Мурожаатнома мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинмоқда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда йўллаган Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён этилган давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларини муҳокама қилишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вазирлик раҳбарияти ва ходимлари, Ташқи ишлар вазирлигининг бўйсунувчи ташкилотлари ходимлари, видеоконференцалоқа орқали, хорижий давлатлардаги ўзбекистонлик дипломатлар, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев очди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, фалсафа фанлари доктори Исмоил Саифназаров жорий йилда ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-гуманитар соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишни давом эттириш бўйича Президентнинг Мурожаатномасида белгиланган асосий йўналишлар ва вазифалар тўғрисида маъруза қилди.

Тадбир давомида Мурожаатномада марказий ўринлардан бирини жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш ва модернизация қилишнинг кенг кўламли дастурини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни таъминлашга қодир бўлган самарали ташқи сиёсатни олиб бориш масалалари эгаллаганлиги таъкидланди. Республиканинг ташқи сиёсий стратегиясини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги фаолиятнинг янгиланган концепциясини қабул қилиш зарурлиги кўрсатилган.

Ташқи сиёсий фаолият концепциясининг қабул қилиниши мамлакатнинг барқарор ички ривожланиши учун қулай ташқи муҳитни изчил шакллантиришни тезлаштириш, халқаро майдонда миллий манфаатларни самарали илгари суриш ва жаҳон бозорида мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини изчил оширишга қаратилганлиги таъкидланди.

Тақдимотдан сўнг бўлиб ўтган мунозаралар давомида Ўзбекистоннинг очиқ, ташаббускор ва конструктив ташқи сиёсатининг изчиллигини таъминлаш вазирлик фаолиятида биринчи ўринда туриши таъкидланди. Ташқи сиёсатнинг барча соҳаларида Мурожаатномада белгиланган вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарининг 2021 йилга мўлжалланган иш режасига киритилган. Улар республиканинг тегишли вазирлик ва идоралари ҳамда хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Учрашув якунида дипломатлар давлат тараққиётининг устувор йўналишлари ва Учинчи Уйғониш учун кучли пойдевор яратишда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш жараёнида чет элдаги ватандошларимиз, халқаро шерикларимиз иштироки ва қўллаб-қувватлаши билан республиканинг барча вазирликлари ва идораларининг бирлаштирилган иши зарурлиги тўғрисида бир овоздан фикр билдирдилар.

 

Izohlar
Izoh qoldirish