YANGILIKLAR

Oy: Aprel 2020

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали дунё ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб борувчи йирик ахборот макони ҳисоблансада, жамоатчилик фикрини чалғитишга қаратилган ва айни кунларда бутун дунёни қамраб олган глобал танглик даврида одамларда ваҳима уйғотувчи маълумотлар тарқатаётгани кишини таажжубга солади. Бунга мисол сифатида “Ректор оилавий ётоқхонани бўшатишни талаб қилмоқда. 49 та оила карантинда қаерга боради?” сарлавҳали хабарни келтиришимиз мумкин.

Биринчидан, сарлавҳани ўзи мулоҳазали. Иккинчидан, ҳолат чуқур ўрганилмаган. Учинчидан, оммавий ахборот воситасига қўйиладиган энг асосий талаб – холислик ва шаффофлик таъминланмаган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида илмий тадқиқотчилик фаолиятини рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоясини таъминлашга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, илмий салоҳиятни ошириш ва таълим сифатини таъминлаш мақсадида илмий изланувчиларнинг ижтимоий ҳимояси университет раҳбариятининг доимий диққат марказида.

Бугунги кунда университетда 106 нафар илмий тадқиқотчи ва ёш олимлар фаолият юритади, 632 нафар талаба магистратура босқичида таҳсил олади. Уларнинг 104 нафарида вақтинчалик турар жойга эҳтиёж бор. Аммо, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда номувофиқликлар мавжудлиги боис, айрим илмий ходимлар ижарада истиқомат қилишга мажбур бўлмоқда. Давлат ва университет мулки бўлган уй-жой фондидан унумли фойдаланиш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар белгиланганига қарамай, мазкур масала йиллар давомида ечимсиз бўлиб келмоқда. Чунки, илмий ходимларни вақтинча турар жой билан таъминлаш мақсадига мўлжалланган Чилонзор тумани, Алгоритм-1 массивида жойлашган 19-сонли ёш илмий тадкиқотчилар ётоқхонасидан самарали фойдаланиш имконияти мавжуд эмас. Негаки, айни вақтда мазкур масканда 197 нафар фуқаро истиқомат қилсада, улардан атиги 22 нафари меҳнат шартномаси асосида университет тизимида фаолият олиб боради.

Мазкур масаланинг айни кунлардаги вазиятга боғланиши манфаатларни ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз томонига оғдиришдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблаймиз. Зеро, бу масала бир неча йилдан буён университетда ҳал этилиши лозим бўлган мураккаб ҳолат сифатида очиқ қолмоқда.

Хабардан англашиладики, гўёки бутун дунёда танглик ҳолатини келтириб чиқараётган пандемия даврида мазкур ётоқхонада истиқомат қилаётганлар чиқариб юборилмоқда. Бу қанчалик асосга эга? Бу тўғридан-тўғри туҳмат эмасми? Хўш, фуқаро расман ордер олиб 20 йилдан ортиқ ушбу масканда истиқомат қилаётган бўлса, нега белгиланган тартиб-қоидалар ва нормаларга амал қилмасдан, ўз манфаатларини ўйлаб иш тутмоқда. Ахир Тошкент давлат иқтисодиёт университети Кенгаши томонидан қабул қилинган ва университет ректори томонидан 2017 йил 13 февралда тасдиқланган янги таҳрирдаги “19-сонли ёш илмий тадқиқотчилар ётоқхонаси тўғрисида”ги низомнинг 2, 7, 69-бандларида мазкур турар жойдан фойдаланиш, тасарруф этиш ва бўшатиш бўйича аниқ нормалар белгиланганку?

Савол туғилади: хабарда қайд этилганидек “синовлар”га дуч келаётганлар, аслида бу синовларни ўз манфаатларини бошқалар манфаатидан устун қўйиши оқибатида келтириб чиқармадиларми? Ёки улар ёш илмий изланувчиларнинг ўзларига берилган имтиёзлардан фойдаланишларига қаршимилар?

