YANGILIKLAR

Oy: Avgust 2020

Ҳурматли профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва қадрли талабалар!

Сизларни ва яқинларингизни энг буюк, энг азиз байрамимиз, “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида нишонлаётганимиз – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги айёми билан самимий муборакбод этамиз. Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака ва фаровонлик тилаймиз.

Жаҳон миқёсидаги пандемия ва глобал иқтисодий турғунлик давом этаётганига қарамасдан, давлатимиз раҳбарияти томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида дунёнинг саноқли мамлакатларигагина насиб қилган иқтисодий барқарорлик сақланиб қолинди. Одамларимизнинг саломатлигини асрашга алоҳида эътибор қаратилиб, тизимли ишлар олиб борилди.

Албатта, бугунги синовлар таълим тизимини ҳам четлаб ўтмади. Биз учун ноодатий шароитда ишлашга мажбур бўлдик. Жараён ютуқлар билан бирга камчиликлардан ҳам ҳоли бўлмади. Буларнинг биргина ечими тўпланган билим, шаклланган кўникма ва орттирилган хулосаларни ягона мақсад сари йўналтириш, илм ҳамда тажрибаларни самарали уйғунлаштира олишдир. Даврнинг, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз керак, эканлигини тўла англаб етишимиз лозим. Ўйлаймизки бу синовлардан халқимизга хос сифатлар – жасорат ва мардлик, она юртга муҳаббат ва садоқат, тўғри тарбия ва амалий намуна билан мардонавор ўтиб оламиз.

Хабарингиз бор, мамлакатимизда коррупциясиз таълим тизимини ташкил этиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаяпти. Бу борада Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ҳам ўз стратегик йўналиши белгилаб олинган бўлиб, БМТнинг Тараққиёт дастури «Ўзбекистонда самарали, ҳисобдор ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш» лойиҳаси кўмагида дунёнинг тўртта йирик аудит ва консалтинг муассасаларидан бири бўлган КПМГ халқаро компанияси билан биргаликда коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Албатта, бу ишларнинг замирида фарзандларимизни илм-маърифат муҳитини яратиб, келажакда уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига эришишдир.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бу борадаги қатъий позицияси шуки – коррупцияга қўл урган ва унга мойиллиги бор шахсларга орамизда асло жой йўқ.

Бошланадиган ўқув йилидан дунёнинг илғор таълим тизими асосида ўқитиш жорий қилинади. Октябрь ойидан ўқишни бошлайдиган биринчи босқичга қабул қилинган талабаларимиз кредит-модуль тизимида таҳсил олишни бошлайди. Мустақил таълим олиш тизимида билим бериш ва таҳсил олиш барча йўналишларда фаолиятга босқичма-босқич жорий этилади.

Олдимизда турган олий мақсад – илғор кадрларни тайёрлаш, уларни меҳнат бозори талабларига мувофиқ рақобатдошлигини ошириш, ижодий фикрлайдиган мутахассисларни етиштириш масаласида барча-барчага улкан муваффақиятлар тилаймиз!

Сизларни Мустақиллик куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга, эл-юртимизга файзу барака тилаймиз.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори

2020 йилнинг 29 август куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.

Маълумот учун: янги ўқув йилида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технология университетининг Тошкент филиали 2 та йўналишда (электрон тижорат ва технологияларни бошқариш йўналиши – 50 нафар талаба, халқаро бизнес ва тадбиркорлик йўналиши – 50 талаба) жами 100 нафар талабани қабул қилади. 500 дан ортиқ талабалар ушбу таълим муассасасига ҳужжатларни топширдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга қилган расмий ташрифи доирасида 19 февраль куни Анқара шаҳрида ўтказилган Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия биринчи стратегик ҳамкорлик йиғилиши натижалари бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Туркия Палаталари ва биржалари иттифоқи ўртасида “ТОВВ” қошидаги Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзоланганини таъкидлашимиз жоиз.

2020 йилнинг 17 июнь кунида Вазирлар Маҳкамасининг 389-сонли қарори билан «Тошкентда Туркия иқтисодиёт ва технология TOBB ETU Университетининг филиалини очиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Маълумот учун: Туркия Иқтисодиёт ва технология университети 2004 йилда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси томонидан ташкил этилган. Бугунги кунда профессор-ўқитувчилар таркиби борасида энг кучли университетлардан бири ҳисобланади. Мазкур ОТМ тадбиркорларни индивидуал бўлиш ва халқаро бизнес тажрибаси асосида иш юритишга ўқитадиган университет сифатида ташкил этилган.

