Одил Ёқубов: Кутубхона одамни интизомга чақиради

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти Искандар Ёқубов отаси – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг биз билмаган қирраларини очиб берувчи “Диёнатли умр” хотиралар китобини қайта ишлаб, кенг сонли китобхонлар эътиборига такдим этди.

Қуйида Искандар Ёқубовнинг фикрлари ва “Диёнатли умр” хотиралар китобидан олинган ҳикояларни эълон қиламиз.

*     *     *

Муҳаммад алайҳиссаломдан “Пайғамбарлик мақомларининг энг олийси қайси?”- деб сўралганда, “Тўғрилик!”- деган эканлар.

Отам шахсий ҳаётлари ва ижодларида нимага эришган бўлсалар, тўғрилик шарофатидан эришган.

ХХ аср ўзбек адабиётининг классиги “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” Одил Ёқубов таваллудига келгуси 2021 йилда 95 йил тўлади. Уларнинг садоқатли умр йўлдошлари, менинг онажоним – Марямхоним Муҳтарам Президентимиз томонидан ўтган йилнинг 7 мартида “Дўстлик” ордени билан тақдирлаган эдилар.

Онажоним билан бир лойиҳа устида ишлаяпмиз. Худо хоҳласа отамнинг таваллуд кунларига 30 жилдлик мукаммал асарлари тўпламини халқимизга туҳфа қилиш ниятидамиз.

Ўзим эса Отам ҳақида хотиралар китобимни қайта ишлаб ўзбек китобхонларга такдим этаяпман. Унинг биринчи қисмини “Диёнатли умр” иккинчи қисми “Улуғ ва садоқатли муҳаббат” – деб номладим.

Искандар Ёқубов

 *     *     *

 ДИЁНАТЛИ УМР

 Музқаймоқ

 Ҳикоя

 Отамнинг ҳаёти, ижоди, жамоат ишлари ниҳоятда шиддатли ва сермазмун кечди. Шундай бўлсада оилада, дўстлари, шогирдлари, қариндошлари ва ниҳоят яшаб турган маҳалладошлари билан самимий суҳбатлашиб туришга вақт топганлар. Қуйидаги сатрларни ёзишимдан мақсад, ана шу самимий фазилатларининг айрим томонларини, фарзандлик кўзим билан кўрган ва эшитганларимни, мухтасар қилиб айтганда, адибнинг барча мухлисларини қизиқтирадиган энг оддий воқеалар, ўзимнинг шахсий кузатишларим ва ҳақиқатни айтишдир.

Гап шундаки, ёшлигимданоқ уйда ёки кўчада, таниш-билишлар, отамнинг оддий мухлислари, борингки, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашиб, ҳол-аҳвол сўраганимда аксарияти бехосдан:

  • Одил аканинг ишини давом эттирадигани қайси бирингиз? Бироз улғайганимда:
  • Ораларингизда …ёки Одил аканинг фарзандлари ичида бирон-бир ёзувчисиям борми? – дейишарди.

Айнан мана шунга ўхшаш саволлар – ака-укаларим, жиянларим ёки невараларгаям берилганига шубҳа қилмайман. Бундан ноқулай аҳволга тушунмаганман. Аксинча, “ёзувчи бўлиш қийин”, “унча-мунча мақолалар ёзиб турамиз”, “набиралардан журналистикада ўқийдиганлари бор – эҳтимол шулар ёзувчи бўлишар” – деган оддийгина жавоб билан кифояланганман.

Адабиёт аҳли ва муҳлисларга бўлган самимий ҳурматим, ёзувчининг фарзанди, – деган оғир юкнинг барча масъулиятини тўлиқ ҳис этган ҳолда хотирамда сақланиб қолган эсдаликларни қоғозга туширишга жазм қилдим. Бундан бирон-бир “машҳурликка” даъвойим йўқлигиниям айтишим жоиз. Қолаверса, нафақат ёзувчининг фарзанди, балки охир-оқибат мен ҳам отамнинг оддий мухлиси бўлишим мумкин-ку! Шу боис отам ҳақидаги хотираларимни ёзишни ўзимнинг фарзандлик бурчим, – деб ҳисобладим. Кўрган ва эшитгарларимни қоғозга туширишда ёзувчининг фарзанди ва мухлиси нуқтаи назаридан ёндошдим.

Эҳтимол ҳикоя қилинаётган оддийгина воқеалар келажак авлодга, адабиёт аҳлига ҳизмат қилар деган умиддаман.

Отамнинг узоқ ва сермазмун умр кўрганликларини эътиборга олсак, унинг серқирра фаолиятини тўлиқ ёритиш қийин албатта. Эсдаликларни ёзиш борасида ҳозирча бирор мавзуга ном ва чеклов қўйишдан воз кечдим. Оллоҳ насиб қилса китоб сўнггида битта нуқта қўярман. Адибнинг шиддат билан кечган умри бизни гоҳ узоқ йиллар қаърига, гоҳ кечаги кунлар суронига қайтаради.

Яна бир гап. Мен отамдан қолган бой адабий мерос – ёзган асарларини илмий ёки бадиий жиҳатдан таҳлил қилиш вазифасини мақсад қилмадим. Адабиётшунос олимларимиз, танқидчилар бир неча ўн йиллардан бери отамнинг ижодлари билан шуғулланиб келишган ва бундан кейин ҳам тадқиқотлар олиб боришади, – деган умиддаман. Барчамиз улардан миннатдормиз. Шунга қарамасдан хотиралар китобини ёзишда отамнинг ёзган асарларига бот-бот мурожаат қилиб туришимга тўғри келди.

Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари ўрталарида, отам билан онам эндигина турмуш қуришган дамларда бир мунча вақт 15-шаҳар касалхонаси рўпарасидаги маҳаллада, Нишон Раҳимов кўчасида жиянлари Тошканбой аканинг ҳовлисида яшаб туришган. Сўнгра курант ёнидаги (ҳозирги “Пойтахт” меҳмонхонаси) бир хонали хизмат уйи, ундан кейин Чилонзор савдо маркази қаршисида, у ҳам бир хонали, секция уйда истиқомат қилиб, ижод қилганлар (бугунги кунда бу уй сақланиб қолган). Чамаси 60-йиллар бошига қадар ёзилган ҳикоялар, қиссалар ва пьесаларнинг деярли ҳаммаси ўша уйларда истиқомат қилган кезларига тўғри келади. Уйларнинг бир хона эканини, бола-чақа, иккинчи томондан, келди-кетдини ҳисобга оладиган бўлсак, ана шу даврдаги асарлар университет ёки Навоий кутубхонасида ўтириб ёзилган, – десак хато бўлмайди, бунга гувоҳ бўлган одамлар кўп. Отам ўзлари ҳақида Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапини кўп айтгувчи эдилар:

  • Э, Одил! Ёзувчиям кутубхонада китоб ёзадими? – деб ҳайратланар эканлар у киши. Отам умрларининг охириги кунларигача кутубхонада ўтириб ишлаш кераклигини тарғиб қилар:
  • Кутубхона одамни интизомга чақиради! Уйда майда-чуйда ишларга ўралашиб қоласан, – дердилар.

Отам ва онамнинг сўнгги эллик йилда биргаликда кечган умрлари машҳур Бодомзор билан Дархон мавзелари оралиғида жойлашган Фирдавсий маҳалласидаги 5-Магнитогорский, ҳозирги 5- Қўрғон кўчаси билан боғлиқ. Маҳалла аҳли кўчамиз шароитини яхшилашга берган кўмакларини кейинроқ айтаман. Ана шу уйимизда отамнинг аксарият асарлари ёзилган. Наинки ёзилган, балки асарлари билан боғлиқ кўп воқеалар бўлиб ўтган.

