Кредит-модуль тизими талабаларга хизмат кўрсатишда қандай қулайликларни яратади ёхуд “регистратор офис” имкониятлари

Таълимдаги ислоҳотлар келажакда катта самаралар беришини ривожланган мамлакатлар тажрибаси яққол исботлаб турибди. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан ҳам ушбу соҳа ривожига жиддий аҳамият қаратилган ҳолда, бу масалага барча куч-имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Президенимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Олий таълимни ривожлантиришга қаратилган мазкур бош концепцияда яқин истиқболда республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритишга эришиш мақсад этиб белгилаб қўйилди. Ушбу вазифани амалга ошириш борасида олий таълим муассасалари томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, асосий эътибор таълимнинг мазмунини тубдан ўзгартириш, иш берувчилар талабидан келиб чиқиб кадрларни тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаоллигини яна кўтариш, хорижий талабалар ва педагог-ўқитувчиларнинг дарс беришларини таъминлашга қаратилмоқда.

Хорижий олий таълим муассасаларининг ўқув, ўқув-услубий ва илмий тадқиқот соҳалари ривожланишини таъминлашга хизмат қилиб келаётган илғор тажрибалари, хусусан кредит-модуль тизимига ўтиш билан боғлиқ амалий ишлар бошлаб юборилди. Республикамизда фаолият юритаётган 30 дан ортиқ олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилидан биринчи курс талабаларининг янги тизим, яъни таълимни бошқаришнинг кредит-модуль тизими асосида таҳсил олишлари учун барча ўқув-услубий, ташкилий масалалар муҳайё этилди. Жумладан, ушбу тизим асосида олий таълим даргоҳларида талабаларга хизмат кўрсатишнинг энг қулай ҳамда самарали механизми — “регистратор офис”лар ташкил этилмоқда.

Ҳозирги кунда кредит-модуль тизими жорий қилинмаган аксарият маҳаллий олий ўқув юртларида таълим жараёнини уюштириш ҳамда талабаларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалалари ОТМнинг бир нечта ички тузилмалари томонидан алоҳида амалга оширилади. Масалан, талабага ўқиш жойидан маълумотнома керак бўлса, у одатда деканат эшигини тақиллатади. Ўқув шартнома тўлови масаласи бўйича эса маркетинг ёки молия бўлимига югуради. Диплом иловаси нусхаси ёки дипломини олиш учун кадрлар бўлими ёки яна деканат эшиги олдида сарғайиб туришига тўғри келиши мумкин. Талаба бирор-бир имтиҳондан қолиб кетган бўлса, қайта имтиҳон учун у яна деканат ёки ўқув бўлими эшигига боради. Бунда талабанинг мурожаати қай даражада кўриб чиқилиши ўша бўлимлардаги масъул ходимнинг вақтига ва баъзида эса, унинг кайфиятига ёки танишлигига боғлиқ. Университетнинг талабалар билан муносабатлари бу тарзда ташкил этилганлиги кўп ҳолатларда сансалорлик ҳамда коррупцияга ҳам йўл очади. Ўз ишини вақтида битишини хоҳлаган талаба тегишли бўлимга ҳеч бўлмаса битта “плитка шоколад” билан кириши бу йиллар давомида шаклланган “анъана” десак, хато бўлмайди. Аслида, бундай хизматларнинг барчаси талабаларга тезкор тарзда, ҳеч қандай миннатсиз ва таниш-билишсиз амалга оширилиши керак бўлган хизмат турлари сирасига киради.

«Регистратор офис» қандай вазифаларни бажаради?

Таълимнинг кредит-модуль тизимини “регистратор офис”сиз тасаввур қилиб бўлмайди. Эндиликда талаба ҳар ўқув йили ва семестр бошида ўз ўқув дастурини шакллантириш имкониятига эга бўлмокда. Талабалар танлов фанларига рўйхатдан ўтиши ёки уларни ўзгартиришни, асосан онлайн тарзда амалга оширса-да, маълумотларни онлайн қайд этиш, уларни мувофиқлаштириб турувчи тузилмага эҳтиёж туғилади. Бундан ташқари, талаба муайян фан бўйича имтиҳондан йиқилиб, уни қайта топшириши ёки фанни қайта ўқишига тўғри келса, бундай мурожаатлар кимга, қай тарзда берилади деган саволлар туғилади. Ва ниҳоят талаба муайян фандан олган баҳосидан норози бўлиб апелляция ҳуқуқини амалга оширмоқчи бўлса, бундай мурожаатларни қабул қилиш, қайд этиш ҳамда йўналтирувчи тузилмага зарурат пайдо бўлади. Буларнинг барчаси маълум маънода марказлашган маълумотлар базасига эга бўлиш ва уларни бошқаришни тақозо этади.

Pивожланган давлатлар университетлари амалиётида бу каби хизматларнинг аксарияти “регистратор офис” томонидан амалга оширилади. “Registrar’s office” университетдаги ўзига хос бўлинма ҳисобланиб, у университет талабаларига ўқишга қабул қилинган кундан бошлаб, ўқишни битиргунга қадар таълим жараёни билан боғлиқ барча маъмурий масалада тўғридан-тўғри хизмат кўрсатувчи марказлашган маъмурий тузилмадир. Айрим олий таълим муассасаларида ушбу тузилмани яна “талабалар хизмати” (student services), “талабалар хизмати нуқтаси” (student service point) деб ҳам аташади.