Университет филиали пойтахтда жойлашган бўлиб, дуал таълим тизимига асосланган бизнес ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди. Талабалар ўқиш давомида турли мамлакатларда амалиёт ўташ, дунёнинг етакчи компаниялари, шунингдек Туркиядаги таниқли тадбиркорларнинг фаолияти билан танишиш учун ажойиб имкониятга эга бўладилар.

Маълумот учун: Университет фаолиятининг ўзига хослиги ўқув режаларининг ДУАЛ таълимга асосланган уч семестрлик ўқув жараёни ҳисобланиб, таълим олувчиларга 2 семестр давомида назарий билимлар билан бир қаторда 3-чи семестрда амалий кўникмалар шаклланиши мувозанатлаштирилган. Университетнинг ушбу хусусияти унинг Туркия таълим тизимида алохида ўрин тутишини таъминлаган.

Ушбу ОТМ талабалари Туркияга саёҳат қилиш каби имкониятга эга. Бу саёҳат давомида хорижий корхоналар фаолияти билан танишиш, шунингдек турли мамлакатларда амалиёт ўташ имкониятини беради. Ушбу университет талабалари ўқиш давомида дунёнинг етакчи компаниялари ва таниқли тадбиркорлар фаолияти билан танишадилар.

3 семестрдан бири бутунлай амалиётга қаратилган бўлиб, талабалар мамлакатимиздаги шунингдек чет элдаги йирик корхоналарда, электротехника соҳасида, тўқимачилик ва мева-сабзавот кластерларида амалий машғулотларни ўтайдилар. Амалий машғулотлар давомида барча талабалар озиқ-овқат ва турар жой билан таъминланадилар.

Маълумот учун: 2013 йилда Университетда таълим, ўқитиш ва тадқиқотлар соҳасида хизматларни кўрсатиш учун технологик марказ очилди ва ёш тадбиркорларга ўз бизнес ғояларини амалга оширишда ёрдам берадиган TOBB ETU – GARAJ ўз ишини бошлади. Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шахридаги филиали ҳам шу каби технологик марказ ташкили этишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, иқтидорли ва кам таъминланган талабалар учун Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бериладиган бир қатор имтиёз ва афзалликларни таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари, талабалар Туркияга саёҳ қилиш имкониятига эга бўладилар.

Шунингдек, талабалар Савдо-саноат палатасининг ташқи иқтисодий йўналиши бўйича халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб бориш, шунингдек, ҳунармандчилик сохаси билан танишиш имконига эга бўладилар.

Ушбу университет талабалари учун ўзларининг тил билимларини ошириш имконияти яратилган. Дарслари инглиз тилида олиб борилади. Шунингдек, улар қўшимча: турк, француз, немис ва хитой тилларини ўрганадилар.

Маълумот учун: 2018 йилда 2000 йилда ташкил этилган университетлар «Ёш университетлар 2018: Минг йиллик университетлари» рейтингида дунёнинг энг яхши университетлари орасида 32-ўринни эгаллади.

Ўқиш қиймати $ 4000 (ўқув йили 3 семестрдан иборат) ташкил этади. Биринчи курслар учун грантлар мавжудлигини ҳам таъкиладлаш жоиз.

Маълумот тариқасида: Биринчи ўқув йилида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ушбу университетнинг барча талабаларига (ҳар бири учун) $ 750 миқдорида маблағ ажратилади.

Филиал ўз фаолиятини иккита таълим йўналиши бўйича бошлайди:

  • Электрон тижорат ва технологияларни бошқариш;
  • Халқаро бизнес ва тадбиркорлик.

Эслатиб ўтамиз, Туркия мамлакатимизнинг савдо сохасида етакчи шерикларидан биридир. Сўнгги йилларда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити натижасида туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтириб келмоқдалар.

Хусусан, 2019 йил охирида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 19,384 миллион АҚШ долларини ташкил этди, бу кўрсаткичдан экспорт ҳажми 8,120 миллион долларни, импорт эса 11.263 миллион долларни ташкил этади. Шу билан бирга, 2020 йилнинг шу даврига кўра ушбу сумма 15,855 млн. АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Экспортнинг асосий йўналишлари: пахтачилик, рангли металлар, машина ва ускуналар ва бошқалар. Импорт учун эса: кимёвий маҳсулотлар, машина ва ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотларини ташкил этади.

2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда турк капитали иштирокидаги 1406 та корхона фаолият юритмоқда, уларнинг 801 таси 100 фоиз турк капиталига эга.