1973 йил. Ўн уч яшар боламан. Ҳамма болаларга ўхшаб отасидан “баракалла”, “молодец” каби мақтовларни эшитишга муштоқ бўлиб юрадиган вақтлар. Отам мени чақириб:

– Ғафур Ғулом нашриётига бориб кел! Романим чиқибди. Бир нусха бериб юборишади. Шуни олиб келгин! – дедилар.

Ўша кезларда отам шу нашриётда ишлар ва бу даврни дўстларига “Олтин даврим” дегувчи эдилар. Чамаси салмоқли романларининг ёзилиши ана шу даврга тўғри келган. Нашриёт Навоий 30 даги машҳур бинонинг тўртинчи қаватида жойлашган бўлиб, мен у ерга авваллари ҳам борар, отамнинг қўлёзмаларини машинисткаларга элтардим.

Новомосковское, ҳозирги Дархон маҳалласи марказида шўро империясининг даҳоларидан бири – Куйбишев номи билан аталадиган майдон. Бекатга Тошкент эксковатор заводи яқин бўлиб, ундан Чорсудаги собиқ Калинин майдонига 4-рақамли тролейбус қатнайди. У Навоий кўчаси бўйлаб тўғри бино олдига бориб тўхтар ва ҳудди шу йўл билан орқага қайтиб келинарди. Ўрни келганда бир гапни айтишим жоиз. Ҳозирги кунда Тошкентнинг эски гузарлари, маҳалла ва даҳаларининг қадимий номлари қайтарилмоқда. Бу ҳайрли иш. Энди ана шу гузар ва маҳаллаларнинг тарихини ёритувчи китоблар ёзилса айни муддао бўлар эди.

Отамнинг ёзувини яхши тушунадиганлардан бири менинг онам Марямхон ва нашриётдаги машинисткалар Саломатхон Азимова, Зарифахон, Собирахон, Муҳтарама, Фаридахон опалар эди. Онам машинисткалардан қайтиб келган асарларда йўл қўйилган имло хатоларни қалам билан тўғирлаб чиқардилар. Сиз менинг биринчи ўқувчимсиз! – дердилар отам, онамни ардоқлаб. Мен эса қўлёзма папкаларни яна машинисткаларга етказардим. Ҳар сафар қўлёзмани машинисткаларга ташлаб ёки олиб қайтганимда, отам: “молодец”, – деб қўлимга бир-иккита музқаймоққа етадиган пул тутқазардилар. Мен эса қўшни болалар билан мороженоени бўлишиш учун кўчага отилардим. Шу – шу қўшни дўстларим:

– Дадангни қўлёзмасини олиб бординг-ми? Бугун мороженое еймиз-ми? – дея ҳазиллашадиган бўлишди.

Отамнинг сўнгги кунларигача ёзган асарларини машинисткаларга етказиб турдим. Уларнинг айримлари ҳали ҳам ҳаёт, умрлари узоқ бўлсин! Кейинроқ бошқа нашриётларга ўтиб кетган бўлишига қарамасдан отам улар билан бўлган ижодий алоқани узмадилар. Бирор бир байрам арафасида уларга онам ёки мен орқали совға бериб юборишни унутмасдилар. Барчамиз улардан минатдормиз. Қўлёзмаларни аввал онам ўқиб чиқарди. Сўнгра отам унинг устидан қайта-қайта ўчириб ёзар, шу тариқа асар яна машинисткаларга қайтар эди. Машинкаланган матн равон ўқилганидан уни сабрсизлик билан кутардилар. Қаторлар орасига, қоғоз хошиясининг бўш жойларига, керагида матн терилган олд томонидан унинг орқа томонидаги тоза бетига ўтиб фикрларини, охирига етказиб қўярдилар. У вақтларда компьютер йўқлигини, асар бир неча марта қайта ишланишини ҳисобга оладиган бўлсак, қўлёзма нусхалар тоғдай-тоғдай уюлиб кетарди. Шкафлар, дераза токчалари қулочдай -қулочдай қўлёзма папкалар. Отам қўлёзмаларига, айниқса китоб бўлиб босилгандан кейин бир оз бефарқ эдилар. Буларни олиб чиқиб ташлаб юбор, “аллергия “ -дердилар.

Тўққизинчи синфда ўқиб юрган кезларимда бир иш қилганман. Бўйи бир қулоч, эни ва чуқурлиги ярим қулоч келадиган қопқоқсиз иккита қўлбола сандиқ ясадим-да, уларни уйимизнинг ертўласига тушириб қўйдим. У ерга симчироқ уладим. Вақти – вақти билан отамнинг қўлёзмаларини шу сандиқларга жойлашни одат қилдим. Уларнинг бирига илк пьесалар, роман ва қиссалар қўлёзмасини, иккинчисига эса ўқувчилардан келган хатларни жойлардим. Бир куни ўтириб олиб, кун бўйи эринмасдан хатларни санаб кетдим. Нақд ўн мингта! Учдан икки қисми “Муқаддасга” – ёв. Хатларни 50-60 тадан қилиб белини қистирдимда қайтадан сандиққа солдим. Эртасига бу ҳақда отамга айтдим. Суҳбатларининг бирида отам “Муқаддас”га ўн мингдан ортиқ хат олганликларини, мен санаганим етти минг бўлсада, сўзларини тасдиқлаб олиш маъносида:

– Тўғри – ми? …Искандар, – деб қўйгандилар. Эҳтимол қолган уч-тўрт минги машҳур бўлиб кетган бу қисса хусусида ижодий учрашувларда берилган ёзма саволлар бўлса керак. Хуллас мақтаниш маъносида пайт пойлаб бир куни аста билакларидан ушладимда подвалга тортдим:

– Нима бало хазинанг борми? – подвалда, – дедилар, хайратомуз.

– Юринг, юринг! – деб қўярда – қўймай ертўлага олиб тушдимда бирма – бир сандиқларни, улардаги қўлёзмалар ва хатлар тахтини кўрсатдим.

– “Маладец” – деб қўйдилар қандайдир хотиржамлик билан.

Албатта, мен бу қўлёзмалар сандиқда сақланиши нотўғри эканини юракдан ҳис қилардим. Саксонинчи йилларнинг ўрталарида Ойбек уй музейининг ходими Шуҳрат Ризаев билан дўстлашиб қолганмиз. Мени музейга таклиф қилиб, бу хусусда қилинган ишларни ва гап орасида қизиқ бир воқеани айтиб берган. Зарифа Саидносирова Ойбек домланинг нафақат қўлёзмалари балки уларнинг чиқинди челакка ташлаб юборган қоралама қайдлари, хатто автобусда юриб келган чипталарини домлага билдирмасдан аста челакдан оларканларда уни дазмоллаб папкаларга жойлаб қўярканлар. Тасанно. Отамнинг барча қўлёзмалари ва ижодларига оид хужжатларини тўлиқ сақлаб қолдим деёлмайман. Афсуски 1993 йилда юз берган, ҳар эсласам юрагимни тирнайдиган бир аянчли воқеа туфайли уларнинг бир қисми йўқолиб кетди. Бу хусусда қуйироқда батафсил гапириб бераман.

 Отам ўз асарлари устида қайта-қайта ишлашдан сира эринмас эдилар. Керак бўлса 20, 30 ва ҳатто 60-70 бет қўлёзма мутлақо ўчириб ташланарди ёки ўчириб, устидан қайта ишланарди. Қўлёзмани машинкага беришларидан олдин папканинг устига интервал ва терилиши керак бўлган нусхалар сонини ёзадилар. Оғзаки равишда менга буни эслатиб ҳам қўярдилар. Биринчи марта машинка қилинаётган асар матни 2 интервал, кейингиси 1,5 интервал ва сўнггиси 1 интервалда тердирилар эди.

