Ректор Жиззах вилояти ёшлари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, профессор Қўнғиротбой Шарипов COVID-19 пандемияси даврида масофадан туриб таҳсил олаётган талабалар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида Жиззах вилоятига борди.

Бахмал туманининг макроиқтисодий кўрсатгичларини илм-фан ютуқлари ва илмий тадқиқот натижалари орқали яхшилаш масалалари муҳокама қилинди

Бахмал тумани ҳокими Муса Анорбев билан бўлиб ўтган учрашувда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан туризм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, фуқароларни ўзини ўзи банд қилиш, салоҳиятли кадрлар базасини яратиш, амалиётга инновацион лойиҳаларни жорий этишда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Туман мутасаддиларининг маълумот беришича, ҳудудда 156 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, улардан 25 фоизи доимий иш билан банд эмас. Шундан келиб чиқиб, туманни илм-фан ва инновациялар соҳасидаги салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар асосида ривожлантириш борасида ҳамкорликдаги вазифалар белгилаб олинди. Ҳудуднинг мева-сабзавот, чорвачилик, боғдорчилик, енгил саноат соҳаларидаги имкониятларидан келиб чиқиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнига татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик йўналишлари  келишиб олинди.

Муҳокама қилинган масалалар ва белгилаб олинган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бахмал иқтисодиёт ва туризм техникуми базасида илмий тадқиқот маркази фаолиятини йўлга қўйилади. Шунингдек, бу муассасада меҳмонхона ташкил қилиниб, ўқувчи ва талабаларнинг амалиёт ўташлари учун зарур шароитлар яратилади.

Туризм ва ишлаб чиқариш имкониятлари илмий тадқиқ қилинади

Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, туманда тиббиёт туризми, зиёрат туризми, эко туризм ва тоғ туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юқори. Шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда Тошкент давлат иқтисодиёт университети илмий-тадқиқиқотчилари, Илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўлими, университети қошидаги “Young Entrepreneurs Generator” бизнес-инкубатори масъул ходимлари жалб қилинган ҳолда илмий изланишлар олиб борилади ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинади.

Ҳудудни ўрганиш жараёнида туманда кўплаб имкониятлар борлиги намоён бўлди. Биргина, Эски Жарбулоқ қишлоғида жойлашган табиб Отажон Акрамов хонадонига ташриф шуни кўрсатдики, тиббиёт туризми бобидаги салоҳият жуда юқори. Ташкил этилган соғломлаштириш марказида табиб табиий гиёҳларни йиғиш, қуритиш ва улардан малҳам тайёрлаш борасида кўплаб маълумотларни бериб ўтди. Шунингдек, табиб хонадонида боқилаётган отларни парваришлаш, эгарлаш ҳақида ҳам меҳмонларга тушунча берилди.

Талабалар ректор билан учрашувда ўз бизнес режалари билан ўртоқлашди

Бахмал туманининг Мўғол қишлоғи ҳудудида жойлашган Иқтисодиёт ва туризм техникумида бўлиб ўтган учрашувда даставвал, университет томонидан онлайн таълим сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтилди. Шунингдек, масофадан туриб онлайн амалга оширилаётган дарс жараёнларида дуч келинаётган муаммолардан келиб чиқиб (интернет тезлиги ва сифати, трафикнинг кўп сарфланиши) дарс машғулотлари талабалар учун қулай бўлган (трафик сарф этилмайдиган манбалар) университет масофавий таълим платформаси ва ижтимоий тармоқларда ташкил этилган гуруҳлар орқали етказиш тадбирлари йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

“— Албатта, ўқув жараёнлари шахсан ўзим, проректорлар ва деканлар назоратида, дея таъкидлади ректор учрашув давомида. — Сизларнинг муаммоларингизни ҳар куни, керак бўлса ҳар соатда ўрганиб бораяпмиз, таҳлил қиляпмиз, ечим излаяпмиз. Лекин, бу масаланинг бир томони, иккинчи томони ва энг асосийси эса, профессор-ўқитувчиларнинг профессионаллиги, Сизларнинг мустақил таълим олишга бўлган интилишларингизга боғлиқ. Онлайн таълим сифатини таъминлашда бу муҳим жиҳат эканлигини унутманг.

Шунингдек, вилоятнинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳудудга мос инновацион ва бизнес лойиҳалар ишлаб чиқиш масалаларида ҳам Сизларнинг ташаббусларингизни кутиб қоламиз. Лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилиши, уларни молиявий манбалар билан таъминлаш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда барча имкониятлар тақдим этилади. Муҳими дипломли мутахассис эмас, балки ўз соҳасини мукаммал эгаллаган кадр сифатида жамият ҳаётига кириб келишингиз бизнинг энг олий мақсадларимиздан бири эканлигини доимо ёдда тутинг”.

Шундан сўнг талабалар бугун юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, таҳсил олишда юзага келаётган муаммолар, ўзларини қийнаётган масалалар бўйича ўз фикрлари ва таклифлари билан ўртоқлашдилар. Таълим йўналишлари ва туман хусусиятидан келиб чиқиб тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш бўйича бизнес ғоялари ҳақида гапириб бердилар. Жумладан, ҳудудда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, уларни қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш борасидаги лойиҳаларга тўхталиб ўтдилар.

Талабаларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланиб, Бахмал туманига яқин ҳудудларда истиқомат қилаётган талабалар учун Иқтисодиёт ва туризм техникуми базасида ҳафтанинг маълум кунларида ўқув жараёнларини ташкил этиш, бизнес ғояга эга талабалар билан ишлаб, уларнинг бизнес режаларини молиялаштириш, грантлар жалб этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, Бахмал иқтисодиёт ва туризм техникуми янги ўқув йили учун ташкил этилган қабул жараёнлари, таълим бериш ва ҳунар ўргатиш имкониятлари билан танишилди.

 

 

ТДИУ ахборот хизмати

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php