YANGILIKLAR

Kun: 04.05.2020

Тошкент давлат иқтисодиёт университети меҳнат жамоаси, профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари Сардоба сув омбори тошқинидан жабр кўрган фуқаролар ҳолидан хабар олишда давом этаяпти. Навбатдаги ташриф Гагарин шаҳарчасининг Ғалаба маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 13-сонли мактабгача таълим муассасасига уюштирилди. Бу ерда 68 нафар фуқаро вақтинча жойлаштирилган бўлиб, уларнинг энг ёши улуғи 72 ни қарши олган бўлса, энг кичиги 2019 йилда таваллуд топган. Университет ректори Қўнғиротбой Шарипов, Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Садриддин Худойқулов, Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раҳбари Дилобар Рўзиева бошчилигидаги кўнгилли гуруҳ, уларга 21 турдаги бирламчи зарур маҳсулотларни етказиб бердилар.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мазкур муассасага жойлаштирилган фуқароларнинг энг бирламчи эҳтиёжлари учун зарур маҳсулотлар банки шакллантирилди. Шунингдек, психологик суҳбатлар  ўтказилиб, уларнинг руҳий ҳолати ўрганилди ва зарур тавсиялар берилди. Ўрганишлар кўрсатдики, фуқаролар иш фаолиятини давом эттириш, ишсизлик ҳолатидан чиқиш, томорқадаги экинлари ташвиши ва уйида қолган маиший техника воситалари хавотири билан кўпроқ ўйланмоқда.

Фуқароларга давлат органлари, маҳаллий ҳокимият ва ҳомийлар томонидан барча қулайликлар яратиб берилаяпти. Бундай кўмак ва эътибордан шод бўлган ҳолда бошларига тушган ташвишни унутмоқдалар. Мирзачўл туман кўп тармоқли поликлиникаси томонидан 2 нафар тиббиёт ходими бириктирилган.

— Мазкур масканга келтирилган фуқаролар орасида бевосита фавқулодда вазият вақтида жабрланганлар мавжуд эмас, дейди Мирзачўл туман кўп тармоқли поликлиникаси ҳамшираси Жамила Йўлдошева.  —Мурожаатлар қон босими ошиши, бош, кўз, қулоқ оғриғи шикояти билан бўляпти. Умуман олганда уларнинг аҳволи қониқарли.

Ташриф сўнгида Тошкент давлат иқтисодиёт университети вакиллари оилалар кесимида зарурий маҳсулотларга бўлган эҳтиёжлар рўйхатини шакллантирдилар. Зарурий маҳсулотларни тез фурсатда етказиб бериш чора-тадбирлари белгиланди.