Сен қанчалар бахтлисан, аёл

Идеал аёл қандай бўлиши керак? Бу саволга ҳозиргача ягона мукаммал жавоб топилган эмас. Чунки мезонлар турфа, ёндашувлар ҳал хил, қарашлар фарқли. Аммо хулосаларни умумлаштирувчи нуқталар бор. Масалан онанинг буюклигини ким инкор эта олади?! Волидасининг меҳрибон, опа- синглисининг оқила, жуфти ҳалолининг гўзал, вафоли, садоқатли, назокатли, келинининг пазанда, чевар, хушмуомала, қизининг илмга чанқоқ, одоб-ахлоқли… бўлишини орзу қилмайдиган одам борми?! Буларнинг бари нозик ҳилқат вакилларининг оила ва жамиятдаги ўрни, бурчу вазифаларига дохил хулосалар.

Давлат сиёсати самаралари

Лeкин бугунги шиддатли давр олдимизга бошқа бир ўта муҳим саволни кўндаланг қўймоқда: хўш, аёлнинг давлат ва жамоат ишларидаги иштироки қандай бўлиши керак? Нима учун опа-сингилларимиз ҳам етакчи сенатор, жонкуяр депутат, ташаббускор раҳбар, илғор тадбиркор, ҳам намунали оила бекаси бўла олмасликлари керак? Aна шу вазифаларнинг барини баб-баробар олиб бораётган эзгу фазилатлари билан ҳам оиласи, ҳам фаолиятини қойиллатиб келаётганларни аслида идеал хотин-қизлар сифатида эътироф этгим келади.

Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи кўтарилган дастлабки паллаларда буни нотўғри талқин этувчилар топилгани эсингиздадир?! Хотин-қизларга кенг ва тенг ҳақ-ҳуқуқлар берилиши эркаклар манфаатларини чеклашини башорат қилувчилар ҳам бўлганди ўшанда. Ҳатто ҳозир ҳам бу ислоҳотлар мазмун-мохиятини теран англаб етолмаганлар борлиги ачинарли. Шунга қарамай, давлатимиз раҳбари янгиланишлар суръатини пасайтирмади. Aксинча, барчамизни фақат ва фақат олдинга шаҳдам қадамлар ташлашга даъват этди. Натижаларга эса ҳозирги кунда барчамиз гувоҳмиз!

Бизда қаннча олима бор?

Илм-фан фидойиликни талаб этади. Ўз оромидан воз кечиб, янгилик яратишга куч топа билганларни чинакам маънавий етук инсонлар деб аташ мумкинми? Албатта, мумкин. Айниқса, фарзандлар тарбияси, рўзғор юмушларидан ортиб, илмнинг этагидан маҳкам тутган опа-сингилларимиз — халқимизнинг бебаҳо хазиналари, десам муболаға бўлмас.

Шу боис юртимизда хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш чоралари кўрилаётир. Уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технлогияларига асосланган дастурий ишланмалари, инновацион ғоялари, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти қўллаб-қувватланмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда юртимизда 3 568 нафар олима аёл бор. Уларнинг 707 нафари фан доктори, 2 412 нафари фан номзоди ва 449 нафари PhD илмий даражасига эга. Қувонарлиси, илмий тадқиқотлар нафақат тиббиёт, иқтисодий-гуманитар фанлар, балки техника ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ҳам қам раб олаётир. Ўз навбатида, бундай опа-сингилларимизнинг изланишлари, янги ишланмалари, инновацион лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани уларни янги-янги марралар сари илҳомлантиряпти.

Яна бир қизиқарли факт: 2020 йилда якунланган 1021 илмий лойиҳанинг 204 таси олима аёлларимиз раҳбарлигида бажарилган. Пировардида “Scopus”, “Web оf Science” индексацияланган маълумотлар базаларидаги илмий журналларда илмий мақолалар нашр этилган ҳамда 74 та интеллектуал мулк объекти (патентлар) рўйхатга олинган.

Айни пайтда эса давлат буюртмаси талабларига мувофиқ, умумий йиллик молиявий ҳажми 45,4 млрд. сўмлик 82 та илмий лойиҳага олима аёлларимиз бош-қош. Эътиборлиси, буларнинг натижасида тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган янги ишланмалар ҳам яратиляпти.

Ихтирочилар yчyн ажойиб танлов

Рақобат бор жойда ривожланиш бўлади. Бинобарин муносиб рағбат ҳам изланишларнинг қаноти. “Олима аёллар грантлари” ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танлови таъсис этилишига айни шу омиллар туртки бўлди. Ҳозирги кунда танловга тақдим этилган 214 та лойиҳа белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиляпти.

Бундан ташқари, фаол, ташаббускор ва лойиҳалар муаллифи бўлган олима аёлларимизни Россия, Беларусь, Қозоғистон Буюк Британия, Япония, Германия, Испания, Туркия, Австрия, Жанубий Корея, Латвия каби давлатларга илмий стажировкаларга юбориш режалаштирилган.

Ҳар бир олима аёлнинг ютуғи — бутун жамият учун фойдали. Жумладан “LOGOS” афазияни тиклашга мўлжалланган ўзбек тилидаги биринчи миллий дастур асосчиси Муниса Расулова 75 млн сўм миқдорида грантни қўлга киритди. “Антифриз ГА- 39” лойиҳаси асосчиси Мафтуна Турдимуродова эса лойиҳасини ривожлантириш       50 млн сўм грант ютиб олди. Эътиборлиси, бундай қизларимиз кўпайиб бораётир. Уларнинг илмий изланишлари эса мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилаётир.

Ўқишга кирсаниз, имтиёз бор

Ҳар бир синфда камида 3-4 нафар аълочи қизлар бўлади. Аммо уларнинг барчаси ҳам мактабни тамомлаган, талабага айланавермайди. Бундай ҳолатлар, айниқса, чекка ва олис қишлоқларда нисбатан кўпроқ эди. Хўш, нега шундай? Гап шундаки, ҳамманинг имконияти ҳар хил. Баъзи оилаларда моддий етишмовчилик мавжуд. Айрим хонадонларда салбий муҳит ҳукмрон. Яна бошқа бир оилада илмга ташна қизлар оила ташвишлари билан ўралашиб қолган Хуллас, иштиёқ бору имконият йўқ эди.

Президентимиз хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотлар жараёнида шу жиҳатни ҳам эътибордан четда қолдирмади. Яъни юртимизда олий таълим муассасаларининг бакалавриатига сингилларимиз учун қўшимча тўрт фоизли давлат гранти ажратилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг белгиланган шаклдаги тавсияномаларига эга бўлган абитуриентлар тест синовлари натижаларига кўра талабаликка қабул қилиниши ҳам зўр янгилик. Ушбу имтиёз амалдаги грант ўринларига таъсир ўтказмайди.

Эътиборлиси, тавсиянома беришнинг алоҳида мезонлари ҳам белгиланган Унга кўра, ушбу имтиёз кам таъминланган оиладан чиққан тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари, шахсий уй-жойга эга бўлмаган ижарада яшаётган оилалар, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида ҳисобда турган ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизларга тақдим этилади.

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php