Мутахассислар тайёрлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида давлатимиз раҳбари томонидан миллий статистика соҳасини такомиллаштириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда университет ректори Қўнғиротбой Шарипов, барча проректорлар ҳамда Статистика кафедраси мудири иштирок этди.

Маълумотларга кўра, статистика соҳаси учун сўнгги 5 йилда 318 нафар бакалавр ва 33 нафар магистр тайёрланган бўлиб, статистика идораларида уларнинг 10 фоизи ишламоқда, холос. Тизимдаги ходимларнинг 2 фоизигина статистика бўйича олий маълумотга эга. Шунингдек, 30 йил давомида 1 нафар фан доктори, 11 нафар фан номзоди илмий иш ёқлаган. Шу боис кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва статистика фанини ривожлантириш, соҳада меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Айни вақтда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида статистика йўналиши бўйича баклавриат босқичида 169 нафар, магистратура босқичида 11 нафар талаба таҳсил олмоқда, 12 нафар илмий изланувчи тадқиқот олиб бормоқда. Талабаларни соҳанинг замонавий стандартлари асосида ўқитиш, бу йўналишда дунёнинг етакчи илм даргоҳлари бўлган Италиянинг Балоня университети ҳамда АҚШнинг Стэнфорд университети билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, улар билан алмашинув дастурларини ишга тушириш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича манзилли ишга жойлаштириш бўйича иш берувчилар билан мустаҳкам ҳамкорлик олиб бориш, мавжуд ўқув адабиётлари ва дарсликларни янгилаш борасидаги масалалар кенг муҳокама қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган Қўмита раиси ва бошқарма бошлиқлари иштирокидаги очиқ дарс соатларини бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, он-лайн режимда олиб боришнинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

 

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php