Умуман олганда отамнинг хусни хатлари, оддий қилиб айтганда почерклари майда бўлса ҳам жуда тушунарли, хатосиз ва тартибли эди. Олтмиш йиллик ижодлари мобайнида бу хуснихатлари, хатто шахсий имзолари мутлақо ўзгармаган. Шунга қарамасдан:

– Менинг ёзувимни ҳамма тушунавермайди. Саломатхон ёки Зарифахонга олиб бор! – дердилар.

Хатлари майдароқ бўлишининг сабаби жуда кўп ёзганликларидан қоғозни тежаш, янаям аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам мияларига қуйилиб келган фикр бўлинмасидан туриб кафтлари тагидаги қоғозга тезроқ тушуриб олиш истаги бўлса керак.

Шу ўринда эътиборингизни бир мулоҳазага тортмоқчиман. Ҳозир компьютерлашган аср. Ўзимам компьютердан фойдаланиб дарс бераман. Аксарият асарларам компьютерда ёзилмоқда. Қулайлиги бор, эътирозим йўқ. Лекин асар, агар у ҳақиқий асар бўлса, аввал қўлда ёзилмайдими? Машҳур психологларнинг эътироф этишларича, ҳар қандай ёзилажак асар мазмуни аввал инсоннинг миясида туғилади. Сўнгра унинг юрагига ўтади. Юрагидан қўлга, қўли орқали қоғозга тушади. Эътибор беринг! Айнан юракдаги туб моҳият қўл орқали қоғозга ўтади. Керак бўлса қоғоздагиси қалам билан қайта ишланади. Демак, ҳақиқий асар, агар у юракдан чиқариб ёзилган бўлса, албатта унинг қўлёзмаси мавжуд бўлиши керак. Жамики фикримизни компьютерда терадиган бўлсак, қўлёзма деган нарса бора-бора анқоннинг уруғи бўлиб қолади-ку! Ёки ҳақиқий қўлёзмаларни келажакда фақат жаҳон аукционларида қидирамизми? Ўйлаб кўрадиган ҳолат.

Юқоридаги гапга қайтсак. Шундай қилиб муҳташам бинонинг тўртинчи қаватидаги Ғафур Ғулом нашриётига кўтарилдим–да, пештоғига “проза бўлими”, – деб ёзилган баланд эшик олдига келиб тўхтадим. У кезларда Ҳамид Ғулом нашриёт директори. У киши коридорда айланиб юрганларидай, ҳаммаёқ жим-жит. Секингина эшикни очдим. Хонада Омон Матчон, Иброҳим Ғофуров, Хасан Тўрабековлар шахмат суришаётган экан. Уларга отам юборганини айтдим. Умуман олганда, проза бўлимидагилар уйимизда кўп бўлиб турганликларидан мени яхши танишарди:

– Э…, э, Одил акамнинг ўғли, кир буёққа, – деб келишимни сабабини яхши билганликларидан-ми, қалин сариқ қоғозли бандерол ўрамини қўлимга тутқазиб:

– Одил акамга салом айтгин! – деб кузатишди.

У вақтда мен “Улуғбек хазинаси”нинг контрол нусхаси босилганидан бехабарман. Уни қўлимга олибоқ орқага қайтдим. Болалик эмасми, уйга тезроқ бориш ўрнига кўчадаги пастқам расталарни чамаси бир-икки соат, обдон айланибман. Бекатга етиб келганда бандеролни очиб кўриш иштиёқи пайдо бўлди-ю, ўзимга – ўзим шошмай тур, тролейбус деразаси олдидаги бўш ўриндиққа жойлашганда кейин дедим. Аксига олиб троллейбусам бир соатларга кечикди. Режам бўйича югуриб бориб дераза олдидаги бўш ўриндиққа ўтириб олдим. Ҳудди тепамда биров кузатиб тургандай эҳтиётлаб бандеролни очдим. Ичидан тандирдан эндигина узилган нонга ўхшаган ўзига хос ёқимли полиграф хили яп-янги китобни қўлимга олдим. Муқовадаги рангли суратда бор бўй-басти билан аллома Улуғбек. Унда илоҳий бир сир, донишмадлик бордай эди. Орқа томонини очдим. Кўндалангига “контрольный экземпляр” дейилган муҳр. Китобнинг ўрталаридаям тарих ва мозийдан дарак берувчи ранг-баранг суратлар. Уни ёпиб ўзидай қилиб ўраб қўйдим. Аслида бир мунча муқаддам “Улуғбек хазинаси”ни болалик кўзим билан “Шарқ юлдузи”да ўқигандим. У дамларда бу роман машҳур бўлиб кетишини билмаганман. Турли ҳаёлларга берилиб уйга кириб келганимни сезмабман. Отамнинг чамаларида аллақачон қайтишим керак–ми, билмадим, тоқатлари – тоқ бўлиб, кўча эшиги олдида кутиб турган эканлар:

– Қаёқларда юрибсан ўзи?… – хавотир олиб ўтирибман, китобни олиб келдинг-ми? – дедилар, жахл аралаш.

Гуноҳ иш қилиб қўйган боладай ихчам ўрамни аста отамга узатдим. Бир зумда кайфиятлари кўтарилиб:

– Кетаётганингда ёдимдан чиқибди, мана мороженоега, – деб қўлимга озроқ пул тутқаздилар.

Нафасимни ростлай деб уйга кирганимда отам телефонда кимгадир, назаримда нашриётдагиларга сим қоқиб:

– Раҳмат! Буни қаранг! Китобнинг формати кичикроқ бўлганда яхши бўлар экан… бетлари кўпайиб “семизроқ” бўларди, деганларини эшитдим.

Отамнинг ўз асарини, балки энг ардоқлаганини китоб ҳолида қўлларига олиб, кўзлари бу қадар қувончга тўлиб кетганини илк бор кўришим эди.

– Бирдан:

– Хоним овқатиз тайёрми? Бир – иккита меҳмон келмоқчи. Ошни болалар еяверсин. Озроқ норин беринг – дедилар, қандайдир жуда кўтаринки кайфиятда.

“Улуғбек хазинаси”нинг биринчи нашрини кўрган ўқувчи унинг формати одатдаги китоблардан каттароқ бўлганлигини яхши эсласа керак.

Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафаси. Июл ойининг ўрталарида қўққисдан телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўратсам таниш овоз:

– Искандар ака. Мен, Эшқобилман. Телевидениядан. Гапимни эшитяпсизми? Одил акам, устоз ҳақида ролик қилмоқчимиз. Мустақиликка бағишланади. Машҳур халқ артистимиз уйингизга боради. Одил акамнинг монологларини жонли ўқийди. “Ёшлар” каналида кунда бир неча бор 20-30 сония қайтарилиб туради. Устоз буюк одам! Фақат ролик уйингизда, отангизнинг ижодхонасида олиниши керак, эшитяпсизми?

– Ҳа. Эшитяпман дўстим, эшитяпман. Рахмат. Рахмат дедим – у тик турган ҳолда қотиб қолдим. Бир оз намланган кўзларим, миямда талай воқеалар ҳудди магнитофон тасмасида айлангандай бўлди.

Бир маҳал ойижоним ёнимга келиб саволга тутиб қолдилар:

– Ҳа тинчлик-ми? – болам.

– Тинчлик. Тинчлик ойижон дедим-да, телевидениядан телефон қилишганини, қандайдир ролик олишмоқчи эканликларини айтдим. Ойижон:

– Ҳа. Ўзинг биласан. Чарчамасанг ёрдам бер! –дедилар.

