“Иқтисодчи” фахрийлар футбол жамоаси финал йўлланмасини қўлга киритди

Пойтахтимиздаги “Обод” футбол клуби майдонида 50 ва ундан юқори ёшдаги фахрийлар ўртасида қишки мавсум Тошкент шаҳар чемпионатининг дастлабки ярим финал баҳси бўлиб ўтди. Унда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Иқтисодчи” футбол жамоаси ва “Евротим” футбол жамоаси финал йўлланмаси учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Гарчи ҳимоявий ўйин услубида тўп сурган бўлсада, “Евротим” футбол жамоаси учрашувнинг биринчи таймида 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. “Иқтисодчи” футбол жамоаси баҳснинг иккинчи таймида ҳужумга кўпроқ эътибор қаратиб, кучли ирода намойиш этдилар. Учрашув жанговор 3:3 ҳисобида якунланиб, финал йўлланмаси пенальтилар сериясида аниқланди.

Якуний ҳисоб: Иқтисодчи – Евротим 3:3 (пенальтилар серияси — 4:2).

Мусобақанинг финал босқичида “Иқтисодчи” фахрийлар футбол жамоаси “Пахтакор” – “Бунёдкор” жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган баҳс ғолиби билан беллашади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада жами 10 та жамоа гуруҳларга бўлинган ҳолда кейинги босқичга чиқиш учун кураш олиб бордилар. “Иқтисодчи” фахрийлар футбол жамоаси қуръа натижасига кўра «B» гуруҳидан ўрин олиб, иккинчи ўрин билан чорак финал йўлланмасини киритди. Ярим финал учун бўлиб ўтган учрашувда «A» гуруҳи вакили «Эски шаҳар жамоаси 3:0 ҳисобида мағлуб этилди.

Мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 90 йиллигига муносиб совға тайёрлашни ният қилаётган “Иқтисодчи” фахрийлар футбол жамоасига омад тилаб қоламиз.

 

 

 

 

 

 

 

 

Izohlar
Izoh qoldirish