Сифатли таълим бериш олий мақсад, энг муҳими масалага масъулият билан ёндашиш зарур

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожатномасига бағишланган навбатдаги учрашув Тошкент давлат иқтисодёт университетининг Халқаро туризм факултетида бўлиб ўтди.

Учрашувда Тошкент давлат иқтисодёт университети ректори Қўнғиратбой Шарипов, факультет раҳбарияти, кафедра мудирлари ва ўқитувчи-профессорлари иштирок этди.

Учрашув давомида Халқаро туризм факультетининг ушбу жараёндаги иштироки муҳокама қилинди. Ўқитиш жараёнларидаги муоаммолар кўриб чиқилиб, муқобил ечимлар бўйича таклифлар берилди.

Дарсликларнинг ўзбек тилидаги манбалари талабаларнинг замонавий таълим олишини тўла таъминлай олмаслиги етакчи муаммолардан саналиб, соҳага доир халқаро даражадаги илмий адабиёт ва қўлланмаларни олиб келиш ҳамда уларнинг ўзбек тилига таржима қилиш масалалари ҳам кун мавзусида кўриб чиқилди.

Университет ректори бугунги кунда профессор-ўқитувчиларнинг 20 млн сўм ойлик маош олиш имкониятлари ҳақида маълумот бериб ўтди. Бунинг учун профессор-ўқитувчилар доимий иш фаолиятига қўшимча равишда хорижий тилни билиши, халқаро даражадаги журналларда илмий мақолаларни доимий чоп этиб бориши ҳамда ўқув дарсликлар яратиш бўйича амалий ишларни олиб бориши лозимлиги қайд этилди.

Талаба-ёшларнинг ўқиш сифатини ошириш бунинг учун назария ва амалиётнинг узвийлигини таъминлаш борасида ҳам таклифлар кўриб чиқилди. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда берилаётган назарий билимлар амалиётда қўлланилаётган технологиялар, дастурлардан бир қадам ортда қолаяпти. Шундан келиб чиқиб, барча таълим йўналишлари бўйича ўқув-амалий лобораториялар ташкил этиш, иш берувчиларнинг компитенция марказлари фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгилаб олиниб, уни ижро қилиш механизмлари келишиб олинди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Президент Мурожатномасининг мазмун-моҳиятини қуйи бўғимларгача етказиш ва унда белгиланган устувор вазифаларнинг тизимли ижросини таъминлашдир. Шундан келиб чиқиб мазкур учрашувда олий таълим тизими доирасида қилиниши шарт бўлган ишлар юзасидан таклиф ҳамда керакли чоралар бўйича фикр-мулоҳазалар тингланиб, масъул ходимларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php