Очиғини айтсам шунга ўхшаш телефонлар отам вафотидан кейин учинчи, тўртинчи марта эди. Эшқобилгача дона-дона гапирадиган, лекин мулойимгина бир журналист қиз. Ундан аввалроқ ана шундай товушда яна бир қиз. Мени гапиришга бермайди. Ҳаммасида талаб битта. Ижодхона. Репортаж ўша ердан бўлиши керак. Савол бир хил:

– Стол-стуллари, курсилари қандай бўлса, шундай турибди-ми? Қоғоз – қаламлари, қўзёмалари, девордаги суратлар жойида-ми? Кийимлари, дўппилари-чи?

Хуллас нафаслари уриб туриши керак адибнинг! Нимаси ёмон бунинг?

Энди мениям тингланг. Дўстим Эшқобил, мен исмини сўраб олмаган ширинтой қизларим. Сизларнинг талабларигизни ниҳоятда қадрлайман. Раҳмат! Сезиб турибман, тасаввурингизда ёзувчи, – деганда, унинг ижодхонасида, албатта бирор-бир ёнғоқ дарахтидан ишланган, қирралари ялтироқ, ўртаси мато билан қопланган стол, шунга мос курси. Стол устида бир томонда лагани тескари ўгирилган шишали симчироқ, яна бир томонда қаламдон, кулдон-у, сиёхдон, қуш патидан қалам. Деворда мўйқаламда ёзилган қайси бир классикнинг суратидан тортиб, дуторгача. Атрофда қораланган қоғозлар-у, шинамгина ойнабанд қопламада суюкли рафиқасининг оқ-қора сурати бошқаларида невара – эвараларнинг рангли суратлари…

Ҳазил аралаш бўлсаям айтиб қолай, эҳтимол яна бир қўнғироқ жиринглаб қолса, қайси бир ноёб “антиквар “дўкондан буларнинг барчасини харид қилармиз. Ижодхонаниям жиҳозлармиз.

Буларнинг ҳаммаси бир ҳазил аралаш гаплар. Тўғрисини айтсам отамнинг махсус ижодхоналари бўлмаган. Телевидениядан деса шошиб қолардик. Уйимизда бир неча бор телевединияга кўрсатув тайёрлаган журналист Илмира Рахматуллаева бу оддийликни кўриб хайратга тушган. Кўрсатувни бари бир тайёрлаш керак эмас–ми, ўта фаросатли Илмирахоннинг ўзлари чаққонлик билан енг шимариб, бирор-бир хонада ёки ҳовлининг ўзида бир лаҳзалик бўлса ҳам ижодхона руҳи уфуриб турадиган саҳна уюштириб, операторларни ишга тушириб юборарди. Барака топсин.

Ана энди жиддий қилиб айтадиган бўлсам бир парча оқ қоғоз бўлса отам кўкракларига босиб ёзардилар. Юриб ёзардилар. Туриб ёзардилар. Ётиб ёзардилар. Жой танламасдилар. Фақат битта нарсани яхши кўрардилар. Талаблари битта! Ижод вақтида осойишталик ва атрофларида чанг бўлмаслиги лозим. Столга ўтиришларидан олдин сочиқ олиб чангни ўзлари артар эдилар. Бировга буни артиб қўй! – демаганлар. Тонг саҳар соат бешларда туриб олиб бир коса қайнатилган, аммо илиқ сувга озгина асал солиб обдон эзиб эритар, уни бир совиришда эмас балки аста, бўлиб-бўлиб, симириб-симириб ичардилар. Куйин ўн минут физкультура. Уни бошлашдан олдин қоринларини соат милига тескари ҳолда беш дақиқа эзғилаб массаж қилиб олардилар. Ўн – ўн беш минут бадантарбия. Бизниям бунга мажбурлардилар. Сўнгра соқолларини тоза қиртишлаб, кейин столга ўтирардилар. 40-50 йил давомида шуни одат қилдилар. Овқат еб ётиб оладиган одамни ёмон кўрардилар. Яхши асар ёзиш учун ёзувчи жисмонан ва руҳий бақувват бўлиши кераклигини яхши тушунганлар чамаси. Бунга Толстойнинг ёғоч дастали чолғида ўт-ўлан ўриб турган суъратидан, Хемингуэйни балиқ ови ва бошқаларни мисол қилардилар. Ижод қилиш учун тонги 5 дан то 8 гача вақтларини ҳеч кимга “бермасдилар”. Жуда қизғанардилар. Зарурат бўлмаса наҳорги ошларга “бермасдилар”. Кечқурунлари ишлашнинг хосияти камроқ десалар–да ҳар куни икки-уч соатгача ёзардилар. Қолгани тинимсиз сайр. Бориш-келиш оралиғини ўзлари ўлчаб олган йўлакда камида икки ярим-уч чақирим. Бунга қўшимча ижод орасида яна беш юз метрдан беш-олти марта. Ҳар куни. Йил ўн икки ой. Олтмиш йил. Ярим коса сут ёки қатиқ бўлган енгил нонушта. Буниям ярми столда қолаверади. Ёзиб ўтирган асарларининг бирон бобини папка ёки газета ичига жойлаб ишга кетардилар. Бир умр давлат ишларида бўлиб, яна бетиним ижод нақадар машаққат эканини энди тушуняпмиз. Яна шунча китоб ёзиш. Тинимсиз меҳнат, изланиш. Таниқли мунаққидлар Матёқуб Қўшчонов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов ва Иброҳим Ғафуровлар бу ҳақда кўп ёзишган.

Айрим ҳолларда Дўрмондаги ёзувчилар боғида ишлар, лекин энг яхши кўрган жойлари Москва яқинидаги “Переделкино”, “Малеевка” ёзувчилар ижод уйлари эди. Тошкентда фикрлари жамлангандан сўнг ёзиш эҳтиёжи туғилиб, кўпроқ ўзларининг ҳисобидан бир ойлик таътил олардиларда у ерга равона бўлардилар. Ишонсангиз бир ойда катта романнинг “суяги” қотар ва бир сўз билан ифодалаш қийин бўлган жуда кўтаринки руҳда қайтиб келардилар. Переделкинодан Тошкентга қайтишда Москва орқали самолётда училарди. Ҳар сафар унга ўтиришдан олдин роман қўлёзмасини ниҳоятда эҳтиётлаш чорасини кўриб қўярдилар. Қўлёзмалар солинган иккита қалин папкалар устига ручкада “Это рукопись узбекского писателя Адыла Якубова. При утери прошу вернуть за хорошее вознаграждения”- деб, уй манзили ва телефон рақамини ёзиб қўярдилар. Шундан билингки асарнинг “қаймоғи” айнан мана шу папкаларда. Қайтиб келганларидан кейин “мазза қилиб” унга сайқал берардилар. Янглишмасам Переделкинога йигирма марталар бордилар ва ҳар сафар папкалар устига юқоридаги “визитка” бўлиб қолган илтимосларини ёзиб қўйишни эсларидан чиқармадилар. Ўз қўллари билан мана шу устхатлар ёзилган папкаларни сақлаб қўйганман. Тез-тез ҳовли ёки кўчамизнинг у бошидан бу бошига юриб, ўзлари билан ўзлари гаплашган ҳолатдаям ёзардилар. Бу жараёнда ўнг ёки чап қўлларининг тирсагидан озроқ букиб, кўрсатгич бармоқларининг учигача силтаб-силтаб қаҳрамонларини “гапиртирар” эдилар. Монолог пишиб етилгач дарров уйга кириб, қоғозга, ёки тик турганча ён дафтарга туширардилар. Бирор-бир асарни бошламоқчи бўлиб тургандаги қайдларини ёнларидаги блокнотга албатта тушириб олардилар. Ана шу блокнотларда ёзилажак асар санаси, сабаби, уни ёзишдан олдинги ўзларининг руҳий ҳолатларини айтиб, персонажлар, қаҳрамонлар, образларни қисқа “пишириб” олардилар. Шунингдек, Қуръон оятлари, айрим арабча, форсча, русча сўзларнинг чуқур маъносини ёзиб қўйганлар. Қирққа яқин бундай блокнотлардаги қайдлар ўзи бир дунёки, бу ҳақда кейинроқ тўхтаб ўтаман.

