“Келур охир сени ҳам йўқлагудек бир замон яхши”

Жамиятимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш ишига биринчи даражали масала сифатида қаралмоқда. Шу боис, “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган дастурий ғоя асосида ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш ўта шарафли вазифадир.

Бунинг учун маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади.

Ҳаёти ва ижодини ўрганишимиз зарур бўлган маърифатпарвар боболаримиздан бири — XIX аср охири ва ХХ аср бошларида тараққийпарвар ўзбек ижтимоий тафаккури ва адабиёти намояндалари орасида олдинги сафларда турувчи Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли Муқимийдир. Ўзбек ёзувчиси, шоир, сатирачи, ўзбек реализми асосчиларидан бири бўлган мутафаккирнинг “Муқимий” тахаллуси — “доимийлик” маъносини англатади.

Муқимий 1850 йил Қўқонда, новвой Мирзахўжа оиласида таваллуд топган. Отаси тошкентлик, онаси Ойшабиби хўжандлик ичида, Қўқонда яшаб қолганлар. Оилада беш фарзанд ичида, Муқимий ёлғиз ўғил эди. Новвойлик билан оила тебратувчи Мирзахўжа фарзандининг савод чиқаришига жиддий эътибор берган бўлса, шеъриятга иштиёқ ва қобилиятининг шаклланишида онаси Ойшабибининг ўрни бениҳоя каттадир. Ойшабиби ажойиб таълимга эга, оғзаки ижодни жуда яхши билган иқтидорли шоира бўлган. Айнан шу аёл туфайли Муқимийда шоирона иқтидор ривожланади, аёл ўғлини Алишер Навоий, Жомий каби ижодкорлар қиёфасида шарқ мумтоз адабиёти билан таништиради ва умрининг охирига қадар уларга бўлган муҳаббати сақланиб қолади.

Ўзининг биринчи шеърини ўн ёшида ёзган Муқимий 1872-1873 йилларда маҳалла мактаби ва Бухородаги Ҳоким ойим мадрасасида таълим олади. 1876 йилда уни битириб Қўқонга қайтади, оила қуради. Хатми мадраса қилган Муқимий аввалига Қўқон ер ўлчаш маҳкамасида мирзалик қиларкан, ўз вазифасига кўра, Қўқон ва унинг атрофидаги қишлоқларга тез-тез чиқиб, деҳқонларнинг турмуш шароитлари, аянчли аҳволи билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Лекин у ер маҳкамасида узоқ ишлай олмади. Аммо бу муддатнинг ўзи ҳам шоир ҳаёти ва дунёқарашида сезиларли из қолдирди.

Ўша пайтлари Ўрта Осиё қишлоқ ва шаҳарларида яшовчи меҳнаткашлар эксплуатация қилинар, қулликдан эзилар, миллий мустамлака зулмини тортар ва оқибатда аянчли, оч-ялонғоч кун кечирмоққа мажбур бўлардилар. Солиқлар эса узлуксиз кўпайиб борарди. Бу эса кенг халқ оммасида жуда кучли норозиликлар туғдирди, баъзан бу норозиликлар очиқ ҳужум тусини олди ва ҳатто чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши қуролли қўзғолонга ҳам айланди. Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги ижтимоий ҳаётидаги муҳим масалалар халқ оммаси орасидан чиққан ва халқ билан бевосита боғланган зиёлилар, ёзувчилар ва муаллимлар ижодида ўз аксини топа бошлади.

Отаси вафотидан сўнг Муқимийнинг аҳволи оғирлашади. Шундай бўлса-да, бир неча бор Тошкентга саёҳат қилиб (1887-1892), янгиликлар билан танишади. Тошкент маданий ва адабий ҳаётини чуқур ўрганган Алмайи, Нодим каби илғор руҳдаги ижодкорлар билан алоқа боғлаб, ижодий ҳамкорлик қилади.

Муқимий ижодини ўрганиш, асарларини тўплаш ва нашр эттириш у ҳаётлик давридаёқ бошланган эди. У Марказий Осиёда ҳали унчалик мустаҳкамланмаган янги демократик адабиёт оқимининг энг буюк вакили сифатида ўзбек халқи тарихидан ўрин олган. У ўзининг бадиий асарларида кенг омманинг кайфиятларини ифода қилди, маърифатпарвар кишилар билан бирга дунёвий билимларни эгаллаш, яхши ҳаёт кечириш, айниқса, деҳқонлар аҳволини яхшилаш учун кураш олиб борди. Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон чор Россияси мустамлакасига айлантирилган шароитда қалам тебратган Муқимий ижоди чин маънода халқчилдир. У эзилган меҳнаткаш омма, бечора косибу ҳунармандлар ва хонавайрон деҳқонларнинг оташин куйчиси бўлиб майдонга чиқди.