“Регистратор офис”ни, бошқача айтганда, олий таълим муассасасинини “ягона дарчаси” дейиш ҳам мумкин Ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳукумати томонидан аҳоли билан ишлашда “ягона дарча” амалиёти қанчалик қулайлик ва ижобий натижалар олиб келаётган бўлса, олий ўқув юртларида ҳам “регистратор офис”нинг ташкил этилишидан ҳам шундай натижалар кутиш мумкин. Яъни ушбу тузилма ОТМ асосий хизматларини талабаларга бир жойдан туриб, тезкор, самарали ва шаффоф тарзда амалга ошириш ниятини яратади.

Талабаларга тезкор сифатли хизмат кўрсатиш

“Регистратор офис” оркали талабаларга қуйидаги хизматлар амалга оширилади:

— бўлғуси талабалар ва уларнинг яқинларига ОТМдаги дастурлар ҳақида маълумот бериш (Orientations);

— ўқишга қабул қилинган талабаларни қайд этиш (Enrollments);

— ўқув дастуридаги ўқув йили ёки семестр фанларига рўйхатдан ўтказиш (Course registrations);

— талабаларнинг фанлар бўйича баҳо ва кредитларини қайд қилиш (Grade registration);

— талабаларга ўқиш жойидан маълумономалар бериш (Confirmation letters);

— талабаларга битирув дипломи ва диплом иловаларини тақдим этиш (Transcripts & diplomas);

— талабалар учун стипендия ва молиявий ёрдам кўрсатиш (Processing financial aid applications);

— талабаларнинг ўқиш шартнима тўловларини қабул қилиш (Processing tuition fee payments);

— университетнинг академик режасини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш (development of academic calendars);

— университетнинг дастур каталогларини ишлаб чиқиш жараёнини мувофиқлаштириш (overseeing course catalogue development);

— талабалар ва ўқув дастурлари бўйича статистик маълумотларни юритиш ҳамда шаффоф тарзда чоп этиш.

Хуллас, “регистратор офис”га талабалар юқорида белгиланган барча масала бўйича мурожаат қилади. Ушбу тизим мавжуд ОТМда талабалар ўқув маскани раҳбарияти ёки факультет декани қабулига ҳар хил маъмурий саволлар билан мурожаат қилишларига ҳожат қолмайди. Деканатнинг ҳам ўзининг энг муҳим вазифалари билан шуғулланишига имконияти бўлади. Бу тизимда талабага ҳам университетда ўз ўқиши билан боғлиқ масалалар бўйича, асосан дарс аудиториялари, кутубхона ва “регистратор офис”дан бошқа жойга мурожаат қилишига эҳтиёж туғилмайди. Улар деканат, маркетинг бўлими ёки бошқа бўлимларнинг эшиги ёнида ўз илтимоси жавобини кутиб, вақтини беҳудага совурмайди. Ҳозирги кунда эса биргина деканат мисолида оладиган бўлсак, бу ерда айнан талабалар билан ишлаш учун масъул ходимлар ажратилмаган бу каби мурожаатларни одатда деканатда фаолият юритаётган котибалар бўш вақтларида амалга оширади. Бу тизим яна ОТМда майда коррупция элеменлари шаклланишига ҳам сабаб бўлади.

“Регистратор офис” АҚШ, Канада ҳамда Европанинг деярли барча университет, коллеж ва баъзи ҳолатларда ҳатто мактабларида ҳам ташкил этилган. Америка ҳамда Англия олий таълим масканларида бу бўлим даставвал талабалар баҳоларини ягона жойда сақлаш ва уни тартибга солиш мақсадида очилган бўлса, кейинчалик унинг вазифалари кенгайтирилган.

“Регистратор офис” ҳар томонлама қулай, бир пайтнинг ўзида бир нечта талабага хизмат кўрсатиши мумкин бўлган шароитларга эга бинода жойлашиши керак. Бундан ташқари, унда электрон тизим интеграциялашуви жуда яхши йўлга қўйилган бўлиши шарт. Чунки талабалар мурожаатлари, асосан электрон тарзда ҳал этилади.

Бундан ташқари, кўпгина ОТМда ҳалигача талабалар баҳоларини рейтинг дафтарчасига қайд этиб бориш тизими мавжуд. Аслида, талаба онлайн режимда ўз академик карьерасини кузатиб борадиган ягона электрон база бўлиши зарур. Европа, Америка ва Осиёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида бу ишлар ягона марказлашган бўлим томонидан амалга оширилади. Яхши университет деганда ўзининг кучли профессор-ўқитувчилари ёрдамида таълимни тўғри йўлга қўйиш билан бирга, талабаларга яратилган қулайликлар ҳам назарда тутилади.

Қисқача айтадиган бўлсак, “регистратор офис”нинг ташкил этилиши университетда маъмурий бошқариш тизимининг янада шаффофлашувига, талабалар мурожаатларининг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишига хизмат қилади. Зеро, талабанинг ОТМга киришдан асосий мақсади, бу — билим олиш. Унинг вақти маъмурий муаммолар билан боғлиқ югур-югурларга, сансалорликларга сарф бўлмаслиги керак.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори,

Техника фанлари доктори, профессор

«Халқ сўзи» газетаси, 2020 йил
27 октябрь, 226-сон

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php