✍️ Эндиликда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида халқаро даражадаги кадрлар тайёрланади

Хабарингиз бор, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишни жадаллаштириш орқали хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ҳисоб ва аудит соҳалари мутахассисларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси президентининг “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинган эди.

Қарорга асосан МҲХС соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича жаҳоннинг муваффақиятли тажрибаларини оммалаштириш, шу жумладан бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича нодавлат таълим ташкилотларини ҳамда соҳага оид олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказиш юзасидан бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича тезлаштирилган тарзда ўқитиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси асосида ўқув жараёнини ташкил этишга бағишланган видеомулоқот ташкил этилди.

Бўлиб ўтган видеомулоқот давомида Буюк Британиянинг Халт халқаро бизнес мактаби (Hult International Business School), Бухгалтерия ҳисоби ва молия факультети доценти лавозимида фаолият кўрсатаётган хорижий ватандошимиз Хамид Иргашев молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ҳамда мазкур соҳада кадрлар тайёрлашнинг замонавий усуллари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Хамид Иргашев Лондон иқтисодиёт мактаби (London School of Economics) ва Фордхем университетида (Fordham University) ҳам бухгалтерия ва молиявий ҳисобот йўналишида академик фаолиятини самарали олиб бормоқда. Шунингдек, у Олий таълим академияси (HEA), Сертификатланган малакали бухгалтерлар ассоциацияси (ACCA), Англия ва Уэльс малакали бухгалтерлар институти (ICAEW) каби профессионал уюшмаларнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлиб ҳисобланади.

Ўз иш тажрибасини Прайс Уотерxаус Куперс (PriceWaterhouseCoopers) компаниясининг Буюк Британия офисида бошлаб, турли молиявий ташкилотларга бухгалтерия ва аудит соҳасида маслаҳатларини бериб келган Хамид Иргашев сўнгги ўн йил давомида олий таълим соҳасида фаолият кўрсатмоқда. Халт халқаро бизнес мактабида 2016, 2018, 2019, 2020 йилларда “Энг яхши бухгалтерия профессори” унвонига, 2020 йилда Фордхем университетида “Таълимда юксак натижалар тимсоли” мукофотига сазовор бўлган. Лондон иқтисодиёт мактаби учун ҳаммуаллифликда яратган онлайн курси (MBA Essentials) ушбу университетнинг энг муваффақиятли онлайн курси сифатида тан олинган.

Муҳокамалар давомида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассислигидаги «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича МҲХСни чуқур ўрганишни назарда тутувчи янгиланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва таълим жараёнига жорий этиш бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Айни йўналишда кадрлар таёрлашда аввало педагог ходимлар малакасини ошириш зарурати вужудга келади. Шундан келиб чиқиб, ТДИУ ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог кадрлар малакасини ошириш тизимини жорий этиш ва бу жараёнга дунёнинг етакчи илмий даргоҳлари мутахассисларини жалб этиш бўйича ишлар ташкил этилади. Университет расмий сайтида халқаро сертификатлаш доирасида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида таҳсил олган педагог кадрлар тўғрисидаги маълумотлар базаси эълон қилиб борилади ва бу маълумотлар доимий равишда янгиланиб турилади.

Бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича фанлар фақат халқаро сертификатлаш доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» ёки «АХС бўйича аудит» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган ўқитувчилар томонидан ўқитилади.
Халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорлар олий таълим муассасалари магистратурасининг «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» мутахассисликларига кириш имтиҳонларини топширмасдан тўлов-контракт асосида кириш ҳуқуқига берилади.

Видеомулоқот сўнгида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов Х Иргашевга ушбу лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди. Томонлар бу масалада ҳамкорликни чуқурлаштириш ва амалий ҳаракатларни тез фурсатда бошлашга келишиб олдилар.

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php