У яшаб ижод этган давр ҳаёти мураккаб эди. Бундай муҳит Муқимий ижодига кучли таъсир кўрсатди. Ижодининг илк даврида қисман шаклбозлик унсурлари, санъатпардозлик майлларига берилиш ҳам учрайди. Лекин тезда бу хил анъаналардан воз кечиб, жамиятдаги иллатлар, эскилик ақидаларига танқидий назар билан қаради. Навоий, Жомий, Низомий ва Фузулийдан ўрганди, улар ғазалларига мухаммаслар боғлади. Жомийни ўзига устоз билди. Мумтоз шоирлар анъаналарини давом эттирди. Ўзбек адабиётида демократик йўналишнинг вужудга келиши ва шаклланиши Муқимий номи билан боғлиқ. У бошлиқ Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар, Комил каби илғор фикрли шоирлар ўзбек адабиёти тарихида янги саҳифа очдилар.

Мустамлака тузумидаги адолатсизлик ва зўравонликни, жорий тартиб-қоидаларни халқона услубда аёвсиз қоралаган шоир ўлкамиз истиқболига ишонч билан қаради. Муқимийнинг асарларида инсоний ишқ-муҳаббат улуғланади, иймон-эътиқод, ҳалоллик, сахийлик, покдомонлик, элпарварлик, дўстлик, она табиат гўзалликларидан завқланиш, висол онларининг лаззатлари ва ҳижрон азоб-уқубатлари ишонарли лавҳаларда жуда таъсирчан ифодаланади.

Муқимий шеърларининг туб моҳиятини инсон кечинмалари, севинч ва аламлари, истак ва армонлари, курашлари ташкил этган. Уларда дўстлик, садоқат, самимият, вафодорлик, сабот ва матонат улуғланган ва булар орқали шоир кишиларда яхши хусусиятларни тарбиялашга интилган. Адолатли ва бахтли замонни орзу қилган, шундай кунлар келишига ишонган (“Келур охир сени ҳам йўқлагудек бир замон яхши” ва бошқалар.) Ҳасрат, шикоят, норозилик мотивлари мавжуд бўлган шеърларида ҳам келажакка ишонч, фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу-идеаллари акс этган.

“Дар мардуми Оқжар батариқи мухаммас” асаридан маълум бўлишича, Муқимий 1870 йилнинг охирларида Қўқоннинг ғарби-шимолидаги Сирдарё ёқасида жойлашган Оқжар паромида паттачи бўлиб ишлаган. Бу янги вазифа ҳам шоирга меҳнаткаш омма вакиллари, қишлоқ деҳқонларининг турмуш шароитлари билан бевосита танишиш имконини берди. Қаттиққўл, муттаҳам паром хўжайинлари билан келиша олмаган Муқимий XIX асрнинг 80-йиллари бошларида Қўқонга қайтади. Оилавий ҳаётда ҳам фароғат топмаган шоир ҳовлини ташлаб, ўша Бегвачча маҳалласида Ҳазрат мадрасаси ҳужрасига кўчиб чиқади ва умрининг охирига қадар муҳтожликда, ўз таъбири билан айтганда, ўша “ҳужраи танг ва торликда бекаслик ва ғариблик чироғини ёқиб” умр ўтказади. Шу вақтдан бошлаб Муқимий бутун вақтини ижодий иш, шахсий мутолаага бағишлади, ҳуснихат ва котиблик билан шуғулланди. Зокиржон Фурқат гувоҳлигига кўра, бу йилларда Қўқонда муттасил равишда ҳаракат қилган адабий йиғин-анжуман ишларига Муқимий йирик ижодкорлар Муҳаир, Завқий, Нисбатий қаторида фаол қатнашади, давр адабий ҳаракатига етакчилик қилади. Доимий моддий етишмовчилик, яшаш шароитининг ниҳоятда оғирлиги шоир соғлиғига путур етказади, у оғир дардларга чалинади. Шоир меросида даврдан, машаққатли турмушдан, оғир тақдиру забун толедан шикоят, мунису ҳамдард йўқлигидан нолиш оҳанглари кенг ўрин тута бошлайди.

