Янги авлод кадрларини мақсадли тайёрлашга қаратилган меморандум имзоланди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Агентликнинг марказий ва ҳудудий органлари масъул ходимлари, иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг ходимлар билан ишловчи раҳбар ходимлари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Таъкидландики, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Айниқса, давлат бошқаруви учун истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, замонавий бошқарув тамойилларини пухта эгаллаши учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда уларнинг етакчилик қобилиятини шакллантириш орқали рақобатбардош ва малакали кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, уларни мутахассислиги бўйича касбга йўналтириш, шунингдек, битирувчилар бандлигини таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳам ўзининг долзарблиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари ва битирувчиларининг етакчилик, тадбиркорлик борасидаги қобилиятини алоҳида интервьюлар уюштириш ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини умумлаштириш орқали ўрганиш, иш берувчи ташкилотларнинг кадрлар хизматлари билан мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг ечими бўйича ҳамкорликдаги тизимли фаолиятни йўлга қўйишдан иборат.

Очиқ мулоқот сўнгида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу келишув ўз ичига Агентлик салоҳиятидан университетда янги авлод кадрларини мақсадли тайёрлашда фойдаланиш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлашга янгича ёндошиш, замонавий таълим дастурлари яратиш, шунингдек бошқарув, инсон ресурсларини бошқариш, кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишларида методик ёрдам кўрсатиш, амалиёт ва стажировкалар ташкил этиш, инновацион илмий тадқиқотларга оид фаолиятни такомиллаштириш мақсадларини қамраб олган.

 

 

ТДИУ ахборот хизмати

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php