Костюмларининг ташқи ўнг чўнтакларида доим иккита-учта ручка юрарди. Етмишинчи йилларнинг ўрталаригача, хатто “Улуғбек хазинаси”ни ҳам сиёҳли ручкада ёзганлар. Аксар ҳолларда столга газетани ёйиб юбориб, унга тоза қоғозни қўярдилар. Чарчаган ёки ҳаёл сурган вақтларида газетанинг хошиясига айрим чизги белгилар, янги сўзлар, иборалар, афоризмлар, арифметик рақамлар йиғиндиси, “+”, “–”, “=” белгилари, айниқса, Литгазетада логотип бўлиб қолган Пушкиннинг машҳур бакембардли профелини чизиб қўйишни яхши кўрардилар. Чуқурроқ ҳаёлга чўкканларида бояги газета хошиясидан бир парча йиртиб олиб, бош ва кўрсаткич бармоқлари орасида буклаб, юмалатар ёки уни чайнаб ўтирардилар. Бир нуқтага қараб узоқ ўйланиб қолардилар. Ана шундай ҳолатларда уларга ҳалақит бермасликка, ўйларини бузмасликка харакат қилардик. Онам ёки биз астагина олдиларига чойнакда чой, бир чақмоқ қанд ёки новвот келтириб қўярдик. Билмай қолардилар. Аммо ҳеч қачон қайноқ чой ичмасдилар. Чой совигач ўринлардан турган ҳолда чойнакнинг ўзидан бир-икки хўплаб ичиб қўйишни афзал кўрардилар. Ижод ўртасида толиққанда катта тош ойна яқинига келиб соқолларини тоза олинган – олинмаганлигини кўрардилар–да, анчайин ўнг қўлларини кўтариб ёки шимларининг ўнг чўнтагида юрадиган майда тароқлари билан сочларини текислаб “Хў…ў…ш” – деб қўярдилар нимадандир мамнун бўлиб. Ва яна ҳаёлга чўмиб кетардилар. Ўзларига “қайтганларида” ҳаммамизга қилиниши лозим бўлган вазифаларни топшириб, дам олишга ёки ишга отланардилар. Ўзларига ярашадиган бу одат ва руҳий ҳолатлар бир умр ҳамроҳ бўлиб, деярли ўзгармади. Кўриб турибсизки ҳаммаси оддийгина, табиий. Шахсий ҳаётларида шундай содда эдиларки на бир ҳашам яшаш, на бир ҳашамроқ кийинишни билмасдилар. Бирор марта кийим-бош излаб бозорга тушганларини эслолмайман. Бунга кетадиган вақтлариниям тежаганлар. Бу ишни ойижоним қойилмақом қилиб бажарардилар. Бирон-бир костюм ё туфли олинадиган бўлса онам уларнинг эски костюмларининг икки томонидан елкасини ўлчаб олар, туфлиларининг ичига белгилаб олинган дарахт новдасидан кесилган бир қарич ёғоч чўпи доим сумкаларида юрарди. Деярли семирмаганлари учун битта костюмлари ва битта пальтолари 10-15 йил гавдаларидан тушмаган. Бошларидаги битта шляпалари ва галстукларини йиллаб кийганлар. Дада! Бошқа кўйлак, галстук ёки плаш кийинг десак:

– Мени биров куёв қилармиди? – деб қўяқолардилар.

Бу соддалик еб-ичишдан тортиб, кундалик турмушгача, ҳаётдаги камтарлик қон-қонгача сингиб кетганди. Болаларга, баъзан онам ёки бувимга пальто–ми? бирон-бир халатгами, қолгани эса фақат зарур бўлган озиқ-овқатгагина пул берардилар. Уйни ранг-баранг, башанг қилиб жиҳозлаш, ясатиш, таъмирлаш ишлариниям хушлайвермас эдилар. Буларнинг ҳаммаси “чепуха” дердилар. Ҳаммаси ижодга халақит беради. Инсонга кўп нарса керакмас. Оддий қулайлик бўлса бас! – дердилар. Хуллас, ўзлариям асаридаги Улуғбекнинг тили билан айтганда: бир бурда нон, бир қумғон сув бўлса, бас, –деб ҳисоблардилар. Ёзувчилар уюшмасига раис бўлганларида ҳукуматнинг хўжалик ҳовлиси – “хоздвори”га бириктириб қўйилганлар. Ўша кезларда кўп бюмлар, айниқса, озиқ-овқат бироз танқис, бориям “Гастроном”ларда узундан-узун навбат. Бозорларда 2-3 маротаба қиммат, “хоздворда” барчаси мухайё. Ўз нархида. Иштаҳани қитиқлайди. Отам халқнинг аҳволини, нимани еб-ичиши, қандай яшашини яхши билардилар. Ҳукуматнинг хўжалик ҳовлисидан хафтасига икки марта! – “дефицит”ни харид қилиш мумкин бўлса–да, фақат бир марта, ундаям энг зарур 3-4 хил маҳсулот учун пул тахлаб қатъий руйхат асосида онамни юборардилар. Болаларга рухсат йўқ. Доим:

– Эл қатори юринглар. Бировдан олдин, бировдан кейин. Шукур қилинглар! – деярдилар.

Ҳаёт эмасми. Баъзан отамизга нима дейишларини билсак ҳам, майда-чуйда қийинчиликлардан гап очиб қоламиз. “Қойил” қилмасак ҳам таскин топармиканмиз деймиз–да. Дарров жавоблари тайёр. Биринчиси –инсоф, камтарликка чақирардилар. Дабдабани ва хашаматни мутлақо тан олмасдилар. Иккинчиси – нафсни тийинглар! Уни идора қила билиш керак! Йигитмисилар – ўзи, – деб қўярдиларда, кўпинча ҳовлимиздаги бетон асфальтни тешиб чиққан ажириқни мисол қилиб:

– Ана шундай ёриб чиққанмиз, – деб юборардилар. Идеаллаштиришдан йироқман. Аммо, ёзувчи нафсини ва ҳатто иштаҳаниям жиловлай олсагина йирик бир асар ёза олиши мумкинлигини аллақачон тушуниб етган эканлар. Бунинг устига ўзларига хос назари баландлик, ҳар нарсага эътибор қилавермаслик энг катта ютуқлари эди. Бу ҳақда кейинроқ алоҳида тўхталиб ўтаман.

