Ассалому алайкум ҳурматли профессор-ўқитувчилар, меҳрибон устозлар!

Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этамиз!

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, глобаллашув ва интеграция жараёнларининг муваффақиятли амалга оширилиши кўп жиҳатдан катта ҳаётга кириб келаётган янгича фикрлайдиган, ислоҳотлар самарасини таъминлашга қодир малакали кадрларга боғлиқ. Бу жараён  олий таълим даргоҳлари олдига ҳам катта вазифалар қўймоқда. Унда муносиб иштирок этиш катта шараф бўлиш билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Ишонч билан айта оламизки, Сиз азизлар билан таълим ва тарбия масаласи алоҳида устувор йўналиш даражасига кўтарилган шундай муҳим паллада олдимиздаги вазифаларни садоқат билан адо қиламиз.

Жорий йилнинг бутун инсоният учун синовли келиши шароитида ҳам жонкуяр устоз-мураббийларимиз ноанъанавий тарзда фаолиятга мослашиб, ўз меҳнат фаолиятларини бир зум ҳам тўхтамагани қувонарлидир. Ҳам ўзининг профессионал фаолиятини янгитдан бошлаш, ҳам талабаларга янгича шароитда таълим бериш профессор-ўқитувчиларимиз матонатини синовдан ўтказгани сир эмас.

Сиз азизларга, ҳаёт қандай синовларни туҳфа қилмасин, улуғ аждодларимизнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган ҳикматларидан сабоқ олиб, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик намойиш этадиган фарзандлар тарбиясида туганмас куч-қувват ва мустаҳкам соғлиқ тилаймиз. Дунёдаги энг эъзозли, эҳтиром ва эътиборга лойиқ, қалбларга яхшилик, эзгулик, комиллик олиб кирувчи муборак касбни танлаб, ёшларга илм, билим бериш билан бир қаторда баркамоллик сари етаклаб, уларга зиё нурини таратишдан асло чарчаманг, деб қоламиз.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php