Ўзбекистон ва Россия Олий таълим муассасалари ректорларининг ҳудудлараро онлайн конференцияси бўлиб ўтди

Жорий йил 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Олий таълим Кенгаши ҳамда Россия Федерацияси фан ва таълим вазирлиги, Россия ректорлар Кенгаши ва М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ташаббуси билан «Ўзбекистон ва Россия етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг Худудлараро онлайн конференцияси» ўтказилди.

Конференция ишида икки мамлакат олий таълим тизими раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон ва Россиянинг 120 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор АБДУВАХИТОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод МУСАЕВ,  Россия Федерацияси Президенти Администрацияси бошқармаси бошлиғи Владимир ЧЕРНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон МАЖИДОВ, Россия Федерацияси фан ва олий таълим вазири Валерий ФАЛЬКОВ кириш сўзлари билан анжуман қатнашчиларига мурожаат қилдилар. Ўзбекистон Республика олий таълим кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори проф. Ў.УМУРЗАКОВ ва Россия ректорлар кенгаши раиси, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ректори В.САДОВНИЧИЙ ялпи мажлисда маъруза билан чиқиш қилдилар.

            Икки мамлакат ўртасида ўсиб бораётган савдо-иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқалар, олий таълим соҳасига мамлакатлари раҳбарлари даражасида қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли бу борада янги истиқболли йўналишлар кашф қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йил октябрь ойида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи доирасида ўтказилган биринчи Ўзбекистон-Россия таълим форумида 114 тадан ортиқ олий таълим муассасалариаро шартномалар имзоланган эди.

Эришилган келишувлар асосида сўнгги йилларда янада кенгайган ўзаро ҳамкорлик алоқлари натижасида Ўзбекистоннинг 34 та, Россиянинг 48 та олий таълим муассасалари иштирокидаги қўшма дастурлар асосида 3500 нафардан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда.  400 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар Россия олий таълим муассасаларида бакалавриатура, магистратура ва аспирантурада ўқиб, 300 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи илмий стажировкаларни ўтади. Ўзбекистонда очилган Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари сони 10 тага етди, қўшма илмий лойиҳалар сони ва кўлами сезиларли даражада ўсди.

Мазкур конференция, 2020 йилда Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон ва Россия Президентлари саммити дастурига киритилган Ўзбекистон-Россия иккинчи таълим форумига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлиб хизмат қилади. Тадбир доирасида олий таълим ва илмий соҳалардаги икки томонлама келишувлар амалга оширилишининг дастлабки натижалари ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Конференция давомида Ўзбекистон ҳамда Россия вазирлик ва идоралари томонидан Тошкентда A.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети филиали, Н.И.Пирогов номидаги Россия Миллий илмий-тадқиқот тиббиёт университети филиали, Санкт-Петербург кончилик университетининг Бошланғич муҳандислик тайёргарлиги маркази ва Тошкентдаги Санкт-Петербург давлат университети филиалини, шунингдек «Станкин» номидаги Москва давлат технологиялар университетининг Тошкент давлат техника университети, Самарқанд давлат университети, Навоий давлат кончилик институти ва Бухоро муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликда Россия-Ўзбекистон илмий-технологик ўқув марказини ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди.

Анжуман дастури доирасида Россия ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан очиқ мулоқот жараёнида ўзаро фикр алмашдилар.

Конференция якунида икки мамлакат ўртасида илмий соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва натижадорлигини оширишга қаратилган қатор шартномалар имзоланди, бу борадаги истиқболдаги вазифалар белгиланди.

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php