Хабардаги “Коронавирус инфекциясига чалинганлар сони кўпайиб, карантин талаблари кучайган пайтда ётоқхонада истиқомат қилаётганларга огоҳлантириш хатлари бериб, сўнг фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига эса уларни мажбурий кўчириш ҳақида даъво-ариза киритди!” жумласи билан келиша олмаймиз. Айнан карантин даврида огоҳлантириш берилгани рост (чунки бу жараёнлар бошланган вақтда коронавирус тўғрисида бир оғиз сўзнинг ўзи йўқ эди), лекин у “хатни олганинг заҳоти хонани бўшат, мана, даъво аризаси суднинг столида” мазмунида эмас. Муҳтарам “холислар” хатни холисона ўқиб кўрсинлар.

Энди бир саволни ўртага ташлайлик: давлат мулки бўлган ва ундан мақсадсиз фойдаланиш қанчалик маънавий-ахлоқий нормаларга мувофиқ келади?

Хулоса ўрнида айтар сўзимиз – ўзимизга берилган имкониятдан ўз вақтида самарали фойдаланган ҳолда, уни кейинги авлод учун ҳам фойдали бўлишига замин яратайлик.

ТДИУ ахборот хизмати

Тошкент давлат иқтисодиёт университети факультет деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва талабалари диққатига!!!

Сизларга маълумки, Университет раҳбарияти томонидан “Коронавирус пандемияси натижасида вужудга келадиган глобал инқироз ҳолатларининг республика иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш” мавзусида илмий мақолалар танлови эълон қилинган эди. Ушбу танловда ҳар бири бўйича беш нафардан ғолибни ўз ичига олувчи биринчи, иккинчи ва учинчи совриндор ўринлар белгиланган. Ғолибларни муносиб рағбатлантириш мақсадида 1-ўрин учун 1 000 000 сўм, 2-ўрин учун 500 000 сўм, 3-ўрин учун 300 000 сўм миқдорида пул мукофотлари билан тақдирлаш кўзда тутилган.

Мамнуният билан таъкидлаш лозимки, Экспертлар кенгаши томонидан танловга келиб тушган мақолаларни баҳолаш натижаларига кўра, қуйидагилар танлов ғолиблари сифатида белгиланди:

 

I ўрин
COVID-19: ИҚТИСОДИЙ РЕЦЕССИЯМИ ЁКИ ИҚТИСОДИЙ ИНҚИРОЗМИ? Каримов Нарбой Ғаниевич,
и.ф.д., профессор, Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи
Сайдуллаев Ш.Ш., мустақил изланувчи, Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси
ГЛОБАЛЬНАЯ ПАНДЕМИЯ: ВЫЗОВЫ И ВОЗМОЖНОСТИ НА ПУТИ РАЗВИВАЮЩЕЙСЯ ЭКОНОМИКИ УЗБЕКИСТАНА Халикова Рухсора Санжаровна
ТДИУ таянч докторанти
INFLUENCE OF GLOBAL CRISIS ON FINANCIAL SECURITY OF INDUSTRIAL ENTERPRISES UNDER CONDITIONS OF THE CORONAVIRUS PANDEMIA Турсунов Бобир Ортиқмирзаевич
PhD, Иқтисодий хавфсизлик кафедраси мудири
КОРАНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИНИНГ МАМАЛАКАТЛАР МОЛИЯ ТИЗИМИГА ТАЪСИРИ ВА УНИ БАРТАРАФ ЭТИШДАГИ ЎЗБЕКИСТОНДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР Примова Нигора Икром қизи
ТДИУ таянч докторанти
COVID-19 ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ОЗИҚ-ОВҚАТ САНОАТИ УЧУН ИНВЕСТИЦИЯНИНГ ЗАРУРАТИ (ЎЗБЕКИСТОН МИСОЛИДА) Толипова Бахтигул  Фарходовна
ТДИУ таянч докторанти
 

 

