Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро ҳамкорлик доирасини кенгайтирмоқда

2020 йил 26 июнь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Уфа давлат нефт-техника университети раҳбарияти ўртасида таълим ва илмий соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган онлайн режимидаги расмий учрашув бўлиб ўтди.

Онлайн мулоқотда 2020 йил феврал ойида эришилган келишувларни давом эттирган ҳолда икки томонлама диплом берувчи 38.04.01 “Иқтисодиёт” мутахассислиги бўйича магистрлик дастурини ишга тушириш масаласи муҳокама қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси талабаларига бир вақтнинг ўзида иккита магистратура дастурини: УДНТУнинг “Рақамли иқтисодиётдаги молиявий технологиялар” ва ТДИУнинг “Бухгалтерия ҳисоби (тармоқлар ва соҳалар бўйича)” дастурларини ўзлаштириш таклиф этилади.

Ўқишнинг биринчи йилида талабаларга иқтисодиётда ахборот-таҳлилий ва бухгалтерия таъминоти соҳасидаги фундаментал фанлар бўйича ўқиш имконияти берилади. Шунингдек, талабалар бир вақтнинг ўзида УДНТУнинг рақамли платформаларидан фойдаланган ҳолда рақамли иқтисодиётнинг назарий курсини масофавий форматда ўзлаштириши мумкин бўлади.

Ўқишнинг иккинчи курсида ўзбекистонлик талабалар Урал давлат нефть-техника университетида оффлайн форматда рақамли иқтисодиёт бўйича амалий кўникмаларини эгаллайдилар. Бунда улар рақамли иқтисодиётда ERP тизимларидан фойдаланиш, маълумотлар таҳлили (BIG DATA), рақамли бизнес стратегиялари ва ахборот хавфсизлиги, ахборот тизимларини лойиҳалаш, рақамли иқтисодиётда бошқарув қарорларини қабул қилиш учун бухгалтерия ва таҳлилдан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлади. Талабаларнинг илмий ишларига УДНТУ профессор-ўқитувчилари раҳбарлик қиладилар. Курс охирида талабалар иккита университетда магистрлик диссертатсияларини ҳимоя қилишлари керак бўлади.

Халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида УДНТУ ректори ўзбекистонлик ҳамкасбларни 2020 йил октябр ойида бўлиб ўтадиган “Рақамли иқтисодиёт бозор иштирокчилари хатти-ҳаракатларининг янги моделлари” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда иштирок этишга таклиф қилди. Бу анжуман илмий ишларнинг SCOPUS ва WoS базаларида индексланаши билан аҳамиятли эканлигини айтиб ўтиш ўринлидир.

Шунингдек, ректорлар Россия олий ўқув юртларининг етакчи олимлари раҳбарлиги остида ўтказиладиган VII мега-грант танловида профессор-ўқитувчиларнинг муносиб иштирокини таъминлаш ва уларнинг халқаро илмий нашрлардаги фаолиятини фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Учрашув натижаларига кўра, рақамли иқтисодиёт соҳасида мутахассислар учун янги ўқув дастурини амалга ошириш ва келгусида ҳамкорлик қилиш учун йўл харитаси ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Учрашувда ТДИУ ректори Қўнғиротбой Шарипов, Ўқув ишлари бўйича проректор Мансур Эшов, Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Дилором Бегматова, Магистратура бўлими бошлиғи Нодир Акбаров, Рақамли иқтисодиёт кафедраси мудири Мунисбек Абдуллаев, Бухгалтерия ҳисоби кафедраси профессори Шаҳло Эргашева, УДНТУ ректори Олег Баулин, Ўқув-услубий ишлар бўйича проректор Александр Могучев, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Наил Чанишев, Нефть ва газ бизнеси институти директори Татяна Леибер ва Корпоратив молия ва бухгалтерия технологиялари кафедраси доценти Элвира Халикова иштирок этдилар.

 

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php