YANGILIKLAR

Kun: 02.06.2020

Жанубий Кореянинг Соганг университети вакили Сонг Чанг магистратура босқичида халқаро қўшма таълим дастурини ишга тушириш масаласини муҳокама қилиш учун расмий ташриф билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетига келди.

Университет ректори Қўнғиротбой Шарипов, Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Дилором Бегматова билан бўлиб ўтган мулоқот давомида икки томонлама диплом берувчи дастур асосида Бизнес бошқаруви ва Глобал хизматлар бошқаруви йўналишида магистрлар тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида таълим беришда ахборот ва рақамли технологиялардан фойдаланишнинг истиқболлари муҳокама қилиниб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунига асосан Учтепа туман ҳокимлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва “Young Entrepreneurs Generator” бизнес инкубатори томонидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ёшлар орасида бизнес стартап лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишга кўмаклашишга қаратилган мазкур келишувнинг умумий қиймати 10 млрд сўмни ташкил этади. Унинг мақсади мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлашга қаратилган.

Келишув доирасида ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш, хотин-қизларни жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, меҳнат билан бандлик самарадорлигини ошириш, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурини йўлга қўйиш, ёшларнинг ўз-ўзини меҳнат билан банд қилишга қаратилган ташаббуслари каби иннновацион бизнес лойиҳалар саралаб олинади. Истиқболли деб топилган бизнес ғоя ва ишланмалар Учтепа тумани ҳокимлиги томонидан молиялаштирилади.

Лойиҳалар давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва келишув иштирокчилари мутахассислари томонидан саралаб олиниб, амалиётга жорий этиш истиқболли деб топилгани ҳақида хулоса берилади.

Ўзаро ҳамкорлик меморандуми Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов ва “Young Entrepreneurs Generator” бизнес инкубатори директори Сардорхон Бузрукхонов томонидан имзоланди.

 

 

ТДИУ ахборот хизмати