Муқимийнинг илғор дунёқараши, фаровон ҳаёт ва озод жамият, инсоф ва адолат, баркамол инсон ва инсонийлик, иймон-эътиқод ва эрк ҳақидаги орзу-интилишлари билан мустамлака шароити, мавжуд адолатсиз тузум, зўравонлик ҳукмрон бўлган замона ўртасидаги жиддий зиддият, юксак идеал билан разил борлиқ ўртасидаги номутаносиблик унинг ижодида воқеаликка нисбатан кескин танқидий муносабатнинг узил-кесил шаклланишига олиб келди.

Бу унинг ҳажвиётида кўпроқ акс этган. Ҳажвиёти мазмунан сатира ва юморга бўлинади. Сатираларида чор амалдорлар, айрим маҳаллий бойларнинг кирдикорлари очиб ташланган (“Танобчилар” ва бошқалар). “Сайлов”, “Дар мазаммати замона” ва бошқаларда ўлкага кириб келаётган капиталистик ва ғайриахлоқий муносабатлар ҳамда уларнинг оқибатлари кўрсатилган. Муқимий ҳажвиёти учун “хомашёни”, аввало, чоризм ўрнатган мустамлакачилик тартиби, ҳукмрон адолатсизлик ва зўравонлик, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг топталиши, чор ва маҳаллий амалдорларнинг ўзбошимчалиги ва шафқатсизлиги, алдамчилик ва ахлоқий тубанликлар берди. Меҳнаткаш омма, ҳунармандларнинг оғир иқтисодий аҳволи, мустамлака зулми остидаги шаҳар-қишлоқларнинг вайронага айланиши, ночор шахс тақдири Муқимий ҳажвиётида етакчи ўринни эгаллайди.

Шоир ўзбек адабиёти тарихида ижтимоий-сиёсий ҳажвиётнинг асосчиларидан бири бўлиб майдонга чиқди. Унинг қатор ҳажвияларини шу йўналишнинг етук намуналари сирасига қўйиш мумкин. “Танобчилар”, “Воқеаи кўр Ашурбой Ҳоти”, “Московчи бой” каби ҳажвияларида мустамлака тузуми учун хос бўлган ҳаётий мавзулар — жамиятдаги ижтимоий тенгсизлик, табақаланиш, ҳукмрон адолатсизлик каби жуда жиддий масалалар таҳлил этилдики, бу Муқимий ҳажвиётининг сиёсий йўналиши ва ғоявий камолотидан гувоҳлик беради.

Муқимий от, арава, лой, безгак каби мавзуларда 30 га яқин ҳажвий асар яратган. Уларда турмушнинг қолоқ ва чиркин жиҳатлари, ижтимоий онгдаги нуқсонлар устидан кулган, мустамлакачилик азоби, харобаликни заҳархандалик билан тасвирлаган. “Девонамен”, “Кўсамен”, “Ҳайрон қилди лой”, “Шикояти безар” ва бошқа бир қатор ҳажвияларда жамият ҳаётидаги ўзгаришларга янгича муносабат акс этган (“Таърифи печ”, “Ароба қурсин”, “Лой” ва бошқалар).

У илғор зиёли сифатида дунёвий ҳаёт ни тан олди, аскетизмни инкор этди. Маиший бузуқларни қоралади, ҳунарни, дунёвий билимларни ўрганишга даъват қилди, жаҳолатпараст муллалар, “авлиёлар”ни танқид қилди, бебошликка, зўравонликка, зулмга қарши қаттиқ норозилик билдирди. Унинг қарашлари нақадар танқидий бўлишига қарамай, мушоҳада характерида бўлиб, бирмунча либерал ғоялар билан суғорилган эди. Демак, ўзига хос фалсафий, тарихий шарт-шароитлар туфайли, ўша вақтларда ўзбек деҳқонлари ва шаҳар камбағаллари ижтимоий асосининг бўшлиги сабабли Муқимий демократ даражасигача кўтарила олмади.

Адиб ўз даврининг кундалик меҳнатларида юксак даражали сатирик асарлар яратди, бу асарларда у эксплуататор синфлар вакилларининг ҳақиқий юзини очиб ташлади, ХХ аср бошларидаги ўзбек танқидий ижтимоий тафаккурини ўткирлаштирди, илдамлаштирди. Ўша даврдаги ўзбек тараққийпарвар ижтимоий тафаккури ва адабиёти ривожланишининг тарихини англамоқ учун машҳур демократ шоир, ватанпарвар ва мутафаккир Муқимийнинг ижодини, албатта, чуқур ўрганмоқ зарур. Муқимий бу жиҳатдан қараганда, ўзбек адабиётида мистикага, клерикал ғояларга қарши ўлароқ, реализм йўлини олға сурди.