Ёш боламиз. 60–йиллар сўнгида маиший ҳаётда юмалоқ тасмали магнитофон деган нарсалар пайдо бўлди. Бир куни кайфиятларини пойлаб, ака-укалардан “элчи” сифатида уни олиб беришларини илтимос қилиб, ёзиб ўтирган хоналарига кириб бордим. Отам:

– Нима? Айтчи, қайси қўшнининг боласида магнитофон бор? дедилар. Бир оз ранжиганимни сездилар шекили бир хафтадан сўнг энг арзон магнитафонга пул бердилар. Роса қувонганмиз. Ҳудди шундай, яна бир куни, бу сафар фақат акаларимдан элчи бўлиб юрагимни ховучлаб велосипед олиб беришларини илтимос қилдим. Отам:

– Ҳай қанақасилар ўзи! Қайси қўшнининг боласида велосипед бор? Улар ранжимайди-ми? – дедилар бу сафар жиддий аччиқланиб. Болалик эмасми, вилосипед тушимизга кирадиган бўлиб қолди. Шу асно биринчи велосипед ҳовлимизга бир йилдан сўнг, чамаси “Улуғбек хазинаси” асари журнал нашрининг қалам хақига кириб келди–ёв. Ҳаммамиз қувонганмиз. Уни миниш учун кўчамиз болалари навбат туришарди. Қўшни болалар билан “баҳам” кўраётганимиздан отам мамнун бўлардилар. Гап қалам ҳақида экан бир-икки оғиз гапирмасам бўлмайди. Отам катта романовис бўлганликлариданми? – билмадим негадир кўпчилик ижодкорлар, айниқса журналист дўстларим ва ҳатто қариндошларимиз ҳам отамни ўта “бой” бўлса керак деб ўйлашарди. Қадрдонлашиб кетган журналист дўстларим билан кўришиб, гапимиз бирон-бир асар ёки мақоланинг гонорарига бориб тақаладиган бўлса, гапимни бўлим:

– Искандар! Муҳаррирларда пул йўқ. Пулнинг ҳаммаси Одил акамда. Катта ёзувчи. Китобларига яхши тўлашади. Ё нотўғри-ми? –деса, бошқаси:

–Ҳа. Одил акам профессионал ёзувчи. Уларга яхши ҳақ тўлайди. Меҳнати–ям оғирда. Ҳалиям бизда яхши тўламайди. Чет элда-чи? …Таржималаригаям яхши тўланса керак-а – Искандар? – дейишади қитиқ патимга теккан бўлиб. Мен эса гапни чўзавермасдан, қайдам-ов деб, –суҳбатимизнинг нишабини бошқа ёққа буриб юбораман. Оилада, қариндош-уруғлар, айниқса, бола-чақалар олдида отам қалам ҳақи тўғрисида гапирмасдилар. Шундай бўлсада айрим нашриётларга қалам хақини олгани онамни баъзан мени юбориб турардилар. Қалам хақи кўпроқ бўлса омонат дафтарчасига ўтказардилар-да, дафтарчаларни “узоқроқ”қа яшириб қўярдилар. Ўша вақтлар ҳисобидаям, бугунги ҳисобдаям дафтарчаларида “катта” пулнинг ўзи бўлмаган. Ҳамма гап борига қаноатланиб яшашда бўлган. Маълумки ёзувчи-ижодкорларнинг муқим иш жойидан олинадиган ойлик маошлари кўп эмас. Асарларнинг босма табоғига олинадиган ўртача йиллик гонорари маошларига қўшилиб, ўртача ойлик даромадлари ҳисобланарди. Ундан турли бадаллар тўланарди. Даромад қанча юқори бўлса тўланадиган бадал ҳам юқори. Кўриб турибсизки, юқори гонорардан бадал ҳам кўп. Ундан ташқари отам турли меҳр-саҳоват йиғимларгаям пул ўтказиб юрардилар. Бу ҳақда ҳеч кимга гапирмасдилар. Албатта отам ҳам бошқа ижодкорларга ўхшаб босма табоққа кўпроқ қалам ҳақи тўланишини истардилар. Лекин ўрнатилган норматив бўлган.

Ўтган асрнинг 70-80 йилларда хорижий тилларга ўгирилган асарларига қалам ҳақи Москов орқали келарди. Аввалига отамга буюртма почтадан бирон-бир романларини марғиб ёки машриқда чоп этишга изн сўрашиб, бирам барваста, юки туяни йиқитадиган икки томонлама шартномага имзо қўйишларини илтимос қилишарди. Шартномада қалам ҳақи 10-15 минг доллар кўрсатилган. Бир қараганда осмон баробар ваҳима, айниқса ўша пайтда. Аслида-чи? Московда собиқ иттифоқ миқёсида хорижий валюта кирим-чиқимлари билан шуғилланадиган битта-ю-битта ўта сирли ва айни дамда важохатидан ит хуркадиган “Внешторгбанк” бўларди. Тартиб бўйича СССР Ёзувчилар уюшмасини валюта рақамли ҳисоби ўша банкда бўлган. Қарабсизки, ёзувчиларга таржимадан келадиган “мўмай доллар” тўлиғича ўша банк ҳисобига тушган. Таржималардан тоғдай даромадларни улар ўзлаштирган. Ундан-да қизиғи 10-15 минг доллар қалам ҳақини 90 фоизи, банк хисобига, эхтимол банкда ёзувчилар уюшмаси ҳисобига ўтказилар ва уларда қоларди. Энди ўйлаб кўринг, шартномада муаллиф имзолаган 10 ёки 15 минг АҚШ долларидан 10 фоизи – бир ёки бир ярим минг доллари гўёки ёзувчига. Бу ёғи ундан ҳам “фожиали”. Ана шу бир ёки бир ярим минг доллардан 40 фоиз солиқ ушланарди. Қолган 60 фоизи эса – асари хорижда чоп этилган адибни қалам ҳақи 600 доллар. Муаллифга у ҳам нақд шаклда ҳеч қачон берилмаган. Банкнота, хатто бир долларлик купюра ҳам қитъий назоратда бўлган. Ўрнига ана шу 600 доллар эквивалентида оддий қоғозда босилган “чек” ё “сертификат” асар муаллифига берилган. Табиий-ки, бу “чек” лардан фақат махсус дўконлардан кийим-кечак ё шунга ўхшаш нимадир харид қилса бўлади, аммо “чек”ни бировга сотиш ҳам қонун билан қатъий тақиқланган. Қисқаси, бутун бошли битта романга 600 шартли бирликдаги “чек”ка эга бўлинган. Вассалом.

Айрим вақтларда унвонларини ёки Ватан уруши қатнашчиси, хатто уруш ногирони эканликларини инобатга олиб, энг бўлмаса 40 фоизли солиқни олиб ташлашни, бу ҳақни ошириброқ беришларини сўраб Московдаги тегишли идораларга хат билан мурожаат қилиб турардилар. Бундан натижа бўлмасди. Хуллас, улар яна ўша белгиланган нормативлардан иқтибос келтириб, келгусида ижодларига улкан зафарлар тилаган тутуруқсиз жавоб хатини жўнатишарди. Юқорида айтганимдай борига қаноатланиб, қалам ҳақини борича режали сарфлашдан ўзга йўл бўлмаган. Бу ҳақда қуйида алоҳида айтаман. Китоблари миллионлаб ададларда чоп қилинган бўлсада, ўзлари миллионер бўлмаган. Энди ўйласам, отам мунаққид Иброҳим Ғафуров айтгандай – “профессионал қалам хақига бола-чақа боқиб, оила тебратган сўнгги Могикан – ҳақиқий мастер” – эканлар.

Соддалик, камтарлик. Ҳа. Қизиқ. Бир йили Қозоғистонлан таклиф келган эди. Одил ака, Хукуматимиз сизга “Қозоғистон халқ ёзувчиси” унвонини бермоқчи. Сиз Туркистон фарзандисиз-ку, – деб. Отам эса менга Ўзбекистонни халқ ёзувчисиям етади, раҳмат деб, рад жавоби қилганлар. Шундай кунлардан бирида 90 йиллар аввалида Ўзбекистон Фанлар Академияси Президюмидан расмий бланкада Отамни ва Пиримқул Қодировни Фанлар Академиясига мухбир аъзо этиб сайлашларига розилик беришлари тўғрисида илтимоснома келди. Отам рахмат, лекин мен бир ёзувчи бўлсам, халқни аҳволи бу бўлиб турганда, академиклик менга нима керак, деб жавоб хати қайтарганлар.

