Академик лицейда таълим сифатини ошириш мақсадида хорижий мамлакатларнинг малакали экспертлари жалб қилинади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Академик лицейида ўқувчиларнинг ота-оналари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўқув ишлари бўйича проректор Мансур Эшов иштирок этиб, Академик лицей фаолиятини яхшилаш, таълим сифатини ошириш, ўқувчилар ва ўқитувчилар учун зарур шароитлар яратиш борасида университет томонидан қилинаётган ишлар, режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратиш, улғайиб келаётган ёш авлоднинг илм-фанга бўлган интилишларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда таълим муассасаси ва ота-оналар ҳамкорлигининг асосий жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтди.

Таъкидландики, Академик лицейда таълим сифатини мунтазам ошириб бориш, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш учун учун университет томонидан жами 2,5 млрд сўм йўналтирилади. Академик лицей фаолиятини такомиллаштириш учун Финландия ва бошқа илғор хорижий мамлакатларнинг малакали экспертларини жалб қилинади. Бу борада амалий ҳаракатлар якуний паллага кирган. Таҳсил олаётган ўқувчиларнинг камида битта хорижий тилни пухта ўзлаштириб чиқиши учун Инглиз тили кафедраси ва Хорижий тиллар кафедраси томонидан қўшимча дарс машғулотлари ўтиладиган тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

Шундан сўнг, Академик лицей ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилиб, куй-қўшиқлар ижро қилинди.

Учрашув якунида таълим олиш давомида фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирганлиги, жамоатчилик ишларидаги фаоллиги, фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда муваффақиятга эришганлиги учун бир гуруҳ Академик лицей ўқувчилари рағбатлантирилди.

                   

Izohlar
Izoh qoldirish