Амударё туманида тарғибот тадбирлари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида туман фаоллари билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Амударё туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил қилинган тадбирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессорлари — Азамат Мухторов, Норбой Каримов иштирок этиб, маъруза қилдилар.

Тумандаги 2-сектор ҳудудида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган тадбирда дастлаб Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида профессор-ўқитувчилар томонидан батафсил тушунчалар берилди.

Маънавий-маърифий тадбирда Халқ таълими тизими вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари масъуллари, ҳудуддаги ташкилот ва корхоналар меҳнат жамоалари вакиллари ҳамда раҳбарлари, тадбиркорлар, мактаблардаги ёшлар етакчилари, тиббиёт соҳаси вакиллари қатнашди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари таъкидлаб ўтганларидек, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакат Парламентига йўллаган Мурожаатнома мамлакатимизнинг жорий йил ва яқин истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи стратегик ҳужжат бўлди. Мурожаатномада баён қилинган вазифалар ижроси халқимиз фаровонлиги ва юртимиз тараққиётида янги саҳифа очиб бериши шубҳасиз. Давлатимиз раҳбари 2020 йилда Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ислоҳотларни таҳлилий баён қилар эканлар, пандемия ва турли техноген офатларга қарамай, Ўзбекистон ўтган йилда кўплаб ижобий натижаларга эришган камдан-кам давлатлардан бири бўлганини ва бу ютуқлар халқаро миқёсда эътироф этилганини таъкидладилар.

Муҳтарам Президентимиз мамлакат тараққиётида таълим ва тарбиянинг ўрни беқиёс эканига алоҳида эътибор қаратиб, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбиядан бошланади” деган ғоя асосида таълим тизимида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилишини таъкидлаб ўтдилар.

Мурожаатномада янги Ўзбекистонни ҳар томонлама етук ва билимли ёшлар билан биргаликда барпо этиш устувор вазифа этиб белгиланди. Президентимиз ташаббуслари билан 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилингани, ҳар бир фуқаро, хусусан, мамлакатимиз ёшларига катта қувонч, фахр ва ифтиҳор бахш этди. Президентимиз мамлакат келажаги ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишларига боғлиқ эканини яна бир бора таъкидлаб, бола туғилганидан то 30 ёшгача етгунича қамраб олинадиган миллий тизим яратиш стратегик вазифа этиб белгиланганини айтиб ўтдилар.

Тадбирда тарғибот гуруҳи аъзолари Мурожаатномада барча йўналишлар бўйича белгилаб берилган вазифаларга кенг турда тўхталиб ўтдилар ҳамда иштирокчиларни жорий йилги давлат дастури ҳамда туман ҳудудий дастурига халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи таклифларни киритишга чақирдилар.

Амударё туманидаги 3-сектор ҳудудида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ҳам тарғибот тадбирлари ташкил қилинди. Маънавий-маърифий тадбирда Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунчалар берилди.

Тадбирда сўз олганлар Мурожаатномада давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш борасида илгари сурилган таклиф ва ғоялар, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга доир белгиланган устувор йўналишлар, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш борасидаги вазифалар, ижтимоий соҳани ривожлантиришга доир илгари сурилган ғоялар ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, Мурожаатномадан ўрин олган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар шарҳи ҳам иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.

Йиғилиш сўнгида тарғиботчилар иштирокчиларни Мурожаатномада кўтарилган вазифаларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшишга даъват қилдилар.

Амударё тумани Давлат солиқ хизмати раҳбари бошчилигидаги 4-сектор ҳудудида ҳам шу каби тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Унда ўтган 2020 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда бу йил амалга оширилидагина устувор вазифалар белгилаб берилди. Мурожаатномада Президентимиз давлат ва жамиятни янада ривожлантириш билан боғлиқ энг асосий йўналишлар, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қатор устувор вазифаларини белгилаб берди.

Маънавий-маърифий тадбирда сўзга чиққанлар Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти, асосий йўналишлари, унда илгари сурилган фикрлар, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши белгиланган асосий вазифалар, уларни самарали ташкил этиш йўллари хусусида иштирокчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берди.

Савол-жавоб, очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир иитирокчилари Мурожаатнома юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди. “2021 йил: янги марралар, якдил қадамлар” шиори остида тумандаги тўртта сектор ҳудудида ўтказилган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари иштирокчилари келгусида ўз овул ва маҳаллалари, меҳнат жамоаларида Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти ва унинг доирасида 2021 йилда амалга ошириладиган улкан ишларни кенг халқ оммасига етказишга ўз ҳиссаларини қўшадилар.

 

Izohlar
Izoh qoldirish