YANGILIKLAR

Oy: Iyun 2020

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Австриянинг Кремс амалий фанлар университети ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма таълим дастури 2020-2021 ўқув йили учун қабул бошланишини эълон қилади.

Бакалавриат босқичи учун қўшма таълим дастури:

– Менежмент (экспортга йўналтирилган менежмент)
– Менежмент (туризм ва дам олиш менежменти)

Бакалавриатура босқичи учун талаб этиладиган ҳужжатлар:
👉 IELTS сертификати (камида 5.5) ёки инглиз тили билим даражасини аниқловчи бошқа стандартлаштирилган тест натижаси;
👉 Расмий диплом (илова) ёки шаҳодатнома асли;
👉 Паспорт нусхаси.

Магистратура босқичи учун қўшма таълим дастури:
– Менежмент (халқаро бизнес ва экспорт менежменти)

Магистратура босқичи учун талаб этиладиган ҳужжатлар:
👉 IELTS сертификати (камида 6), TOEFL (IBT) 90; ёки Кембридж сертификати С1 ;
👉 Бакалавр дипломи;
👉 Паспорт нусхаси.

Батафсил маълумот учун:
✅ Бакалавриат таълим дастури бўйича
+998990034455
+998909669099
Магистратура таълим дастури бўйича
+998909539449

 

Университет хотин-қизлар бошланғич ташкилоти томонидан “Муҳаммад Аминхўжа Муқимий асарларида Ватанга садоқат, она-юртга, халққа муҳаббат ва ифтихор туйғуларининг шаклланиши” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Муқимий асарларини талаба-ёшлар ўртасида ўрганиш ва кенг оммага тарғиб қилиш методикасини яратишга қаратилган тадбирни Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов очиб берди.

Онлайн ўтказилган тадбирда Муқимийнинг 5 та асари – “Танобчилар” (Иқтисодиёт факультети), “Сайлов” (Корпоратив факультети), “Тўй” (Иқтисодиётда ахборот тизимлари факультети), “Саёҳатнома” (Туризм ва сервис факультети), “Вексель” (Бухгалтерия ҳисоби ва аудит факультети) тақдимот қилинди.

Тақдимотлар орқали асарларнинг она-юртга, халққа муҳаббат ва ифтихорнинг ижтимоий-иқтисодий моҳияти, бошқарув жараёнларига оид ёндашувлари, унинг тарбиявий аҳамияти ёритиб берилди. Шунингдек, Муқимий асарларида аёлларга бўлган эътибор ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбирда Қўқон давлат педагогика институти Ўзбек тили адабиёти факультети декани Зебо Қобилова, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети Ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Муяссар Сапарниёзова, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчилари Мухлиса Муҳиддинова, Умида Азимова ва Шаҳноза Холматовалар эксперт сифатида фаолият олиб бориб, ҳар бир факультет талабасининг чиқишларини мутахассис сифатида баҳолаб бордилар.

Тадбир сўнгида “Муқимий ҳаёти ва ижоди – ёшлар тарбияси учун наъмуна” мавзусидаги талабалар конференциясини ўтказиш, “Ёш муқимийшунослар” сайтини ишга тушириш, “Муҳаммад Аминхўжа Муқимий асарларида иқтисодий терминларнинг ишлатилиши” бўйича изоҳли луғат тайёрлаш, Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг ҳар бир асарига алоҳида инфографика ишлаб чиқиш, Муқимий асарларининг электрон аудио китоблар сонини кўпайтириш ва интелектуал ўйинларни ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

 

Иқтисодиёт факультети декани и.ф.д. профессор Гулнора Абдурахмонова ва факультетнинг 2-босқич талабаси Достонбек Рустамов ҳаммуаллифлигида “Инсон капиталини рақамли иқтисодиёт асосида ривожлантириш йўналишлари” номли китоби нашрдан чиқди. Қувонарлиси, ушбу китоб Латвияда мувафақиятли чоп этилди.

