Мактабларда чуқурлаштирилган қўшимча дарс соатлари ташкил этилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимлари ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик ва интеграцияни, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу жараёнда муносиб иштирок этиш, фаолиятга доир тегишли вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетнинг Сиртқи таълим бўлими ҳамда Умумий ва аниқ фанлар кафедраси профессор-ўқитувчилари Сергели туманида жойлашган 268-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрдилар

Мактаб педагог жамоаси ва ўқувчилари билан бўлиб ўтган учрашувда битирувчиларнинг олий таълимга қамровини ошириш, мактабда таълимни юқори савияда ташкил этиш, ўқув-услубий материаллар ва бошқа ўқув адабиётлари билан таъминлаш бўйича  муаммолар муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган масалалар таҳлил қилиниб, Сиртқи таълим бўлими профессор-ўқитувчиларининг офлайн ва онлайн шаклда олий таълимга тайёрлов курсларини ташкил этиш графиклари,  истиқболли режалар белгилаб олинди.

Маълумот учун, айни кунда мазкур таълим масканида 11-синфда таҳсил олувчилари сони 107 нафарни ташкил этади. Ўтган йилги битирувчилардан 143 нафари олий таълим муассасасида таҳсил олаяпти. Молиявий имконияти мавжуд бўлмагани учун яна 6 нафар битирувчи олий маълумот олиш имкониятидан фойдалана олмаган.

Мазкур кўрсаткичларни яхшилаш мақсадида Математика, Инглиз тили, Ахборот технологиялари фанлари бўйича чуқурлаштирилган қўшимча дарс соатларини ташкил этиш жадвали ишлаб чиқилди ва уни амалга оширишга масъул профессор-ўқитувчилар таркиби тасдиқлаб олинди.

 

Izohlar
Izoh qoldirish