Отам Абдулла Қаҳҳорнинг рус тилида нашр қилинган “Танланган асари”га ёзган сўзбошининг номини “Строгая доброта” деганлар. Улкан маънони англатувчи бу икки бирикмани ўзбекчага ўгираман деб роса қийналганман. Рости ўзим ёзган бир ҳикоямни шундай номламоқчи эдим. Авввал “қаттиққўл меҳрибонлик” кейин “меҳрибонлик” яна бирда “яхшилик”, “ғамхўрлик”. Хуллас, ёзаман, ўчираман. Яна ёзаман. Яна ўчираман Аслини олганда ана шундай меҳрбонлик отамнинг ўзларигаям, Холдор укаларигаям, волидалари бўлмиш Гулшан бувимизгаям хос эди. Меҳрбон ва қаттиққўл бувимизнинг турмушлари Туркистоннинг Қарноқ қишлоғи билан боғлиқ бўлиб, бир этак невара-чеваралар уларнинг тарбияларини олганмиз. Қишлоқда тонгдан шомгача меҳнат. Ўт ўрамиз, ўтин ёрамиз, сув ташиймиз, мол боқамиз. Вазифа тенг бўлинган. Ерни хайдаб картошка, карам, пиёз экамиз. Ҳосилни йиғиштириб, қишлоқнинг Сой маҳалласидан мева-чева, полиз йиғиб юрадиган машинага ортамиз–да, ўн уч чақирим ердаги Кентов шаҳрининг деҳқон бозорида сотиб келамиз. Даромад бувимизга топширилади. Ўзига хос оилавий бизнес. Бу хусусда кейин. Ҳозир мен “лирик” чекиниш қилиб, ҳар эслаганимда завқланиб юрадиган бошқа таасуротимни айтиб берай.

Олис Туркистоннинг Қарноқ қишлоғи. Унинг тарихи ҳақида кейинроқ. Қишлоқнинг кун ботар томонидаги Сой. Бойсун, Зомин, Бахмал тошлари-ю, яйловлар-ни эслатади. Сой маҳалласининг марказида эски уйимиз бўларди. Катта боғнинг ўртасидаги шинамгина бу уй 40-йилларнинг охирида қурилган. Уй лой пахсадан урилган бўлиб, уни исми адаш бўлган иккита Марям аммаларимиз лой пахсадан кўтаришган. Отамнинг тўққиз-ўн яшар суюкли жиянлари Марат ака лойнинг сомонини ташиб турган. Гулшан бувимиз бу ишларга бош-қош бўлиб, сўнгра уйнинг чироғини ёқиб ўтганлар. Эшикдан кирганда дахлиз, унинг чап томонидан бир хона, ўнгда ошхона. Бу дахлиз бўйига бор-йўғи тўрт метр бўлиб, қарама-қарши иккита эшиги бор. Уларни очиб қўйган одам бемалол катта боғнинг олди ва орқа томонини кўриб ўтирарди. Уйнинг атрофига дид билан райхон, картишкагуллар экилган. Майин хид уфуриб турарди. Шомдан аввал ҳовлига сув сепиб супириларди. Иккита кийгиз тўшалади. Кийгизнинг яхши томони ҳашорат яқинлашмайди. Чой-овқат ичилади. Ўша вақтларда тўрт-беш яшар бола бўлганман. Шомда қирдан пода қайтади. Тенгқурларим билан боғимизнинг сойга туташган этагига югурамиз. Атрофда чанг ва тезакнинг қўланса ҳиди бурқисиб кетади. Сон-саноқсиз сигир-бузоқларнинг мулашлари-ю, қўраларга ҳайдалган қўй-эчкиларнинг маърашларини мириқиб томоша қиламиз. Шу вақтда қаердадир тандирдан эндигина узилган ноннинг хушбўй ҳиди димоққа урилади.

Ажиб бир манзара. Тўғрими? Шатак1 отмай кўринг-чи? Момоларимиз эса гардиши пиёланикиданам кичикроқ нонларни “катта” нонларга қўшиб тандирга ёпиб қўйишган. Ундан узиш вақтини билганимиздан чопқиллаб кетамиз. Энг кичиги биринчи етганга! Ҳолбуки, ўзиям кичик, аммо, янаям кичигини талашамиз. Қўлни куйдирадиган бу жажжи нонларни ариқларда оқизиб еймиз. Бундан ортиқ лаззат бор-ми? Талашганмизни кузатиб турган қишлоқдаги опаларимиз шаддод эмас-ми? Бу опаларимиз:

–Хой! Талашманглар. Хап сени бир жойинг кесилгирлар. Кўрамиз…кесилганда (хатна маъносида) ҳолларингни… хап шаҳарлик стилягалар. Опаларимизнинг қий-чув кулгуси остида худди авратларимизни биров кесиб оладигандай бир оз энгашганча икки қўлимизни киндикларимиздан пастроқда қовуштириб оламиз. Менинг кўпроқ уялганимни сезиб, юзимни этаклари билан ёпиб олган гўзал бир опачани ўшандаёқ зимдан “севиб” қолганман. Катта кўзлари киприклари, икки қоши орасидаги ҳинд қизларига хос чиройли холи ўзига жуда ярашган бу мафтункор қизнинг ёши мендан талайгина катта бўлса-да, яна бир кўриш иштиёқида доим унга рўпара келиш йўлини излаб юрардим. Уни хатто тенгқурларимдан қизғанардим.

Тунлари кигиз устига етти-саккизтамизга қаторлашиб кўрпа ёйамиз. Каттароқларимиз олисдаги юлдузни “талашамиз”, кичигимиз унга термулиб ҳаёл оғушида ухлаб қоламиз.

Мана шу қишлоқ, мана шу сой билан ота-онам, Холдор амаким, Заҳро аммам, жиянлар, борингки ҳамма қариндошларнинг тақдири боғланган. Бу қариндошларимиз ва ажойиб қудалар ҳақида кейинроқ тўхтайман.

Отамнинг илк асарларидан бошлаб сўггисигача, уларда тасвирланган табиат манзаралари – қир-адирлар, яйловлар, баъзан сокин, баъзан ҳайқириб оқадиган сувлар, тоғ-тошлар, аниқроғи, болаликдан бир умр кўзларига муҳрланиб қолган сой манзаралари моҳирлик билан китобларга кўчирилган.

Юқори боғимизнинг ўқ ариқдан келадиган сув ўзанининг ярми пастаккина уйимиз пешида тўсилган бўлиб, унинг учта гардишини айланади-да, пастки боғимизнинг катта ариғига қўшилиб кетади. Биз болалар уй гардиши бўлагидаги эни бир ярим қарич келадиган бу ариқчани икки томонидан бўғиб, салкам ўттиз метрлик қисмида шинамгина уч-тўрта “дарё портларини” қурамиз. Унда дафтар қоғозидан ясалиб, хас-чўплар билан “юкланган кемаларни” оқизамиз. Табиий, бу “порт” бизга бир кун хизмат қилади. Сабаби кун ботгач юқори боғимиз суғорилиб, ўқ ариқнинг ўзани очиб юборилади. Ҳаммасини ювиб кетади. Эртаси куни кемаларимизга қўшиб болалик ҳаёлларимизниям оқизиб кетган алдамчи арқчаларда ҳаммасини қайта қурамиз.

