Давлат байроғи – фахрим, ифтихорим

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг 29 йиллиги муносабати билан “Давлат байроғи – Ватан тимсоли” шиори остида “Давлат байроғи – фахрим, ифтихорим” мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирни университет Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Садирдин Худойқулов очиб, иштирокчиларга тадбир ҳақида маълумот берди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази профессори, юридик фанлари доктори Бобоқул Тошев, Ижтимоий гуманитар фанлар кафедраси мудири Азамат Мухторов, профессор Исмоил Шодмонқуловлар маъруза қилдилар.

Таъкидландики, бугун «Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлигига 29 йил тўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган, юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. Мустақил байроғимиз ҳилпирашида халқимизнинг бугуни, ўлмас хотираси, иймон-эътиқоди, келажакка бўлган комил ишончи жилоланади.

Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида юксакларда ҳилпираб туриши барчамизга ифтихор бахш этади.

Тадбир давомида давлат байроғи мазмун-моҳияти ва уни мадҳ этувчи махсус видео роликлар намойиш этилди.

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php