Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, миллий, диний ва сиёсий бағрикенгликни янада ривожлантиришнинг ижтимоий, фалсафий масалалари

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, миллий, диний ва сиёсий бағрикенгликни янада ривожлантиришнинг ижтимоий, фалсафий масалалари” мавзусида республика миқёсидаги онлайн илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Zoom платформаси ёрдамида масофадан ўтказилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ёшлар иттифоқи фаоллари, ННТ, миллий маданий марказлар вакиллари, Ўзбекистон, Россия,  Канада, Қозоғистон, Қирғизистон олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, докторантлар иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги ялпи сессиясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.

Конференцияни Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, профессор Қ. Шарипов кириш сўзи билан очиб, анжуман иштирокчиларини табриклади. У ўз сўзида бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланишини таъкидлаб, юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистонда 16 диний конфессияга мансуб 2 минг 250 га яқин ташкилот фаолият юритмоқда. Диний таълимга ихтисослашган таълим муассасалари, жумладан, Тошкент халқаро ислом акдемияси, мадрасалар, ислом ўрта махсус таълим даргоҳлари, христиан семинарияларида диний соҳада етук мутахассислар тайёрланади. Бугун юртимизда 141 та миллий-маданий марказ мавжуд. Уларда турли миллат ва элат вакиллари ўз она тили, миллий қадриятлари, тарихи, маданиятини ўрганиш, уларни ёшларга етказиш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ғояларини илгари суриш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Конференцияда Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Анжуманда сўзга чиққан, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Н.Умаров, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси. Р.Қурбанов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари М.Қуронов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, М. Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳ. Ишматбеков, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраев, ТДИУ профессори И. Саифназаров ва бошқалар Ўзбекистон заминида турли халқлар меҳр-оқибат, қардошлик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаб келаётгани, бугунги кунда бағрикенгликнинг буюк тарихий анъаналарига монанд 130 дан ортиқ миллат ҳамда элат вакилларининг виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатланганини таъкидлади. Шунингдек, конференциядаги бошқа маърузаларда ҳам юртимиздаги виждон эркинлигининг таъминлангани ҳамда динлараро ва миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда тинчлик ва осойишталикнинг гарови айнан ана шу тамойилларга бевосита боғлиқлиги таъкидлаб ўтилди. Конференцияда иштирок этган Доғистон давлат университети кафедра мудири (Россия), фалсафа фанлари доктори, профессор М.Билалов,  Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий унверситети илмий тадқиқот маркази директори, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Мейрбаев, Қозоғистон ФА Фалсафа институти профессори, фалсафа фанлари доктори Аяжан Сагикызи, Чеченистон Республикаси ФА академиги, М.Д. Миллионщиков номидаги Грозний давлат нефт-техника университети фалсафа кафедраси мудири, фалсафа фанлари доктори, профессор В.Акаев(Россия), British Columbia университети (Канада)  профессори ассистенти  Дилсора Комил-Бурлей ва бошқалар Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотларни, Ўзбекистон ана шу улуғ қадриятни асрлар оша асраб-авайлаб, амалда қўллаб келаётганлигини эътироф этишди.

Масофавий анжуман доирасида Ўзбекистонда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш ҳамда “Маҳалла ва оила” институтини такомиллаштириш, ёшлар дунёқарашида толерантликни шакллантиришнинг ўзига хослиги, замонавий оилани мустаҳкамлаш омилларига доир ўттизга яқин мақолалар тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php