Бугун хотира ёзаяпман. Кўз ўнгимда бир нарса гавдаланади. Эҳтимол, отамнинг ҳам болалик ўйин ва орзуларини олиб қочган қишлоқнинг бу алдамчи ариқчалари олдида кечган чуқур ўй-хаёллари, келажакда уларнинг улкан адиб бўлишларига бир туртки бўлгандир!

Гулшан бувимнинг уйларига қўшнилар, қариндошлар бетиним кириб-чиқиб туришар, дастурхон атрофига йиғилиб, суҳбат қуришарди. Патнисда доим қуртоб, туршак, майиз. Ошхоналаридаги эски абдраларида (сандиқ маъносида) қотма, мазали бир қадоқ тузланган гўшт. Меҳмон келди деганча дарров уни олиб овқат пишириб кетардилар. Кунларнинг бирида бувимнинг олдиларига укалари Ҳилват деган тоғамиз келади. У кишининг мўйловлари Чапаевникига ўхшаган, фронтовик, урушдан олган жароҳат туфайли оқсоқланиб юрардилар. Бир ювош одам. Кителларидаги битта орденлари ҳеч қачон ечилмаган. Бу ювош одам одатда қишлоқнинг кун чиқар томонидаги қирлиқдан эшакда тушиб келарди. Бизни қучоғига олиб, ўпиб қўйилганидан сўнг биттадан қурт оббериб, эшагининг айилини бўшатарди-да, нухтасидан тортиб толга бойлаб қўярди. Бизга қараб:

– Минманглар! – Йиқилиб майиб бўласилар. Эшитдиларинг-ми? –деганча бувим билан суҳбатлашгани уйга кириб кетардилар. Эшак боғланган тол билан уйимиз ораси фақат баланд овоз билан қичқирганда эшитиладиган ерда. Томошани энди кўринг! Айтган эдим-ку, бир этакмиз, -деб. Бировимиз тоғанинг қайтишини қоровуллаймиз. Қолганимиз бўшатилган эгарнинг айилини қайта жойга тортиб боғлаймиз-да уни талашиб минамиз. Ҳар сафар унинг айилини яна бўшатиб юборишга ё улгурмай қоламиз, ё эсдан чиқади. Мана шундан “қўлга” тушамиз. Бирдан қий-чув. Гарчи йиқилмаган бўлсак-да, доим битта сценарий. Бир томонда тоға:

–Башларинг қурси, силаринг. Этдимғу, минманглар деб. Иккинчи томонда, бувим:

–Овзингдин қанларинг каси. Қуласанглар Одилға ни дейма!

Хуллас ҳаммамиз ҳар томонга тум-тарақаймиз. Биласиз, эшакдан қулаш отдан йиқилишдан ёмон.

Умуман олганда “маъқул” деган иборани кўп ишлатадиган Ҳилват тоға билан Гулшан бувим ўртасидаги суҳбат мавзуси ўта жиддий ва сирли бўлиб туюларди. Олтмишинчи йилларнинг аввали эмас–ми?… Кейинроқ билсам гап қатағон қилинган Эгамберди бобомиз тақдири ва эндиликда отамиз Одилни “эҳтиёт”лаш ҳақида бўларди. Нима бўлгандаям, мавзу шунга яқин бўлиб, бу суҳбатдаям, бошқасидаям роса “сан-ман”дан кейин эркакшода бувимнинг гаплари “маъқулланиб”, ютиб чиқардилар. Бошқа яқинларимиз билан бўладиган суҳбатлардаям Гулшан бувим яна эркакшодалик билан енгиб чиқардилар. Гапларини ҳамма маъқулларди. Қишлоқ аҳли итоат қиларди. Қилмай кўрсин-чи? Биз бундай муҳитдан мағрурланиб қўярдик.

Мазкур лирик чекинишимга сабаб, болаликдаги таасуротларимдан завқланиб, 80-йилларнинг ўрталарида ҳажми бир босма табоққа яқин 2 та ҳикоя машқ қилганман. “Меҳр” ва “Уй” деб номланган бу ҳикоямни нақд олти ой отамга ўқитиб кўришдан уялиб юрдим. Охири пайт пойлаб қўлларига тутқаздим-да, гап орамизда қолишини илтимос қилдим. Эртасига кун бўйи отамнинг фикри қандай бўлди экан, мени чақириб танбеҳ берармикин, – деган ўй тинчлик бермади. Нимадан–дир ийманиб кечгача уйга кирмай юрдим. Бир вақт, қош анча қорайганда ҳовлига кирсам отам йўлакнинг у бошидан бу бошига бориб-келиб турган эканлар. Эшикдан кирганимни билсалар ҳам, индамасдан юришларида давом этавердилар. Бир вақт:

–Болам. Бу ёққа кел, ўтирчи, – дедилар, чироқ тагидаги скамейкага ишора қилиб. Сезяпман. Ҳаяжондан юрагим тез уряпти. Бунинг устига қандайдир ноқулай аҳволдаман.

Бир муддат сукунатдан кейин гапларида давом этиб:

– Умуман олганда ёмон эмас. Деярли қалам теккизмадим, деганларича яна ўйланиб қолдилар.

Ишонсангиз, шу дамда елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Бошларини мен томонга бурдиларда, ўсиқ қошларини тагидаги ўткир кўзларини тикиб:

– Бу ишининг яхши, ёзишдан сира қўрқма, – деб қўйдилар. Мана, Абдулла Қодирий. Ҳаётий воқеаларни оддий сўзлар билан ҳикоя қилиб кетган… Жимжимадор аралаш гажак гаплар керакмас. Узундан – узун абзацлардан воз кечиш керак. Толиқтиради. Қўрқмасдан бир нечта бўлакларга бўлиб юбориш керак. Бу гаплар сенга таалуқлимас. Умуман айтаман. Чеховни ўқиб кўргин… Майли “асаринг” ёмонмас. Истасанг бирор газета ё журналда бостириб бераман. Ўзингниям ҳаммаси танийди, – деб гапларини чўзмасдан тугатиб қўя қолдилар.

 Ҳар ҳолда шу куни “мақтов” эшитган бўлсам ҳам, нимагадир ҳикоямнинг “тақдирига” чек қўйишга қарор қилдим. Аслида уни ёзишдан мақсад қишлоқдаги болалик завқлари бир баҳона бўлиб, Гулшан бувимни тилга олиб кетиш бўлган. Негаки, бунга қадар отам волидалари, оталари ва боболари хусусида, эҳтимол кўнгилларига тугиб қўйган бўлсалар ҳам, ҳеч нарса ёзмаган эдилар.

Орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Икки мингинчи йиллар аввалида кўп қистовларимиздан сўнг отам “Музқаймоқ” кейин “Онаизор” ҳикояларини ёздилар. Бу ҳикоя илк марта “Саодат” журналининг 80 йиллик юбилей сонида чоп этилган. Унданам кейин “Қарноқ” эсдаликлари ва “Осий банда”ни ёздилар Юқоридаги иккита асарнинг бирида оталари Эгамберди бобомиз, бирида волидаи муҳтарамалари Гулшан бувимиз, яна бирида боболари Ёқуб “Шайх” хотирлаганлар. Назаримда бу асарлар нафақат ҳикоя ёки эсдалик ёзишда балки улкан насрда “кўрган-кечирганларим”ни қаламга олишнинг юксак намунаси бўлди. Улардан бири оналарни улуғлашнинг, яна бири ота дийдорига тўймаган мурғак қалбларда сақланиб қолган изтиробли ва армонли фарёднинг ҳикояси эмас, бамисоли уларни шеъриятда бунёд қилинган улуғ ҳайкали бўлдиёв.

1 Шевада, шаталоқ маъносида

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php