Мазкур китоб иқтисодиёт йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабаларга, меҳнат иқтисодиёти ва рақамли иқтисодиёт соҳасида илмий иш олиб бораётган тадқиқотчиларга, шунингдек ушбу фанга қизиқувчи китобхонларнинг кенг доирасига мўлжалланган.

 

Бугун, 15 июнь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Мара тегнологиялари университетининг раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари иштирокида видеоконференцалоқа режимида учрашув бўлиб ўтди.

Онлайн музокара жараёнида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, ўзаро манфаатли лойиҳаларни йўлга қўйиш, икки томонлама алмашинув ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшма дастурни амалга ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Мара технологиялари университети (Малайзия) ўртасида таьлим, илмий-тадқиқот, академик ва институционал алмашинув соҳасида ўзаро англашинув меморандуми имзоланди.

 

Тармоқлар иқтисодиёти кафедраси томонидан “Zoom” платформаси орқали “Республикамиз ҳудудлари ва тармоқлари экспорт салоҳиятини ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида онлайн илмий-амалий семинар ўтказилди.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 май “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Онлайн илмий-амалий семинарининг маърузачиси Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Инвестиция муҳитини такомилаштириш бошқармаси бошлиғи Авазбек Муллажонов “Республикамиз ҳудудлари ва тармоқлари экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш имкониятлари” мавзусида ўз фикрларини баён этди. Жумладан, бугунги кунда бутун дунёда рўй бераётган пандемия шароитида республикамиз ҳудудларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигида ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларини тубдан ҳал қилиш, қишлоқ хўжалигида органик жиҳатдан сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда экспорт салоҳиятини тубдан ошириш борасида тўхталиб ўтди.

Суҳбат якунида онлайн илмий-амалий семинар иштирокчилари томонидан саволлар йўлланди ва бевосита маърузачи томонидан тақдим этилган саволларга ижобий фикрлар билдирилди.

Онлайн илмий-амалий семинарининг 2-маърузачиси Тармоқлар иқтисодиёти кафедраси доценти, PhD. Муҳиддин Юсупов “Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини янада рағбатлантириш имкониятлари” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи ўз маърузасида қабул қилинган фармондан келиб чиқиб 2016-2019 йиллар давомида ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажми – 171,2 фоизга, жумладан мева-сабзавотчилик – 172,6 фоизга, чорвачилик маҳсулотлари – 170 фоизга, ўрмон ва балиқчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш – 177,5 фоизга ошганлигини келтириб ўтди. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт ҳажми, экспорт кўрсаткичлари бўйича охирги 5 йиллик статистик маълумотларни тақдим этди. Экспортни ошириш ва логистика хизматларини такомиллаштириш бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди. Қўшимча равишда жаҳон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларга қўйилган сифат ва хавфсизлик талабларининг тобора ортиб бориши, мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига халқаро бозорларда талаб ортиб бораётганлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

Маъруза якунида PhD. М.С.Юсупов бевосита онлайн илмий-амалий семинар иштирокчилари томонидан саволлар йўлланди ва бевосита маърузачи томонидан тақдим этилган саволларга ижобий фикрлар билдирилди.

Онлайн илмий-амалий семинар дастури бўйича маърузачиси “Тармоқлар иқтисодиёти” кафедраси доценти и.ф.н. Акрам Ядгаров “Органик маҳсулотлар етиштришиш ва экспортини ташкил этишда халқаро сифат стандартларининг ўрни (Хорижий давлатлар тажрибаси асосида)” мавзусида ўз маърузасини тақдим этди. Халқаро органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти таҳлилларига кўра, бугунги кунда 172 мамлакат органик қишлоқ хўжалиги етиштириш билан шуғулланмоқда. 90 дан ортиқ мамлакат органик қишлоқ хўжалиги соҳасида меъёрий-ҳуқуқий актларга эга. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун дунё бўйича 43,7 миллион гектар ер майдонида 2,3 миллион фермер хўжалиги бандлиги аниқланган. 

