Наманган вилоятида истиқомат қилувчи ёшлар муаммолари ўрганилди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов масофадан туриб таҳсил олаётган талабалар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.

Бўлиб ўтган учрашувда талабалар ўзларини қийнаётган қуйидаги масалалар ҳақида ректорга маълум қилдилар ва ўз таклифларини билдирдилар:

– университетнинг масофавий таълим платформаси орқали профессор-ўқитувчилар томонидан берилаётган вазифаларни бажариш вақтида узулишлар содир бўлаётгани ва бу жараённи қайтадан бошлаш, вақт сарфини ошишига сабаб бўлаяпти;

– ўтилаётган фанларни ўзлаштиришда адабиётлар етишмовчилиги мавжуд. Шу боис университет Ахборот-ресурс марказидаги дарсликлардан ҳудудларда фойдаланиш учун етказиб бериш чора-тадбирларини кўриш мақсадга мувофиқ;

– Zoom дастури орқали онлайн дарсларни ўтказиш икки томонлама мулоқот қилиш учун қулай бўлсада, лекин интернет трафиги сарфи нуқтаи назаридан ноқулай. Шунинг учун TAS IX форматида онлайн дарсларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Университети ректори талабаларни тинглаб, улар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

— “Биз доимо талабалар билан гоҳида онлайн, гоҳида мана шу каби юзма-юз учрашувлар ўтказиб бораяпмиз. Мақсад Сиз дуч келаётган муммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларга ечим топишдир, дейди ректор. Бу каби учрашувларда билдирилган фикрларни ўрганган ҳолда университет масофавий таълим платформасини такомиллаштириш борасида кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Платформада узулишлар, техник муаммолар бўлмаслиги учун зарур жиҳозлар харид қилинди. Бу борадаги муаммолар октябрь ойигача тўлиқ бартараф этилади. Дарсликлар масаласида эса тез кунларда Наманган тадбиркорликни ташкил этиш техникумида алоҳида шароитлар яратилади. Яна бир янгилик шуки, жорий йилнинг охирига қадар Smart университет лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган, ўйлайманки бу жараён онлайн дарсларни ташкил этиш, таълим берувчи ва таълим олувчи учун ҳам қулай бўлади.”

Шунингдек, учрашув давомида Наманган тадбиркорликни ташкил этиш техникумида ҳафтанинг маълум кунларида ҳудудга яқин турувчи талабалар учун университет профессор-ўқитувчилари томонидан дарс соатлари ташкил этилиши маълум қилинди.

Ректор ва талабалар дарс ўтиш жараёнларини бевосита кузатиш мақсадида реал вақт режимида онлайн дарс соатида иштирок этдилар.

Сафар давомида Наманган тадбиркорликни ташкил этиш техникумида янги ўқув йили учун ташкил этилган қабул жараёнлари, таълим бериш ва ҳунар ўргатиш имкониятлари билан танишилди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Наманган тадбиркорликни ташкил этиш техникуми профессор-ўқитувчилари салоҳиятидан фойдаланган ҳолда ҳудуддаги талабгир касблар бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Университет талабалари ва техникум ўқувчилар учун зарур ўқув адабиётлари рўйхатини шакллантириш бўйича таклифлар киритиш айтиб ўтилди.

 

 

ТДИУ ахборот хизмати

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php