 

Бугун матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Қувонарлиси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Халқаро туризм факультетининг 3-босқич талабаси Лутфиллаев Шарафуддин Рустамович ҳам мукофотланганлар рўйхатидан ўрин олди.

Ш. Лутфуллаев 60 кг.гача бўлган вазн тоифасида дзюдо спорт тури бўйича 2015 йилда ўтказилган Осиё чемпионатида бронза, 2019 йилда ўтказилган Жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. Бундан ташқари “Марокко Мастерс 2015”, “Санкт-Петербург 2017”, “Циндао Мастерс 2019” мусобақаларида бронза, “Гран При Ташкент 2013” (олтин), “Гран При Абу-Даби 2013” (кумуш), “Гран При Тбилиси 2015” (олтин) мусобақаларининг совриндори ҳисобланади.

Мазкур мукофот мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, интилувчанлиги ва ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида жорий этилган.

Фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун иқтидорли йигитлар «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланади. Уларга «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан бирга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Шарофуддин Лутфуллаевга келгуси ўқиш ва меҳнат фаолиятларида омадлар тилаб, вояга етказган ота-онаси ҳамда устозларига муносиб тарбия ва таълим учун ташаккур билдириб қоламиз.

 

 

 

Бугун, 22 август куннинг иккинчи ярмида Молия ва бухгалтерия ҳисоби факультетнинг янги 2020/21 ўқув йилига тайёргарлик ҳолатига бағишланган кенгайтирилган Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Факультет декани Актам Бурхонов кун тартибидан ўрин олган 2020/21 ўқув йилига тайёргарлик, белгиланган режаларнинг ижроси ҳолати, истиқболдаги стратегик режалари тўғрисида ахборот берди. Тўлов контракт бўйича қарздорлик ҳолати ва уни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, онлайн дарсларни ташкил этишда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида тўхталиб ўтди.

Муҳокамалар жараёнида факультет таркибидаги кафедралар томонидан университет масофавий таълим платформасига ресурсларни жойлаштириш, фан дастурларининг тайёргарлик ҳолати муҳокама қилинди.

Кенгайтирилган Кенгашда Университет ректори Қ. Шарипов, Ўқув ишлари бўйича проректор М. Эшов, Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор С. Худойқулов, тегишли бўлим бошлиқлари, факультет деканати, кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

 

Даставвал, кенгайтирилган Кенгаш кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан Корпоратив бошқарув факультетининг ҳисоботи тингланди. Факультет декани Улуғбек Холиқов 2020/21 ўқув йилига тайёргарлик ҳолати, иш режалари (йўл хариталари), факультет миссияси ва стратегик режаси ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Шунингдек, факультет меъёрий ҳужжатларининг янгиланганлиги, иш юритиш ҳужжатларининг ҳолати, академик ва тўлов контракт бўйича қарздорлик ҳолати, уни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, онлайн дарсларни ташкил этиш учун дарс жадваллари ишлаб чиқилганлиги, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида маълумот бериб ўтилди.

Шундан сўнг, факультет таркибидаги кафедра мудирлари профессор-ўқитувчилар томонидан университет масофали платформасига таълим ресурсларини жойлаштиришнинг ҳолати, фан дастурларининг тайёргарлик ҳолати ҳақида маълумот бердилар.

Кенгаш йиғилиши давомида ўқув юкламаларнинг адолатли тақсимоти амалга ошириш, штат бирликлари ва профессор-ўқитувчилар таркибини тўлиқ шакллантириш, кафедраларнинг ташқи аттестация ва аккредитацияга тайёргарлик ҳолати муҳокама қилинди.

 

Олий таълим муассасалари томонидан адиблар ҳаёти ва ижоди, бой маънавий меросини ўрганиш, уларни кенг жамоатчиликка, жумладан ёш авлодга етказиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан ҳам мана шу каби масъулиятли ва шарафли вазифани амалга ошириш борасида янги инновацион лойиҳа амалга оширилди. Яъни, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий кўкрак нишони таъсис этилиб, «Давлат белгиси» ДИЧБ таркибидаги Тошкент давлат зарбхонаси томонидан зарб қилинди.

Муҳаммад Аминхўжа Муқимий кўкрак нишонининг айлана асосий қисми 34 мм бўлиб, латун Л60 материалидан тайёрланган. Кўкрак нишонининг олд қисми айланаси атрофида “Muhamad Aminxo’ja Muqimiy” (1950-1903) ёзуви, марказда эса адибнинг расмий тан олинган расми гавдаланган. Кўкрак нишонининг орқа томонидаги айланаси атрофида “Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti”, ўрта қисмида маърифат белгиси бўлган китоб тасвири ва “TDIU” ёзуви, пастки қимида “2020” ёзуви келтирилган.

