Коррупцияга қарши курашиш — глобал масала

Биз нима учун охирги вақтларда коррупцияга қарши курашиш ҳақида кўп гапиряпмиз? Чунки тараққиётнинг глобаллашуви даврида бу масала дунё давлатлари олдидаги энг ўткир муаммолардан бирига айланди. У нафақат ривожланган, балки ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, халқаро ташкилотлар фаолиятига дахлдор глобал таҳдид тусига кирди, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-­сессиясидаги нутқида бу масаланинг юртимиз миқёсидаги аҳамиятига тўхталар экан, “Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди. Бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди”, дея алоҳида таъкидлади. Юксак халқаро минбарда туриб айтилган бу сўзлар мамлакатимизда ушбу иллатга қарши бошланган аёвсиз курашдан дарак бўлиб, коррупцияни таг­томири билан йўқотиш шу юртда яшайдиган ҳар бир инсон ҳаёти билан боғлиқ масаладир. Аслида коррупцияга қарши кураш жаҳон халқларининг қадимий муаммоларидан бири саналади. Бу иллатнинг қачон пайдо бўлгани тўғрисида аниқ маълумотлар бўлмаса­да, унга қарши курашга ўтган асрнинг 60­йилларидан халқаро миқёсда жиддий эътибор қаратила бошлагани манбаларда келтирилади. Бу вақтда коррупцияга қарши кучли таъсир қуроли сифатида оммавий ахборот воситалари майдонга чиқди. Ҳозир бу борада самарали натижаларга эришган давлатлар сафига Норвегия, Швеция, Дания, Люксембург, Нидерландия, Швейцария, Австрия, Сингапур кабиларни киритиш мумкин. XIX аср ўрталарида АҚШда давлат амалдорларининг порахўрлиги, яъни қинғир ишлари фош қилинса, улар истеъфога чиқарилган. Бугунги кунга келиб улар ўзлари кечирим сўраб, истеъфо берганини маълум қилмоқда. Японияда агар ҳукумат аъзоси коррупцияда айбланса, ҳукуматнинг барча аъзолари истеъфо беради. Бундан ташқари, Европанинг бир қатор мамлакатларида пора билан қўлга тушган амалдор нафақат ўз лавозимидан, балки пенсиядан ҳам маҳрум этилади. Маълумотларга кўра, жаҳонда коррупция билан боғлиқ жиноятлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Бу савдо­иқтисодий муносабатларнинг кенгайиши, чегараларнинг очилиши, халқаро жиноятчи тўдаларнинг ташкил этилиши, ноқонуний бой иш ёки бошқа салбий ҳолатларни юзага келтириши мумкин. Айни пайтда коррупция, айниқса, иқтисодий ўтиш даврини бошдан кечираётган мамлакатлар учун жиддий муаммо бўлиб, мазкур ҳолатдан Ўзбекистон ҳам мустасно эмас. Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунё ялпи ички маҳсулотига нисбатан яширин иқтисодиётнинг улуши 35-­40 фоизни ташкил қилади.

Коррупция турланадими?

Коррупция нафақат яширин, балки келишувчанлик табиатига ҳам эга. У одатда шикоятга ўрин қолдирмайди, зеро, иккала айбдор томон ҳам мазкур ноқонуний келишувдан яхшигина фойда олади. Ҳаттоки таъмагирлик билан пора талаб қилиниши устидан ҳар доим ҳам шикоят қилинмайди, чунки турли мамлакатлардаги одамлар коррупция билан курашиш жараёнига ишончсизлик билан қарайдилар. Бу ҳолатларга етарли даражада объектив ва субъектив ҳамда миллий ва халқаро асослар мавжуд. Коррупция ҳаракатлари одатда давлат фаолиятининг жуда мураккаб ўзига хос ва махфий турларида амалга оширилади. У ниҳоятда мослашувчанлик хусусиятига эга. Тинмай тусини ўзгартириб, турланиб, мукаммаллашиб боради. Яширинлик — унинг асосий хусусияти. Бунда махфийликнинг юқори даражадалигини сабаблар билан тушунтириш мумкин. Объектив сабабларга коррупциявий жиноятларнинг кўпчилигида қонунга зид ҳаракатларнинг салбий оқибатларини аниқлаш деярли мумкин эмаслиги киради. Одатда барча иштирокчилар ўз фойдаларини олади, шу сабабли бу жиноят ва унинг очилишидан манфаатдор эмаслар, чунки жиноий жавобгарликка тортилишлари лозим бўлади. Бундан ташқари, кўп ҳолларда жиноятнинг сабаблари кўзга ташланмайди. Бинобарин, пора берганлик учун қонуний ҳаракатлар амалга оширилади ёки бирор бир нарса қонундан ташқари деб эълон қилинган ҳолларда пора бозор муносабатларини тиклашга ёрдам берувчи энг асосий восита — пора иқтисодини эркин бозор ҳолатига яқинлаштиради. Бунда у тажовузкор ҳамда ҳимоя порасига ажратилади. Бошқа томондан, мутлақ ёки квази­мутлақ рухсат олиш учун берилган пора ортида қолган бошқалар учун мазкур соҳа фаолияти ёпиқ ҳисобланади, бу тажовузкор порага мисолдир. Пораларнинг биринчи тури — бу эркин бозор томон, иккинчи тури — эркин бозордан орқага ҳаракат демак. Махфий коррупциявий жиноятларнинг субъектив сабаблари ушбу ижтимоий ҳодисага қаршилик кўрсатиш ва курашишнинг қатъий йўналтирилган давлат сиёсатининг йўқлиги, мазкур фаолиятга жалб этилган ходимларнинг профессионаллик даражаси етарли эмаслиги, жамиятда ўрнатилган этник нормаларнинг номувофиқлиги, давлат хизматига кираётган кишиларнинг, энг аввало, маънавий ахлоқ талабларига мос келмаслигидир.

