Холислик амалий мақсадингиз бўлсин ёхуд карантин даврида ортиқча ваҳима уйғотманг

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали дунё ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб борувчи йирик ахборот макони ҳисоблансада, жамоатчилик фикрини чалғитишга қаратилган ва айни кунларда бутун дунёни қамраб олган глобал танглик даврида одамларда ваҳима уйғотувчи маълумотлар тарқатаётгани кишини таажжубга солади. Бунга мисол сифатида “Ректор оилавий ётоқхонани бўшатишни талаб қилмоқда. 49 та оила карантинда қаерга боради?” сарлавҳали хабарни келтиришимиз мумкин.

Биринчидан, сарлавҳани ўзи мулоҳазали. Иккинчидан, ҳолат чуқур ўрганилмаган. Учинчидан, оммавий ахборот воситасига қўйиладиган энг асосий талаб – холислик ва шаффофлик таъминланмаган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида илмий тадқиқотчилик фаолиятини рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоясини таъминлашга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, илмий салоҳиятни ошириш ва таълим сифатини таъминлаш мақсадида илмий изланувчиларнинг ижтимоий ҳимояси университет раҳбариятининг доимий диққат марказида.

Бугунги кунда университетда 106 нафар илмий тадқиқотчи ва ёш олимлар фаолият юритади, 632 нафар талаба магистратура босқичида таҳсил олади. Уларнинг 104 нафарида вақтинчалик турар жойга эҳтиёж бор. Аммо, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда номувофиқликлар мавжудлиги боис, айрим илмий ходимлар ижарада истиқомат қилишга мажбур бўлмоқда. Давлат ва университет мулки бўлган уй-жой фондидан унумли фойдаланиш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар белгиланганига қарамай, мазкур масала йиллар давомида ечимсиз бўлиб келмоқда. Чунки, илмий ходимларни вақтинча турар жой билан таъминлаш мақсадига мўлжалланган Чилонзор тумани, Алгоритм-1 массивида жойлашган 19-сонли ёш илмий тадкиқотчилар ётоқхонасидан самарали фойдаланиш имконияти мавжуд эмас. Негаки, айни вақтда мазкур масканда 197 нафар фуқаро истиқомат қилсада, улардан атиги 22 нафари меҳнат шартномаси асосида университет тизимида фаолият олиб боради.

Мазкур масаланинг айни кунлардаги вазиятга боғланиши манфаатларни ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз томонига оғдиришдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблаймиз. Зеро, бу масала бир неча йилдан буён университетда ҳал этилиши лозим бўлган мураккаб ҳолат сифатида очиқ қолмоқда.

Хабардан англашиладики, гўёки бутун дунёда танглик ҳолатини келтириб чиқараётган пандемия даврида мазкур ётоқхонада истиқомат қилаётганлар чиқариб юборилмоқда. Бу қанчалик асосга эга? Бу тўғридан-тўғри туҳмат эмасми? Хўш, фуқаро расман ордер олиб 20 йилдан ортиқ ушбу масканда истиқомат қилаётган бўлса, нега белгиланган тартиб-қоидалар ва нормаларга амал қилмасдан, ўз манфаатларини ўйлаб иш тутмоқда. Ахир Тошкент давлат иқтисодиёт университети Кенгаши томонидан қабул қилинган ва университет ректори томонидан 2017 йил 13 февралда тасдиқланган янги таҳрирдаги “19-сонли ёш илмий тадқиқотчилар ётоқхонаси тўғрисида”ги низомнинг 2, 7, 69-бандларида мазкур турар жойдан фойдаланиш, тасарруф этиш ва бўшатиш бўйича аниқ нормалар белгиланганку?

Савол туғилади: хабарда қайд этилганидек “синовлар”га дуч келаётганлар, аслида бу синовларни ўз манфаатларини бошқалар манфаатидан устун қўйиши оқибатида келтириб чиқармадиларми? Ёки улар ёш илмий изланувчиларнинг ўзларига берилган имтиёзлардан фойдаланишларига қаршимилар?

Хабардаги “Коронавирус инфекциясига чалинганлар сони кўпайиб, карантин талаблари кучайган пайтда ётоқхонада истиқомат қилаётганларга огоҳлантириш хатлари бериб, сўнг фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига эса уларни мажбурий кўчириш ҳақида даъво-ариза киритди!” жумласи билан келиша олмаймиз. Айнан карантин даврида огоҳлантириш берилгани рост (чунки бу жараёнлар бошланган вақтда коронавирус тўғрисида бир оғиз сўзнинг ўзи йўқ эди), лекин у “хатни олганинг заҳоти хонани бўшат, мана, даъво аризаси суднинг столида” мазмунида эмас. Муҳтарам “холислар” хатни холисона ўқиб кўрсинлар.

Энди бир саволни ўртага ташлайлик: давлат мулки бўлган ва ундан мақсадсиз фойдаланиш қанчалик маънавий-ахлоқий нормаларга мувофиқ келади?

Хулоса ўрнида айтар сўзимиз – ўзимизга берилган имкониятдан ўз вақтида самарали фойдаланган ҳолда, уни кейинги авлод учун ҳам фойдали бўлишига замин яратайлик.

ТДИУ ахборот хизмати

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php