Органик қишлоқ хўжалиги — дунё бозор тренди ҳисобланади. 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 млрд еврони ташкил этиб, 71,5 млн гектар майдонда 2,8 млн ишлаб чиқарувчи ушбу фаолият тури билан шуғулланган. Экспертларнинг баҳолашига кўра, дунё органик маҳсулотлари бозорида сўнгги 5 йил давомида йилига ўртача 15 фоиздан ўсишга эришилиб, 2022 йилда савдо айланмаси 212 млрд АҚШ доллари (жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи)ни ташкил этиши прогноз қилинган.

Мазкур Фармонда кўзда тутилганидек, республикамизда Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини янада оширади.

Маъруза якунида и.ф.н., доц. А.А.Ядгаров бевосита онлайн илмий-амалий семинар иштирокчилари томонидан тақдим этилган саволларга ўзининг фикрларини билдирди.

“Тармоқлар иқтисодиёти” кафедраси мудири доцент И.Хотамов раҳбарлигида ташкил этилган онлайн илмий-амалий семинари кўтаринки руҳда ўтди ва барча иштирокчилар ўзларининг семинар ҳақида ижобий фикрларини билдиришди.

 

Хабар берганимиздек, яқинда Тошкент шаҳрида Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалининг ташкил этиш бўйича онлайн конференция ўтказилган эди. Бўлиб ўтган онлайн анжуманда кадрлар тайёрлаш, олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ташкил этилаётган олий ўқув муассасасининг ўқитиш тизимида электрон ва масофавий таълим технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов ва Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази раҳбари Улуғбек Камолиддинов расмий ташриф билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлди.

Университет ректори Қўнғиротбой Шарипов, Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Дилором Бегматова ва Корпоратив бошқарув кафедраси мудири Бобур Ўрунов билан бўлиб ўтган учрашувда Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалини ташкил этишнинг моддий-техника базаси ва қабул жараёнини ташкил этиш, Ўзбекистон томонидан фаолиятга жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш, ўқув жараёни учун ўқув, илмий ва услубий қўлланмаларни шакллантириш каби масалаларнинг ташкилий асослари муҳокама қилинди.

Музокаралар жараёнида янги ташкил этилаётган мазкур даргоҳда таҳсил оладиган ёшларнинг тўлақонли мутахассис сифатида шаклланишига пухта замин яратиш асосий вазифа бўлиши зарурлиги айтиб этилди. Битирувчилар дипломли мутахассис эмас, балки аниқ бизнес режага эга бўлган тадбиркор, салоҳиятли шахс сифатида камол топишлари зарур. Бу мақсадга эришишда энг аввало, кириш имтиҳонларини шаффоф ва адолатли тарзда ташкил этиш ва иқтидорли, ўз олдига аниқ мақсадлар қўйган ёшларни саралаш тизимини жорий этиш зарур. Бу борада режали ва тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Маълумот учун эслатиб ўтамиз, Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалига 200 нафар талабани қабул қилиш режалаштирилган. Улар Электрон тижоратлаштириш ҳамда Халқаро тадбиркорлик таълим йўналиши бўйича таҳсил олишади.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил февраль ойида Туркия Республикасига расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш ва шу асосда Тошкент шаҳрида Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалини ташкил этиш белгилаб берилган эди.

Шу муносабат билан, жорий йил 4-7 март кунлари Ўзбекистон делегацияси Туркия иқтисодиёт ва технология университетига ташриф буюриб, мазкур олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиалини очиш юзасидан ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Мазкурга келишувга кўра, Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида кадрлар тайёрлаш, олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, электрон ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш каби вазифалар белгилаб олинган эди.