Кўкрак нишонини тақиш қисми М 1:1 ҳажмда бўлиб, латун Л60 материалидан ишланган. Тинчлик, эзгулик, борлиқ ва яшариш ранги бўлган яшил рангли мато билан қопланган.

Мазкур кўкрак нишони Муҳаммад Аминхўжа Муқимий адабий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилишга қўшган хизматлари учун тақдим этилади. Шунингдек, адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган “Энг яхши шеърий асар”, “Энг яхши бадиий асар”, “Энг яхши аннимацион асар”, “Энг яхши сценарий муаллифи”, “Энг яхши интернетдаги платформа муаллифи” каби ўндан ортиқ номинациялар ғолибларига берилади. Кўкрак нишон соҳибларига махсус гувоҳнома берилиб, миқдори 1000 000 сўмдан кам бўлмаган 10 ойлик стипендия тўлаб берилади.

Кўкрак нишон соҳиблари Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, университет жамоаси ва ҳамкор ташкилотлардан Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг адабий-маънавий меросини ўрганиш, кенг жамоатчиликка тарғиб қилишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган олимлар, шоиру ёзувчилар, муқимийшунослар, мутасаддилар ҳам ушбу кўкрак нишони билан тақдирланиши белгиланган.

 

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида проректорлар, бўлим бошлиқлари, деканлар ва кафедра мудирлари иштирокида кенгайтирилган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Унда янги ўқув йилига тайёргарлик, масофавий таълимни амалга оширишдаги мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари, шунингдек, бакалавриат, магистратура ва иккинчи олий таълимга қабул жараёнлари ҳолати муҳокама қилинди.

Онлайн йиғилиш аввалида бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб бакалавриат босқичининг 2, 3, 4-курс ва магистратура босқичининг 2-курс талабалари учун дарс жараёнларини 2020 йил 2 сентябридан бошлаб масофавий тарзда амалга ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси кўриб чиқилди. Айтиб ўтилдики, айни кунларда 600 нафардан ортиқ талаба интернет етиб бормаган ёки етарлича интернет тезлигига эга бўлмаган ҳудудларда истиқомат қилади. Бундай ҳолатда уларнинг ўқув жараёнларида иштирок этишини таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, масъулларга унинг ижросини таъминлашга доир вазифалар юклатилди. Жумладан, интернетдан фойдаланиш ва уланиш имконияти йўқ талабалар учун ҳар бир ҳудудда ОТМлараро юқори интернет инфратузилмасига эга бўлган марказларни ташкил қилиш орқали онлайн дарсларни ташкил этиш, улар учун ноутбукларни арзонлаштирилган нархларда имтиёзли кредит асосида бериш, кўзи ожиз талабалар сонини аниқлаб, уларга моддий ёрдам бериш ва улар учун онлайн дарсларни аудиолекция тарзида ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Янги ўқув йилининг кредит-модуль тизими асосида олиб борилишини инобатга олиб, қабул қилинадиган бакалавриат 1-курс ва магистратуранинг 1-курс талабаларини 2020 йил октябрь ойидан бошлаб масофавий таълим орқали онлайн ўқитишни ташкил этиш борасидаги фаолият танқидий таҳлил қилинди. Айрим йўналишларда ишлар 27 фоизга бажарилгани, масъуллар бу масалага жиддий эътибор қаратиши лозимлиги, белгиланган муддатларда кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилиши бўйича назорат ўрнатилди.

Шунингдек, онлайн йиғилишда 2020-2021 ўқув йили абитуриентлари қачон ва қаерда қандай тартибда имтиҳонда иштирок этишлари бўйича хатлар тайёрлаш, абитуриентлар билан алоқа ўрнатиш ва сўнгги ўзгаришлар ҳақида уларни хабардор қилиш лозимлиги қайд этилди.

