Иқтисодиётда математик методлар кафедрасида илмий мактаб иш бошлади

“Эконометрика ва иқтисодий-математик моделлаштириш” илмий мактаби фаолияти йўлга қўйилди

ЮНЕСКОнинг Билимлар иқтисодиёти кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Турсун Шодиев бошчилигидаги Иқтисодиётда математик методлар кафедрасининг “Эконометрика ва иқтисодий-математик моделлаштириш” илмий мактаби ташкил этилди.

Шу муносабат билан, “Профессор Турсун Шодиевнинг ҳаёт йўли ва илмий-ижодий фаолияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борсида олиб борилаётган ишларнинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтдилар.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида жорий йилда олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилиши ва ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилиши айтиб ўтилди. Бу соҳада меҳнат қилаётганлар учун жуда катта рағбат билан бирга масъулият ҳамдир. Илғор халқаро амалиёт асосида, доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилиши ҳам илм-фан соҳасига бўлган эътиборнинг улкан намунасидир.

2021 йилда таълимнинг барча бўғинларида ушбу фанларни ўқитиш сифатини тубдан ошириш, ихтисослашган мактаблар очиш, малакали педагогларни жалб этиш каби тизимли ишлар амалга оширилади.

Мазкур ишларни амалга оширишда албатта олий таълим муассасаларда илмий мактабларни яратиш муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади. Шу мақсадда, тажрибали профессор-ўқитувчилар ёш олимларга ўз тажрибаларини ўргатиш, илмий ютуқларини оммалаштириш мақсадга мувофиқдир.

Шу муносабат билан ТДИУ «Иқтисодиётда математик методлар» кафедрасида «Фидокорона меҳнатлари» ордени соҳиби, и.ф.д., проф. Турсун Шодиев раҳбарлигида “Эконометрика ва иқтисодий-математик моделлаштириш” илмий мактабини яратилиши муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга.

Ўйлаймизки мазкур мактаб келажакда янги илмий йўналишларда фаолият олиб бориб, республикамиз иқтисодиётидаги мавжуд муаммоларни ечишга кўмаклашади ҳамда кўплаб ёш олимларни етиштириб чиқаради.

Маълумот учун. Профессор Турсун Шодиев “Иқтисодий математик усуллар ва моделлар, эконометрика” йўналишдаги йирик илмий мактаб яратган, нафақат республикамизда, балки чет элларда ҳам танилган иқтисодчи олим ҳисобланади. Т.Шодиев халқаро тоифадаги профессор тарзида АҚШдаги Фулъбрайт профессорлар Ассоциациясининг аъзоси ҳисобланади.

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php