Муқимийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган вебинар-давра суҳбати ташкил этилди

Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университети «Молиявий таҳлил ва аудит» кафедраси ва Тошкент банк коллежининг маънавий-маърифий тадбирлари режаси доирасида «Муқимийнинг адабий меросини ўрганиш ёш авлоднинг бурчидир» мавзусида вебинар-давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирни университет профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Баҳодир Ҳасанов кириш сўзи билан бошлаб берди.
Таъкидланганидек, Муқимийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг адабий меросини авайлаб-асраш ва келажак авлодга етказиш бугунги кунда ҳам катта аҳамият касб этмоқда.

Бу «Молиявий таҳлил ва аудит» кафедраси ўқитувчиси Санжар Омоновнинг мавзу бўйича қилган маърузасида ҳам алоҳида эътироф этилди.

Вебинар давомида талабалар ва бошқа иштирокчилар томонидан Муқимий ижодидан намуналар ўқилди.

Олий ўқув юрти «Маънавият ва маърифат бўлими» масъул ходими Азизбек Амонов ТДИУда шоир Муқимий ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича тасдиқланган «йўл харитаси» ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Қайд этилишича, унга мувофиқ бу борадаги тадбирлар иккита йўналишда олиб бориляпти.

Хусусан, Муқимийнинг адабий-маънавий меросини ўрганиш борасидаги режалаштирилган ишлар ижроси ҳамиша эътиборда турибди.

Университет тадқиқотчилари томонидан Муқимий ижоди ва унинг иқтисодий қарашларига оид илмий тадқиқотлар амалга ошириш, унинг асарларини бошқа хорижий тилларга таржима қилиш ва уларнинг аудио ёзувларини интернет тармоғига жойлаштириб бориш шулар жумласидандир.

Ўз навбатида Муқимий қадамжоларига илмий сафарлар ташкил этиш ва «Муқимий маърифати ва замон» мавзусидаги конференция ўтказиш масаласи ҳам диққат марказида турибди.

Муқимийнинг адабий-маънавий меросидан таълим-тарбия жараёнида фойдаланишда қандай ишлар амалга ошириляпти?.

Қайд этилишича, университетда 5 муҳим ташаббус доирасида Муқимий ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар композициясини яратиш, университетнинг тиллар кафедрасини Муқимий номи билан номлаш, университет ҳудудида Муқимий хиёбонини ташкил қилиш ва у ерда унинг ижодига бағишланган мунтазам мушоиралар ташкил қилиш, талабалар учун Муқимий клубини ташкил этиш ва Муқимий номли стипендия жорий қилиш, ижтимоий фанлар дастурларига киритилган Муқимий фалсафаси, психологияси, тарбиявий-ахлоқий қарашларига оид мавзуларни ўрганиб бориш йўналишларида олиб борилаётган ишлар юқоридаги саволга жавоб бўлади.

Айни чоғда Муқимийнинг адабий-маънавий меросини тарғиб қилишга ҳам муҳим аҳамият бериляпти.

Университетда Муқимий тарихи ва ижодига бағишланган марказ ташкил қилиш, университетда талаба театр студиясида Муқимий фаолияти ва унинг асарлари асосида драммалар саҳналаштириш ва республика таълим муассасаларида намойиш этиш, Муқимий ҳайкалига голограмма технологиясини қўллаш асосида тарихий шахсни гавдалантириш, «Саёҳатнома: Муқимий изидан» оммабоп лойиҳасини амалга ошириш, университет сайтида Муқимий ҳаёти ва ижодига бағишланган алоҳида рукн остида интернет тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиш, Ёш муқимийшунослар шеърият кечалари ва танловларни мунтазам ташкил қилиш, Муқимий асарларини девон шаклида чоп этиш борасидаги ишлар бунинг тасдиғидир.

Вебинарда Тошкент банк коллежи директори, иқтисод фанлари номзоди, доцент Азамат Маҳмудов коронавирус пандемияси шароитида ўтказилаётган мазкур тадбирнинг аҳамиятига эътибор қаратиб, Муқимийнинг маърифатпарварлиги, ғазалнависликда ва ҳажв соҳасида замонасининг энг илғор алломаларидан бири бўлганлигини таъкидлаб ўтди. Унинг шеърларида иқтисодий қарашлар, ижтимоий муаммолар билан ҳамоҳангликда моҳирлик билан ёритилганлигини айтиб ўтди.

Давра суҳбати якунида Муқимийнинг ҳаёти ва ижодига оид университет талабалари томонидан тайёрланган видеороликлар ва тақдимотлар намойиш этилди.

 

Манба: http://xs.uz/uzkr/33210

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php