Ушбу масала юзасидан ўтказилган онлайн конференцияда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети раҳбар ходимлари, Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда ҳар икки мамлакатнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Конференция давомида ТОВВ ЕТU бренди, веб-сайти, платформа ва бошқа материаллардан университетнинг Тошкент шаҳридаги филиалини ривожлантириш учун фойдаланиш, қолаверса ТОВВ ЕТU дипломини бериш, талабаларнинг қабул қилиш шартлари ва муддатларини келишиш ва кутубхона фондини, шунингдек таълим соҳасидаги ўқув, илмий ва услубий қўлланмаларни шакллантиришга кўмаклашиш каби ишларни тезкор амалга оширилиш масалаларини томонлар муҳокама қилишди ва мазкур масалалар бўйича ижобий тўхтамга келинди.

Бундан ташқари, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб талабаларни қабул қилиш, таълим жараёнларини тўлақонли жорий этиш ҳамда шу соҳага Туркиянинг етакчи ўқитувчи-профессорларини жалб қилишга келишиб олинди.

Маълумот учун:

Туркия иқтисодиёт ва технология университети 2002 йилда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси томонидан ташкил этилган.

Университет фаолиятининг ўзига хослиги ўқув режаларининг ДУАЛ таълимга асосланган уч семестрлик ўқув жараёни ҳисобланиб, таълим олувчиларга 2 семестр давомида назарий билимлар билан бир қаторда 3-чи семестрда амалий кўникмалар шаклланиши мувозанатлаштирилган. Университетнинг ушбу хусусияти, унинг Туркия таълим тизимида алоҳида ўрин тутишини таъминлайди.

 “Ёш университетлар: мингйиллик университетлари” рейтингида университет 32 ўринни эгаллаган.

 

 

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида давлатимиз раҳбари томонидан миллий статистика соҳасини такомиллаштириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда университет ректори Қўнғиротбой Шарипов, барча проректорлар ҳамда Статистика кафедраси мудири иштирок этди.

Маълумотларга кўра, статистика соҳаси учун сўнгги 5 йилда 318 нафар бакалавр ва 33 нафар магистр тайёрланган бўлиб, статистика идораларида уларнинг 10 фоизи ишламоқда, холос. Тизимдаги ходимларнинг 2 фоизигина статистика бўйича олий маълумотга эга. Шунингдек, 30 йил давомида 1 нафар фан доктори, 11 нафар фан номзоди илмий иш ёқлаган. Шу боис кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва статистика фанини ривожлантириш, соҳада меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Айни вақтда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида статистика йўналиши бўйича баклавриат босқичида 169 нафар, магистратура босқичида 11 нафар талаба таҳсил олмоқда, 12 нафар илмий изланувчи тадқиқот олиб бормоқда. Талабаларни соҳанинг замонавий стандартлари асосида ўқитиш, бу йўналишда дунёнинг етакчи илм даргоҳлари бўлган Италиянинг Балоня университети ҳамда АҚШнинг Стэнфорд университети билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, улар билан алмашинув дастурларини ишга тушириш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича манзилли ишга жойлаштириш бўйича иш берувчилар билан мустаҳкам ҳамкорлик олиб бориш, мавжуд ўқув адабиётлари ва дарсликларни янгилаш борасидаги масалалар кенг муҳокама қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган Қўмита раиси ва бошқарма бошлиқлари иштирокидаги очиқ дарс соатларини бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, он-лайн режимда олиб боришнинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

 

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриат, шу жумаладан иккинчи таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган талабалар учун якуний давлат аттестация синовларини ўтказиш жадвали

Жанубий Кореянинг Соганг университети вакили Сонг Чанг магистратура босқичида халқаро қўшма таълим дастурини ишга тушириш масаласини муҳокама қилиш учун расмий ташриф билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетига келди.

Университет ректори Қўнғиротбой Шарипов, Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Дилором Бегматова билан бўлиб ўтган мулоқот давомида икки томонлама диплом берувчи дастур асосида Бизнес бошқаруви ва Глобал хизматлар бошқаруви йўналишида магистрлар тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида таълим беришда ахборот ва рақамли технологиялардан фойдаланишнинг истиқболлари муҳокама қилиниб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.