II ўрин

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА КОРОНАВИРУСНИНГ ИҚТИСОДИЁТГА ТАЪСИРИНИ КАМАЙТИРИШ ЙЎЛЛАРИ Темиров Абдулазиз Алимжанович
и.ф.н., ТДИУ Корпоратив бошқарув кафедраси доценти
КОРОНАВИРУСНИНГ МАМЛАКАТ ИҚТИСОДИЁТИГА ТАЪСИРИНИ ЮМШАТИШ ВА ИНҚИРОЗДАН ЧИҚИБ КЕТИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎЛЛАРИ Баймурадов Шохрух Махмудович
ТДИУ таянч докторанти
КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИГА  ҚАРШИ КУРАШДА БАНК ТИЗИМИНИНГ ЎРНИ Азларова Азиза Ахроровна, и.ф.н. ТДИУ Банк иши кафедраси доценти
КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ НАТИЖАСИДА ВУЖУДГА КЕЛАДИГАН ГЛОБАЛ ИҚТИСОДИЙ ИНҚИРОЗНИНГ ХАЛҚАРО ИҚТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАРГА ТАЪСИРИ ВА ЎЗБЕКИСТОН ШАРОИТИДА УНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ Салихов Саидамир Алишер ўғли
ТДИУ таянч докторанти
ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ГЛОБАЛ ИНҚИРОЗНИНГ САЛБИЙ ТАЪСИРЛАРИНИ ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИ ТАРМОҚЛАРИ КОРХОНАЛАРИДА ЮМШАТИШДА МАРКЕТИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ Умидова Фотима Искандарбековна,
ТДИУ илмий ходими
III ўрин
КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ НАТИЖАСИДА ВУЖУДГА КЕЛАДИГАН ГЛОБАЛ ИНҚИРОЗ ҲОЛАТЛАРИНИ ЎРГАНИШ ҲАМДА КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА ТАЪСИРИ ВА УНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ Мамасоатов Дилшод Равшанович
ТДИУ ҳузуридаги «Ўзбекистон иқтисодиётини
ривожлантиришнинг илмий асослари ва
муаммолари» Илмий тадқиқот маркази катта илмий ходими
КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ НАТИЖАСИДА ВУЖУДГА КЕЛАДИГАН ГЛОБАЛ ИНҚИРОЗ ҲОЛАТЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИГА САЛБИЙ ТАЪСИРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ Усмонов Бунёд
ТДИУ 1-курс магистранти
КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТИГА ЗАРАРЛИ ТАЪСИРИНИ ЮМШАТИШ ЙЎЛЛАРИ Муталова Дилором Махамаджановна,
и.ф.н., ТДИУ Молия кафедраси профессори
KORONAVIRUS PANDEMIYASI NATIJASIDA VUJUDGA KELADIGAN GLOBAL INQIROZ HOLATLARINING RESPUBLIKA IQTISODIYOTIGA SALBIY TA’SIRINI YUMSHATISH Ўроқова Дилдора, ТДИУ Иқтисодиёт факультети 1-босқич EK-55 гуруҳ талабаси
“MITIGATION OF THE NEGATIVE IMPACT OF THE GLOBAL CRISIS CAUSED BY THE CORONAVIRUS PANDEMIC ON THE ECONOMY OF THE REPUBLIC” Абзалова Нозимахон Нодирбековна
Халқаро туризм факультети 4-босқич талабаси

 

Мазкур танловга илмий мақолаларини тақдим этган барча иштирокчиларга илмий ва ижодий фаолликлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз. Танлов ғолибларини эса бу муваффақият билан чин дилдан табриклаб, мазкур мақолалар “Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар” илмий электрон журналининг махсус сонида чоп этилишини маълум қиламиз. 

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 28 февралдаги 13-сон мажлис баёни қарорига асосан қўйшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича 2020 йил 17 февралидан 15 мартига қадар ариза билан мурожаат қилган ва ўқиши кўчирилиши Давлат комиссиясининг 2020 йил 23 апрелдаги 14-сон мажлис баёни қарорига асосан рухсат этилган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқиши кўчирилиши тавсия этилганлар рўйхати

Ассалому алайкум ҳурматли талабалар!

