни эгаллайди.

Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) Лондон университети (University of London) федерацияси аъзоси бўлганлиги учун ўзининг халқаро қўшма таълим дастурларини ушбу федерация аъзоси сифатида амалга оширади.

 

 

Мазкур қўшма таълим дастурида ўқиш давомийлиги 4 йилни ташкил этиб, талабалар биринчи ўқув йилида Foundation босқичида таҳсил олишади. Таълимнинг 2-3-4 ўқув йилларида талабалар LSE академик рахбарлиги асосида UoL дастурлари бўйича таҳсил олишади. 2021/2022 ўқув йили 1 босқичини (Foundation) муваффақиятли тамомлаган талабалар ўқишларини иккинчи босқичдан қуйидаги йўналишлар бўйича давом эттиришлари мумкин бўлади:

  • Бухгалтерия ҳисоби ва молия (BSc Accounting and Finance);
  • Банк иши ва молия (BSc Banking and Finance);
  • Иқтисодиёт (BSc Economics).

Аҳамиятлиси шундаки, 1 босқични (Foundation) тамомлаганда бериладиган махсус диплом билан талабалар ISEF қўшма дастури йўналишларидан ташқари  Буюк Британия ҳамда Европанинг бошқа университетлари бакалавр босқичида ҳам таҳсил олишлари мумкин. Foundation ўқув режалари ва фан дастурлари ТДИУ томонидан тайёрланган бўлиб, LSE томонидан ўқув жараёнида фойдаланиш учун маъқулланган.

Шу ўринда қўшма таълим дастурининг  ижрочи директори профессор Gavin Kretzschmar нинг фикрларини келтириб ўтсак:

“Юқори рейтинга эга бўлган LSE академик раҳбарлиги остидаги UoL дастурлари олий таълимни  тўлиқ ижобий томонга ўзгартириш салоҳияти ва қудратига эга.

Ота-оналарга ишонч билан айтишимиз мумкинки, UoL ва LSE билан ҳамкорлик ўзбекистонлик талабалар ўз ватанлари Ўзбекистонда жаҳон даражасидаги бакалавр дастурлари бўйича таълим олиш имкониятига эга бўладилар.

Ишончим комилки, ISEF талабаларининг имкониятлари ва ютуқлари чексиз бўлади, чунки ISEFда ҳар доим талабаларга сифатли таълим ва мукаммалликни ўргатишга эътибор қаратилади.

Шу ўринда яна бир бор ISEF жамоасини ушбу дастурнинг йўлга қўйилиши билан табриклаймиз, бу ҳақиқатдан ҳам ТДИУ – ISEF жамоасининг ажойиб ютуғи!

UoL – LSE дастурларини муваффақиятли амалга оширишда ISEF профессор-ўқитувчилари ва талабаларига раҳбарлик қилиш ва уларни қўллаб -қувватлаш бўйича UoL ва ISEF нинг таклифини қабул қилишдан мамнунман”.

 

 

Ҳужжатларни қабул қилиш онлайн режимда ISEF қўшма таълим дастури веб-сайти орқали амалга оширилмоқда. Абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида ҳужжатларни қабул қилиш ва кириш имтиҳонларни топшириш (2 август – 7 сентябрь оралиғида) 3 маротаба ташкил этилади.

Аризалар умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус (академик лицей) ёки профессионал таълим (коллеж) муассасаларини тугатган абитуриентлардан қабул қилинади.

 

 

Кириш имтиҳонлари 2 босқичдан иборат:

1-босқич: Онлайн ариза топширган ва аризалари қабул қилинган барча абитуриентлар ТДИУдаги қўшма дастур кампусида (йўриқномага мувофиқ) имтиҳонда қатнашишга таклиф қилинади. Ушбу босқичда абитуриентларнинг билимлари қуйидаги фанлар бўйича синовдан ўтказилади:

  • Инглиз тили: 30 минут (тест)*
  • Инглиз тили: 30 минут (иншо)*
  • Математика: 45 мин (тест)
  • Мантиқ: 30 мин (тест)

*IELTS (5.0 ва ундан юқори балл) сертификатига ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган инглиз тили сертификатларига эга бўлган абитуриентлар инглиз тили синовларидан озод этилади.

2-босқич: Иккинчи босқичга биринчи босқичда минимал талабни бажарган талабгорлар ISEF қўшма таълим дастури ТДИУ биносига суҳбат учун таклиф этилади. Ушбу босқичда абитуриентлар билан қўшма таълим дастури раҳбарияти инглиз тилида суҳбат ўтказади.

Қўшма таълим дастурида дарс машғулотлари нуфузли хорижий университетларни тамомлаган ва махаллий университетларнинг юқори малакали профессор-ўқитувчилари томонидан инглиз тилида олиб борилади.

Манзил: 100066, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Ислом Каримов кўчаси, 49-уй, ТДИУ маъмурий бино 9-қават.

Телефон: +998 94 648 5015

+998 94 648 5016          

E-mail: info@isef-lseuol.ac 

Веб-сайт: www.isef-lseuol.ac 

Telegram: @isefuz 

Facebook: facebook.com/isefuz 

Instagram: https://instagram.com/isef_lseuol?utm_medium=copy_link 

YouTube: https://www.youtube.com/channel/UCuzfDHw9DAp0biS0qjqvMJQ 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php