Таълим ва туризм интеграцияси

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Туризм ва сервис кафедраси профессор-ўқитувчилари инновацион-корпоратив ҳамкорлик алоқалари доирасида Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти таклифи билан Бўстонлиқ туманига ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида олий таълим академик доира вакиллари ва туризм соҳасининг минтақавий бошқарув тузилмаси, ўрта махсус таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида туризм соҳасида юқори малакали мутахассисларнинг меҳнат бозоридаги касбий рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари, туризм инфратузилмаси объектларини модернизациялашга оид амалий лойиҳаларни рўёбга чиқариш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Бўстонлиқ туризм ва сервис коллежида ўтказилган давра суҳбатида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ўртасида стратегик шериклик меморандуми имзоланди. Коллеж ўқув жараёнига методик ёрдам берилиши ва университет кафедраси профессор-ўқитувчиларининг коллеж педагоглари билан ўқув адабиётларини нашрга тайёрлаши муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Мазкур коллеж ўқувчилари томонидан тайёрланган ижодий ишлар кўргазмаси намойиши ҳам эътирофга сазовор бўлди.

Ташрифнинг навбатдаги манзили – “Seven Tree” дам олиш маскани бўлди. Ушбу объект фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида йиғилганларга батафсил маълумотлар етказилди.

 

Izohlar
Izoh qoldirish