YANGILIKLAR

Kun: 13.08.2020

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида проректорлар, бўлим бошлиқлари, деканлар ва кафедра мудирлари иштирокида кенгайтирилган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Унда янги ўқув йилига тайёргарлик, масофавий таълимни амалга оширишдаги мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари, шунингдек, бакалавриат, магистратура ва иккинчи олий таълимга қабул жараёнлари ҳолати муҳокама қилинди.

Онлайн йиғилиш аввалида бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб бакалавриат босқичининг 2, 3, 4-курс ва магистратура босқичининг 2-курс талабалари учун дарс жараёнларини 2020 йил 2 сентябридан бошлаб масофавий тарзда амалга ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси кўриб чиқилди. Айтиб ўтилдики, айни кунларда 600 нафардан ортиқ талаба интернет етиб бормаган ёки етарлича интернет тезлигига эга бўлмаган ҳудудларда истиқомат қилади. Бундай ҳолатда уларнинг ўқув жараёнларида иштирок этишини таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, масъулларга унинг ижросини таъминлашга доир вазифалар юклатилди. Жумладан, интернетдан фойдаланиш ва уланиш имконияти йўқ талабалар учун ҳар бир ҳудудда ОТМлараро юқори интернет инфратузилмасига эга бўлган марказларни ташкил қилиш орқали онлайн дарсларни ташкил этиш, улар учун ноутбукларни арзонлаштирилган нархларда имтиёзли кредит асосида бериш, кўзи ожиз талабалар сонини аниқлаб, уларга моддий ёрдам бериш ва улар учун онлайн дарсларни аудиолекция тарзида ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Янги ўқув йилининг кредит-модуль тизими асосида олиб борилишини инобатга олиб, қабул қилинадиган бакалавриат 1-курс ва магистратуранинг 1-курс талабаларини 2020 йил октябрь ойидан бошлаб масофавий таълим орқали онлайн ўқитишни ташкил этиш борасидаги фаолият танқидий таҳлил қилинди. Айрим йўналишларда ишлар 27 фоизга бажарилгани, масъуллар бу масалага жиддий эътибор қаратиши лозимлиги, белгиланган муддатларда кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилиши бўйича назорат ўрнатилди.

Шунингдек, онлайн йиғилишда 2020-2021 ўқув йили абитуриентлари қачон ва қаерда қандай тартибда имтиҳонда иштирок этишлари бўйича хатлар тайёрлаш, абитуриентлар билан алоқа ўрнатиш ва сўнгги ўзгаришлар ҳақида уларни хабардор қилиш лозимлиги қайд этилди.

Масофавий таълимни сифатли ташкил этиш мақсадида қуйидаги масалалар юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилиб, масъулларга тегишли вазифалар юклатилди:

– талабалар учун масофавий таълим элементларини сифатли тайёрлаш;

– масофавий таълим бўйича профессор-ўқитувчиларнинг тажриба, малака ва кўникмаларини ошириш мақсадида тренинглар ўтказиш;

– университетнинг масофавий таълим тизими (платформасини) фаолиятини камчилик ва нуқсонларсиз ишлашини йўлга қўйиш;

– ўқув адабиётлари, шу жумладан хорижий адабиётлардан фойдаланиш имкониятларини яратиш бўйича зарур чораларни кўриш;

– кредит-модуль ва масофавий таълим тизимининг мазмун-моҳиятини барча профессор-ўқитувчиларга тушунтириш.

– масофавий таълим бошлангандан сўнг сифатсиз дарс берадиган, маърузани ўқиб берадиган ва диктовка тарзида ўтадиган, талабалар томонидан эътироз билдириладиган, шунингдек, тамагирлик қиладиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича тушунтиришлар олиб бориш ва аниқ чоралар кўриш.

Йиғилиш сўнгида тамагирлик ортидан коррупцион ҳолатлар содир этадиган, вазифаларни белгиланган санада бажармаган ёки ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашган масъул ходимларга қонунчиликка асосан чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.