Ҳаёт шуни кўрсатадики, бугун нафақат коррупцияни тақиқлайдиган қонунларни қабул қилиш, балки ушбу қонунлар ҳақиқатдан ҳам амалиётда қўлланилаётганини тасдиқловчи муайян бир далил­исботларни ҳам тақдим этиш лозим.

Таълимдаги коррупция — залолат илдизи

Айниқса, таълим муассасаларида учраётган коррупцион ҳолатлар бу иллатга қарши ҳаракатларни нафақат пучга чиқаради, балки янги­янги “коррупция ниҳоллари”ни ўстириши ачинарли ҳол. Келажакка энг катта таҳдид мана шу аслида. Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Хўп, фарзандимизни осон йўл билан ўқишга киритишга эришдик, натижа нима бўлди? Олдимизда янада каттароқ муаммолар пайдо бўлмайдими? Ўқиш давомида ҳам бу иллат унга ҳамроҳ бўлиши табиий. Ўзини ҳурмат қилган иш берувчига қуруқ дипломи бору билими йўқ кадр керакми? Бу бугунги дунё тенденцияси. Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциясиз таълим тизимини ташкил этиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб бориляпти. Биргина Тошкент давлат иқтисодиёт университетида БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисобдор ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси кўмагида дунёнинг тўртта йирик аудит ва консалтинг муассасаларидан бири бўлган КПМГ халқаро компанияси билан биргаликда коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Албатта, бу ишларнинг замирида фарзандларимиз учун илм­маърифат муҳитини яратиб, келажакда уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига эришиш мақсади ётади.

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг амалий қадамлари

Давлат даражасидаги ҳар қандай қарор ёки қонунни қабул қилишда жамоатчилик фикрини билиш демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири саналади. Бугун Ўзбекистонда ана шу тизимни самарали йўлга қўйишга қаратилган амалий ишлар олиб бориляпти. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши ушбу йўналишда тўпланиб қолган муаммолар ечимини топишда ташланган катта қадам бўлди, десак янглишмаймиз. Негаки, бошқарув жараёнида ихтисослашган тузилманинг бўлиши тизимли ишлар учун кенг йўл очади. Бунинг натижасида янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотлар самарадорлиги ошади. Бундай механизми орқали кенг жамоатчилик Ўзбекистондаги ислоҳотларда фаол иштирок этади, адолатли рақобат муҳити яратилади. Инвесторларнинг ўз лойиҳалари билан бозор қонунлари воситасида иқтисодиёт секторларида иштирок этишига рағбат уйғотади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарор лойиҳаси ҳам кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун белгиланган миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш кўзда тутиляпти. Давлат бюджетидан ушбу мақсадларга ҳар йили ўрта ҳисобда қўшимча 300­500 миллион сўм маблағ талаб этилиши айтилмоқда. Албатта, ғоят машаққатли ва тинимсиз курашиш талаб этиладиган мазкур ишларнинг барини чуқур ўйланган ислоҳотлар асосида самарали бажариш мумкин. Фақат бу умумхалқ ишига кенг жамоатчиликни ҳам жалб қилишимиз, уларда янгиланаётган Ўзбекистондаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини уйғотишимиз керак. Шундагина коррупция каби иллатларнинг илдизига болта уриб, юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга эришамиз.

Бекдавлат АЛИЕВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,

фалсафа фанлари доктори

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php