YANGILIKLAR

Kun: 12.06.2020

Хабар берганимиздек, яқинда Тошкент шаҳрида Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалининг ташкил этиш бўйича онлайн конференция ўтказилган эди. Бўлиб ўтган онлайн анжуманда кадрлар тайёрлаш, олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ташкил этилаётган олий ўқув муассасасининг ўқитиш тизимида электрон ва масофавий таълим технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов ва Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази раҳбари Улуғбек Камолиддинов расмий ташриф билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлди.

Университет ректори Қўнғиротбой Шарипов, Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Дилором Бегматова ва Корпоратив бошқарув кафедраси мудири Бобур Ўрунов билан бўлиб ўтган учрашувда Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалини ташкил этишнинг моддий-техника базаси ва қабул жараёнини ташкил этиш, Ўзбекистон томонидан фаолиятга жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш, ўқув жараёни учун ўқув, илмий ва услубий қўлланмаларни шакллантириш каби масалаларнинг ташкилий асослари муҳокама қилинди.

Музокаралар жараёнида янги ташкил этилаётган мазкур даргоҳда таҳсил оладиган ёшларнинг тўлақонли мутахассис сифатида шаклланишига пухта замин яратиш асосий вазифа бўлиши зарурлиги айтиб этилди. Битирувчилар дипломли мутахассис эмас, балки аниқ бизнес режага эга бўлган тадбиркор, салоҳиятли шахс сифатида камол топишлари зарур. Бу мақсадга эришишда энг аввало, кириш имтиҳонларини шаффоф ва адолатли тарзда ташкил этиш ва иқтидорли, ўз олдига аниқ мақсадлар қўйган ёшларни саралаш тизимини жорий этиш зарур. Бу борада режали ва тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Маълумот учун эслатиб ўтамиз, Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалига 200 нафар талабани қабул қилиш режалаштирилган. Улар Электрон тижоратлаштириш ҳамда Халқаро тадбиркорлик таълим йўналиши бўйича таҳсил олишади.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил февраль ойида Туркия Республикасига расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш ва шу асосда Тошкент шаҳрида Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалини ташкил этиш белгилаб берилган эди.

Шу муносабат билан, жорий йил 4-7 март кунлари Ўзбекистон делегацияси Туркия иқтисодиёт ва технология университетига ташриф буюриб, мазкур олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиалини очиш юзасидан ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Мазкурга келишувга кўра, Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида кадрлар тайёрлаш, олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, электрон ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш каби вазифалар белгилаб олинган эди.

Ушбу масала юзасидан ўтказилган онлайн конференцияда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети раҳбар ходимлари, Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда ҳар икки мамлакатнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Конференция давомида ТОВВ ЕТU бренди, веб-сайти, платформа ва бошқа материаллардан университетнинг Тошкент шаҳридаги филиалини ривожлантириш учун фойдаланиш, қолаверса ТОВВ ЕТU дипломини бериш, талабаларнинг қабул қилиш шартлари ва муддатларини келишиш ва кутубхона фондини, шунингдек таълим соҳасидаги ўқув, илмий ва услубий қўлланмаларни шакллантиришга кўмаклашиш каби ишларни тезкор амалга оширилиш масалаларини томонлар муҳокама қилишди ва мазкур масалалар бўйича ижобий тўхтамга келинди.

Бундан ташқари, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб талабаларни қабул қилиш, таълим жараёнларини тўлақонли жорий этиш ҳамда шу соҳага Туркиянинг етакчи ўқитувчи-профессорларини жалб қилишга келишиб олинди.

Маълумот учун:

Туркия иқтисодиёт ва технология университети 2002 йилда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси томонидан ташкил этилган.

Университет фаолиятининг ўзига хослиги ўқув режаларининг ДУАЛ таълимга асосланган уч семестрлик ўқув жараёни ҳисобланиб, таълим олувчиларга 2 семестр давомида назарий билимлар билан бир қаторда 3-чи семестрда амалий кўникмалар шаклланиши мувозанатлаштирилган. Университетнинг ушбу хусусияти, унинг Туркия таълим тизимида алоҳида ўрин тутишини таъминлайди.

 “Ёш университетлар: мингйиллик университетлари” рейтингида университет 32 ўринни эгаллаган.