Академик лицей ўқувчилари доимий эътиборда бўлади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ўқув ишлари проректори Мансур Эшов бошчилигидаги университет бўлим бошлиқлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилари ТДИУ академик лицейи педагог жамоаси ҳамда ўқувчи-ёшлари билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида ўқувчиларнинг камида битта хорижий тилни пухта ўзлаштириб чиқишини таъминлаш, математика, ахборот технологиялари, рақамли иқтисодиёт фанларини чуқурлаштирилган ҳолда ўзлаштиришларига кўмак бериш масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу мақсадларга эришиш учун Молия ва бухгалтерия ҳисоби факультети, Амалий математика, Инглиз тили, Хорижий тиллар, Рақамли иқтисодиёт кафедралари таркибида фан тўгаракларини ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди. Қўшимча машғулотларни университет ва академик лицей дарс жадвалларига мос равишда алоҳида тўгарак шаклида ёки ёзги ва қишки мактаблар ташкил этиш орқали ўтказиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди.

Академик лицейда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар бўйича университет профессор-ўқитувчилари салоҳиятидан унумли фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, академик лицейларнинг рейтингида муносиб ўринни эгаллаш, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилиниш кўрсаткичларини ошириш, ўқувчиларнинг нуфузли халқаро ва республика фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида муносиб ўрин эгаллашига шароит яратиш, чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчилар улушини ошириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.

Бундан ташқари илмий даражали, чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган асосий штатдаги педагоглар улушини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун иқтидорли педагогларнинг хорижий мамлакатлар таълим муассасаларида ўз мутахассислиги бўйича қисқа муддатли малака ошириш, шу жумладан онлайн курсларда ўқишини ташкил этилади.

Учрашув давомида ўқувчиларга Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро ҳамкорлик алоқалари, тузилган халқаро қўшма таълим дастурлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.

Кўрилган барча масалалар юзасидан масъул ходимларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.

 

Izohlar
Izoh qoldirish