Масофавий таълимни сифатли ташкил этиш мақсадида қуйидаги масалалар юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилиб, масъулларга тегишли вазифалар юклатилди:

– талабалар учун масофавий таълим элементларини сифатли тайёрлаш;

– масофавий таълим бўйича профессор-ўқитувчиларнинг тажриба, малака ва кўникмаларини ошириш мақсадида тренинглар ўтказиш;

– университетнинг масофавий таълим тизими (платформасини) фаолиятини камчилик ва нуқсонларсиз ишлашини йўлга қўйиш;

– ўқув адабиётлари, шу жумладан хорижий адабиётлардан фойдаланиш имкониятларини яратиш бўйича зарур чораларни кўриш;

– кредит-модуль ва масофавий таълим тизимининг мазмун-моҳиятини барча профессор-ўқитувчиларга тушунтириш.

– масофавий таълим бошлангандан сўнг сифатсиз дарс берадиган, маърузани ўқиб берадиган ва диктовка тарзида ўтадиган, талабалар томонидан эътироз билдириладиган, шунингдек, тамагирлик қиладиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича тушунтиришлар олиб бориш ва аниқ чоралар кўриш.

Йиғилиш сўнгида тамагирлик ортидан коррупцион ҳолатлар содир этадиган, вазифаларни белгиланган санада бажармаган ёки ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашган масъул ходимларга қонунчиликка асосан чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг  ikkinchitalim.edu.uz – онлайн платформаси ишга тушди. Сиз ушбу платформа орқали 2020 йилнинг 10 августидан 2020 йилнинг 31 августига қадар ҳужжатларингизни топширишингиз мумкин.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетига  иккинчи олий таълим олиш бўйича ўқишга қабул қилиш тартиби ҳақида талабгорлардан тушган аризаларнинг таълим йўналишлари бўйича миқдори, университетнинг тегишли таълим йўналиши бўйича масофавий таълимни ташкил этиш учун профессор-ўқитувчилар салоҳиятидан  келиб чиқиб университет сайти орқали  қўшимча маълумот берилади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетига  магистратурасига ўқишга кириш учун талабгорларга ҳам тест синовлари 2020 йилнинг 2 сентябридан бошланишини маълум қиламиз.

Шу мақсадда талабгорларга қулайлик яратиш мақсадида Республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган олий таълим муасссасаларида магистратурага кириш тест синовлари ташкил этилиши режалаштирилган:

Қорақолпоғистон республикаси бўйича: Қорақолпоғистон давлат университети

Андижон вилояти бўйича: Андижон тиббиёт институти

Бухоро вилояти бўйича: Бухоро мухандислик технология институти

Жиззах вилояти бўйича: Жиззах политехника институти

Қашқадарё вилояти бўйича: Қарши мухандислик институти

Навоий вилояти бўйича: Навоий педагогика институти

Наманган вилояти бўйича: Наманган мухандислик қурилиш институти

Самарқанд вилояти бўйича: Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали

Сирдарё вилояти бўйича: Гулистон давлат университети

Сурхондарё вилояти бўйича: Термиз давлат университети

Тошкент вилояти бўйича: Тошкент давлат аграр университети

Тошкент шаҳри бўйича: Тошкент кимё технологиялари институти,  Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент енгил саноат ва тўқимачилик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат техника университети, Ўзбек тили ва адабиёти университети.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетига  магистратурасига ўқишга кириш учун талабгорлар ўзлари яшайдиган ҳудуд бўйича тест синовлари ўтказиладиган сифатида белгиланган олий таълим муассасасида тест синовларини топшириш тавсия этилади. Яъни, Сиз Андижон вилоятида истиқомат қилиб, бизнинг университетимизга магистратурага ўқиш учун ҳужжат топширган бўлсангиз, Сиз буни тест синовлари белгиланган куни Андижон тиббиёт институтига ташриф буюриб тест синовларини топширишингиз мумкин. Ушбу жараён юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетига  бакалавриатнинг кундузи ва сиртқи таълим шакли бўйича тест синовлари 2020 йилнинг 2 сентябридан бошланишини маълум қиламиз.

Тест синовлари очиқ стадионларда ўтказилади. ТДИУга ҳужжат топширган барча абитуриентларга тест ўтказиладиган куни, вақти ва тест ўтказиладиган жойи (очиқ стадион жойлашган манзил) абитуриентнинг тест марказида ҳужжат топшириш вақтида платформага киритган мобил телефонига тест бошланишидан бир неча кун аввал хабар юборилади. Шу билан биргаликда абитуриентлардан платформага киритган мобил телефони рақамини иш ҳолатда бўлишини назорат қилишларингизни илтимос қиламиз!

Шунингдек, Сизнинг тест ўтказиладиган куни, вақти ва тест ўтказиладиган жойи (очиқ стадион жойлашган манзил) ҳақидаги маълумот яқин кунларда қўшимча равишда маълум қилинади!