Рус тарихчи, антрополог олими, Туркистоннинг дастлабки тадқиқотчиларидан бири Николай Петрович Остроумов (1846-1930) Қўқонда бўлган вақтларида ўзбек ҳофизларининг қўшиқларини эшитган ва бу ҳақдаги ўз таассуротларини қуйидагича баён этган: “Бу учта ашулачи бир қанча ашулалар, шу жумладан, “Викторбой” деган сатирик ашулани ҳам айтди. Ашулачилар қўлларига патнус олиб, жуда ҳам завқланиб жўр қилишди, кўчалардаги тўда-тўда одамлар мароқ билан тинглашди”.

Юқоридаги маълумот шундан далолат берадики, Муқимий XIX асрнинг 90-йилларидаёқ сатирик шоир сифатида халқ орасида машҳур бўлган. Муқимий сатираси камбағаллар устидан зулм ўтказиш ва ўғирлик йўли билан орттирадиган мулкдорлар синфининг иккиюзламачилигини, макр-ҳийласини ва очкўзлигини моҳирона фош қилиб беради. “Туркистон вилоятининг газети”да 1891 йил 26 октябрдаги 41-сонида Муқимийнинг “Навбаҳор” шеъри босилди. Муқимийнинг бу шеъри унинг бошқа шеърлари каби қувноқ руҳ ва янги фикрлар билан тўла эди.

1893 йилда Муқимийнинг биринчи қўлёзма “Баёз”и чиқди. Бунда унинг лирик шеърлари, Навоий, Жомий, Бедил ва бошқа шоирларнинг ғазалларига бағишланган мухаммаслари киритилган.

Муқимий ўзбек адабиётига ишчилар мавзусини олиб кирди, типлар галереяси ни яратди. Унинг “Танобчилар”, “Московчи бой таърифида”, “Воқеаи Виктор”, “Тўй”, “Баччағар” ва “Саёҳатнома” шеърлари чуқур таҳлил қилинган. Турли шаҳар ва қишлоқларга қилган саёҳатлари таассуротлари асосидаги 4 қисмли “Саёҳатнома” асари енгил, ўйноқи вазнда ёзилган, 4 мисрали бандлардан ташкил топган. Унда халқ турмушининг оғирлиги, қишлоқларнинг вайроналиги реалистик тасвирланган.

Шоирнинг таржимаи ҳолини ёзган кишиларнинг маълумотига қараганда, кўпинча у шаҳар бўйлаб ва, айниқса, камбағаллар, ҳунармандлар, фақирлар турадиган маҳаллаларда пиёда кезиб юришни яхши кўрган.

Муқимий табиатни, баҳорни, севгини, ҳаёт нашидасини улуғлайди, Шарқ поэзиясининг истиорасидан фойдаланиб, ўз замонасидаги меҳнат аҳлининг оғир мусибатини кўрсатади. Муқимийнинг ижоди, фикрлари, қарашлари, орзу-хаёллари ва интилишлари ўз замонасидаги ижтимоий шароитлар маҳсулидир.

XIX аср охирлари ва ХХ аср бошлари миллий адабиётимизда юмористик йўналишнинг ривожланишида ҳам Муқимийнинг ижодий фаолияти жуда катта бўлди. Шоир қўлида кулги қўпол қаҳқаҳа ёки шунчаки хушчақчақлик, бачкана мутойиба эмас, балки ҳаётдаги қолоқ, тараққиётга тўсиқ ғовларни, шахслар онги ва табиатидаги ожизлик ва салбий белгиларни, хунук феъл-атвор ва ўринсиз хатти-ҳаракатларни қоралаш, танбеҳ бериш, огоҳлантириш вазифасини ўтаган.

Умуман, ўзбек адабиёти ва ижтимоий тафаккури тарихида Муқимийнинг хизматлари ниҳоятда катта. Шу билан бирга, унинг ижтимоий-сиёсий ва фалсафий қарашларида маълум чекланганлик, зиддиятлар мавжудлигини ўша даврдаги тарихий, ижтимоий-сиёсий ва маърифий муҳит даражасидан келиб чиқиб баҳоласак, тўғри бўлади.

Исмоил САИФНАЗАРОВ, профессор

Азамат МУХТОРОВ, профессор

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php