Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Банк ва молия” инновацион илмий-амалий тадқиқот  маркази фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон илм-фани бугунги кунда ўзгариб бораётган бозор талабларига жавоб берадиган, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган инновацион иқтисодиётнинг технологик базасини яратиш борасида улкан имкониятларни намоён этмоқда. Албатта, бу йўналишдаги вазифаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишда салоҳиятли кадрларни тайёрлаш муҳим омил ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда “Туронбанк” АТБ билан ҳамкорликда университетнинг Молия ва бухгалтерия ҳисоби факультети қошида “Банк ва молия” инновацион илмий-амалий тадқиқот  маркази фойдаланишга топширилди. Эндиликда талабалар “Туронбанк” АТБ ва унинг филиаллари билан тўғридан-тўғри уланиб, назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитиш имкониятига эга бўлдилар. Натижада ишлаб чиқариш ва унинг талабларидан хабардор бўлган мутахассисларни тайёрлаш самараси таъминланади.

Марказнинг очилиш тадбирида сўзга чиққанлар томонидан илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси механизмини мустаҳкамлашга қаратилган илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ўз самарасини бераётгани таъкидлаб ўтилди. Таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциянинг кучайиши мустақил фикрга эга мутахассисларни тайёрлашга нисбатан инновацион ёндашувларни кўриб чиқиш ва жорий этиш борасидаги яна бир қадам, эканлиги қайд этилди.

Мазкур марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши университет профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талабалари томонидан ишлаб чиқилаётган инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этишда алоҳида аҳамиятга эга. Шунингдек, янги тадқиқот йўналишларини яратиш ва мавжудларини ривожлантириш учун қулай шароит яратади.

Очилиш тадбири давомида талабалар томонидан ишлаб чиқилган инновацион лойиҳалар тақдимот қилиниб, банк мутахассислари томонидан ушбу лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, тўғридан-тўғри мулоқот давомида талабаларга банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар, амалиёт жараёнлари ва унда рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятлари намойиш этилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг хорижий маслаҳатчиси ва эксперти, ҳозирги кунда Британиянинг Халт халқаро бизнес мактаби (Hult International Business School)да фаолият кўрсатаётган Хамид Иргашев иштирок этиб, онлайн видеоалоқа тартибида “Илмий-тадқиқот марказлари ва ўқув лобораторияларининг таълим жараёнида қўлланиши: аҳамият ва хорижий тажриба” мавзусидаги маърузасини тақдим этди.

Шунингдек, университетнинг хорижий давлатларда PhD ва DSc илмий даражаларини олган профессор-ўқитувчилари инновацион илмий-амалий ўқув лобораторияларининг илмий тадқиқотларни олиб боришдаги аҳамияти ҳақида йиғилганларга гапириб бердилар.

Маълумот ўрнида. Тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилишга қаратилган лойиҳалар бўйича “Туронбанк” АТБ билан қиймати 2,5 млрд сўм миқдоридаги молиявий ресурсларни жалб этиш бўйича ишлар олиб борилаяпти.

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php