Илмий тадқиқот лойиҳалари танловларида иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида “Илмий тадқиқот лойиҳалари танловларида иштирок этишнинг долзарб вазифалари, имкониятлар ва истиқболли йўналишлар” мавзусида онлайн семинар ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Бош илмий котиби, фил.ф.д., профессор Н. Мамадалиева ва бошқа мутахассислари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори т.ф.д., проф. К. Шарипов, проректорлар, бўлим бошлиқлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари, университетда олиб борилаётган Илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасидаги лойиҳалар раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, тадқиқотчилар иштирок этдилар.

Семинарни университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори и.ф.д., проф. К. Ахмеджанов очиб берди. Университет ректори т.ф.д., проф. К. Шарипов ўз кириш сўзи билан Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбариятига шундай тадбирни ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорлик учун ўз миннатдорчилигини билдириб, илмий тадқиқот иши, хусусан, илмий фаолиятга оида давлат дастури доирасидаги лойиҳалар университетда муҳим аҳамият касб этиши, бу борада университет ходимлари, барча раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, докторант ва тадқиқотчилар олдида турган муҳим масалалар тўғрисида тўхталиб, масъуллигини ошириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Университет Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори и.ф.д., проф. К.Ахмеджанов, университетда олиб орилаётган илмий тадқиқот ишлари, хусусан, илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасидаги лойиҳалар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтди.

2020 йилда университетда умумий қиймати 2,5 млрд. сўмлик, 11 та илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасида лойиҳалар, жумладан 3 та фундаментал ва 8 амалий лойиҳа устида илмий тадқиқот иши олиб борилмоқда. Шунингдек 2020 йилнинг ҳозирги ҳолатида умумий қиймати 100 млн. сўмдан ортиқ 15 та хўжалик шартномалари устида илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Бош илмий котиби, фил.ф.д., профессор Н.С. Мамадалиева сўзга чиқиб, ҳозирги вақтдаги Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасида олиб борилаётган ишлар, лойиҳалар бўйича маълумот бериб, илий тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга оширишга умумий талаблар бўйича алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, лойиҳалар бўйича ташкил этилаётган лойиҳаларнинг йил давомида мунтазам ташкил этилаётганлиги, унга тақдим этилаётган лойиҳалар, уларнинг мавзулари муҳим илмий муаммо ечимига қаратилиши, илмий-инновацион маҳсулот яратилиши ва унинг натижасини тижоратлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари томонидан айнан университет ихтисослигига мос бўлмаган лойиҳа танловларида иштирок этиши шарт эмаслиги, улар бошқа ихтисосликлар бўйича ҳам фаол иштирок этиши мумкинлиги, шунингдек, лойиҳани тўғри ва тўлиқ расмийлаштириш хамда рўйхатдан ўтказиш ва тақдим этиш тартиби, илмий-техник экспертизадан ўтказиш, танлов ғолибини аниқлаш, молиялаштириш, бундан ташқари ҳисоботларни белгиланган меъёрий ҳужжатларга мувофиқ тўғри ва тўлиқ шакллантириш масалалари мантиқий кетма-кетликда тушунтириб берилди.

Семинар интерактив, ўзаро музокаравий, мулоҳазавий юқори савиядаги савол-жавоблар асосида қизиқарли ва мазмунли ўтди. Семинардан кўзланган асосий мақсад университет профессор-ўқитувчилари, докторант ва тадқиқотчиларининг давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий лойиҳаларда фаол иштирок этишларини рағбатлантиришга қаратилди.

Семинарда университетда олиб борилаётган илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасидаги лойиҳалар раҳбарлари ҳозирги вақтга қадар лойиҳалар бўйича олиб борилган илмий тадқиқот иши натижалари юзасидан қисқача ҳисобот бердилар.

Шундан сўнг профессор-ўқитувчилар сўзга чиқиб, бугунги семинарда ИФОДД доирасидаги лойиҳалар, бу лойиҳалар бўйича ташкил этиладиган танловлар бўйича зарур маълумотлар олинганлигини айтдилар. Университет раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилар ИФОДД доирасидаги лойиҳалар бўйича ва бошқа шу каби танловларда фаол иштирок этиш, бу борада ҳар бир бўғиннинг ўз масъуллигини янада оширишга келишиб олдилар.

 

 

Izohlar
Izoh qoldirish
single.php