YANGILIKLAR

Kun: 13.06.2020

Тармоқлар иқтисодиёти кафедраси томонидан “Zoom” платформаси орқали “Республикамиз ҳудудлари ва тармоқлари экспорт салоҳиятини ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида онлайн илмий-амалий семинар ўтказилди.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 май “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Онлайн илмий-амалий семинарининг маърузачиси Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Инвестиция муҳитини такомилаштириш бошқармаси бошлиғи Авазбек Муллажонов “Республикамиз ҳудудлари ва тармоқлари экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш имкониятлари” мавзусида ўз фикрларини баён этди. Жумладан, бугунги кунда бутун дунёда рўй бераётган пандемия шароитида республикамиз ҳудудларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигида ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларини тубдан ҳал қилиш, қишлоқ хўжалигида органик жиҳатдан сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда экспорт салоҳиятини тубдан ошириш борасида тўхталиб ўтди.

Суҳбат якунида онлайн илмий-амалий семинар иштирокчилари томонидан саволлар йўлланди ва бевосита маърузачи томонидан тақдим этилган саволларга ижобий фикрлар билдирилди.

Онлайн илмий-амалий семинарининг 2-маърузачиси Тармоқлар иқтисодиёти кафедраси доценти, PhD. Муҳиддин Юсупов “Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини янада рағбатлантириш имкониятлари” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи ўз маърузасида қабул қилинган фармондан келиб чиқиб 2016-2019 йиллар давомида ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажми – 171,2 фоизга, жумладан мева-сабзавотчилик – 172,6 фоизга, чорвачилик маҳсулотлари – 170 фоизга, ўрмон ва балиқчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш – 177,5 фоизга ошганлигини келтириб ўтди. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт ҳажми, экспорт кўрсаткичлари бўйича охирги 5 йиллик статистик маълумотларни тақдим этди. Экспортни ошириш ва логистика хизматларини такомиллаштириш бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди. Қўшимча равишда жаҳон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларга қўйилган сифат ва хавфсизлик талабларининг тобора ортиб бориши, мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига халқаро бозорларда талаб ортиб бораётганлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

Маъруза якунида PhD. М.С.Юсупов бевосита онлайн илмий-амалий семинар иштирокчилари томонидан саволлар йўлланди ва бевосита маърузачи томонидан тақдим этилган саволларга ижобий фикрлар билдирилди.

Онлайн илмий-амалий семинар дастури бўйича маърузачиси “Тармоқлар иқтисодиёти” кафедраси доценти и.ф.н. Акрам Ядгаров “Органик маҳсулотлар етиштришиш ва экспортини ташкил этишда халқаро сифат стандартларининг ўрни (Хорижий давлатлар тажрибаси асосида)” мавзусида ўз маърузасини тақдим этди. Халқаро органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти таҳлилларига кўра, бугунги кунда 172 мамлакат органик қишлоқ хўжалиги етиштириш билан шуғулланмоқда. 90 дан ортиқ мамлакат органик қишлоқ хўжалиги соҳасида меъёрий-ҳуқуқий актларга эга. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун дунё бўйича 43,7 миллион гектар ер майдонида 2,3 миллион фермер хўжалиги бандлиги аниқланган. 

Органик қишлоқ хўжалиги — дунё бозор тренди ҳисобланади. 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 млрд еврони ташкил этиб, 71,5 млн гектар майдонда 2,8 млн ишлаб чиқарувчи ушбу фаолият тури билан шуғулланган. Экспертларнинг баҳолашига кўра, дунё органик маҳсулотлари бозорида сўнгги 5 йил давомида йилига ўртача 15 фоиздан ўсишга эришилиб, 2022 йилда савдо айланмаси 212 млрд АҚШ доллари (жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи)ни ташкил этиши прогноз қилинган.

Мазкур Фармонда кўзда тутилганидек, республикамизда Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини янада оширади.

Маъруза якунида и.ф.н., доц. А.А.Ядгаров бевосита онлайн илмий-амалий семинар иштирокчилари томонидан тақдим этилган саволларга ўзининг фикрларини билдирди.

“Тармоқлар иқтисодиёти” кафедраси мудири доцент И.Хотамов раҳбарлигида ташкил этилган онлайн илмий-амалий семинари кўтаринки руҳда ўтди ва барча иштирокчилар ўзларининг семинар ҳақида ижобий фикрларини билдиришди.