✍️ Ҳозирги пандемия шароитида университетимизга сиз азизлардан жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда ва уларнинг аксариятини телефон қўнғироқлари ташкил этади. Лекин, карантин туфайли масъул ходимларнинг масофадан туриб меҳнат фаолиятини олиб боришаётганлиги туфайли хизмат телефон рақамларига бўлаётган мурожаатлар эътиборсиз қолиб кетмоқда. Шу боисдан мавжуд ноқулайликни бартараф этиш ва сизларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир соҳа бўйича “call center” фаолияти йўлга қўйилганини маълум қиламиз.

Қўшни давлатлардан ўқишини ТДИУга кўчирганлар учун телефон рақамлари:
☎️ +998 94 605 18 37 (Дадабоев Шавкат Хамидович);
☎️ +998 95 142 92 49 (Усмонов Бахтиёр Бобохонович).

Ўқув-услубий фаолият бўйича телефон рақами:
☎️ +998 91 165 06 65 (Насриддинов Фазлиддин Нажмиддинович).

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича телефон рақамлари:
☎️ +998 97 264 8707 (Мирзалиев Санжар Махаматжанович);
☎️ +998 93 5979223 (Юлдашев Абдухаким Абдукаримович).

Масофавий таълим платформаси бўйича телефон рақамлари:
☎️ +998 99 8786555 (Миролим Абдуллаев);
☎️ +998 99 8600057 (Бекзод Ортиқов).

Контракт тўловлари ва стипендиялар бўйича телефон рақамлари:
☎️ +998 94 6910405 (Дўстмурод Тўраев);
☎️ +998 90 9390147 (Эргашев Суннат Агзамович).

Халқаро ҳамкорлик бўйича телефон рафқами:
☎️ +998 97 727 16 10 (Хужамуродова Нафиса).

Маънавий-маърифий ва ёшлар билан ишлаш бўйича телефон рақами:
☎️ +998 90 9090683 (Азиз Амонов).

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича телефон рақами:
☎️ +998 97 4404504 (Ойбек Қўшбоқов).

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида “Илмий тадқиқот лойиҳалари танловларида иштирок этишнинг долзарб вазифалари, имкониятлар ва истиқболли йўналишлар” мавзусида онлайн семинар ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Бош илмий котиби, фил.ф.д., профессор Н. Мамадалиева ва бошқа мутахассислари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори т.ф.д., проф. К. Шарипов, проректорлар, бўлим бошлиқлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари, университетда олиб борилаётган Илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасидаги лойиҳалар раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, тадқиқотчилар иштирок этдилар.

Семинарни университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори и.ф.д., проф. К. Ахмеджанов очиб берди. Университет ректори т.ф.д., проф. К. Шарипов ўз кириш сўзи билан Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбариятига шундай тадбирни ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорлик учун ўз миннатдорчилигини билдириб, илмий тадқиқот иши, хусусан, илмий фаолиятга оида давлат дастури доирасидаги лойиҳалар университетда муҳим аҳамият касб этиши, бу борада университет ходимлари, барча раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, докторант ва тадқиқотчилар олдида турган муҳим масалалар тўғрисида тўхталиб, масъуллигини ошириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Университет Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори и.ф.д., проф. К.Ахмеджанов, университетда олиб орилаётган илмий тадқиқот ишлари, хусусан, илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасидаги лойиҳалар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтди.

2020 йилда университетда умумий қиймати 2,5 млрд. сўмлик, 11 та илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасида лойиҳалар, жумладан 3 та фундаментал ва 8 амалий лойиҳа устида илмий тадқиқот иши олиб борилмоқда. Шунингдек 2020 йилнинг ҳозирги ҳолатида умумий қиймати 100 млн. сўмдан ортиқ 15 та хўжалик шартномалари устида илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Бош илмий котиби, фил.ф.д., профессор Н.С. Мамадалиева сўзга чиқиб, ҳозирги вақтдаги Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасида олиб борилаётган ишлар, лойиҳалар бўйича маълумот бериб, илий тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга оширишга умумий талаблар бўйича алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, лойиҳалар бўйича ташкил этилаётган лойиҳаларнинг йил давомида мунтазам ташкил этилаётганлиги, унга тақдим этилаётган лойиҳалар, уларнинг мавзулари муҳим илмий муаммо ечимига қаратилиши, илмий-инновацион маҳсулот яратилиши ва унинг натижасини тижоратлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари томонидан айнан университет ихтисослигига мос бўлмаган лойиҳа танловларида иштирок этиши шарт эмаслиги, улар бошқа ихтисосликлар бўйича ҳам фаол иштирок этиши мумкинлиги, шунингдек, лойиҳани тўғри ва тўлиқ расмийлаштириш хамда рўйхатдан ўтказиш ва тақдим этиш тартиби, илмий-техник экспертизадан ўтказиш, танлов ғолибини аниқлаш, молиялаштириш, бундан ташқари ҳисоботларни белгиланган меъёрий ҳужжатларга мувофиқ тўғри ва тўлиқ шакллантириш масалалари мантиқий кетма-кетликда тушунтириб берилди.

Семинар интерактив, ўзаро музокаравий, мулоҳазавий юқори савиядаги савол-жавоблар асосида қизиқарли ва мазмунли ўтди. Семинардан кўзланган асосий мақсад университет профессор-ўқитувчилари, докторант ва тадқиқотчиларининг давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий лойиҳаларда фаол иштирок этишларини рағбатлантиришга қаратилди.

Семинарда университетда олиб борилаётган илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасидаги лойиҳалар раҳбарлари ҳозирги вақтга қадар лойиҳалар бўйича олиб борилган илмий тадқиқот иши натижалари юзасидан қисқача ҳисобот бердилар.

Шундан сўнг профессор-ўқитувчилар сўзга чиқиб, бугунги семинарда ИФОДД доирасидаги лойиҳалар, бу лойиҳалар бўйича ташкил этиладиган танловлар бўйича зарур маълумотлар олинганлигини айтдилар. Университет раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилар ИФОДД доирасидаги лойиҳалар бўйича ва бошқа шу каби танловларда фаол иштирок этиш, бу борада ҳар бир бўғиннинг ўз масъуллигини янада оширишга келишиб олдилар.

 

 

2020 йил 9 апрелда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида ўзаро англашинув тўғрисида меморандум имзоланди.

Ҳужжатни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Зиёвиддин Бадриддинов ва Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг ректори Конгратбой  Шарипов имзоладилар.

Меморандумдан кўзланган асосий мақсад, рақамли иқтисодиёт, биржа савдолари, давлат харидлари ва электрон тижорат соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, кадрлар малакаси ва касбий маҳоратини оширишдан иборатдир.

Мазкур меморандум “Илм, марифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурини амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги “Товар хомашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 170-сон қарорини ижро этиш доирасида имзоланди.

Ҳужжатда ТДИУ талабалари учун амалий тренинг ва стажировкаларни ташкиллаштириш, республика товар хомашё биржасининг кадрларини иқтисодиётнинг турли ихтисосликлари бўйича тайёрлаш хамда брокер ва трейдерлар, савдо иштирокчиларини малакасини ошириш, давлат ташкилотлари ходимларини биржа савдолари, давлат харидлари ва электрон тижоратга ўргатиш ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилган.Шунингдек

ҳамкорлик доирасида халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда биржа савдоларида ва электрон тижоратда замонавий стандартларни жорий этиш тўғрисида келишиб олинди.

Тузилган меморандум замонавий HR-менеджмент услубларни жорий этиш орқали биржа савдолари янада ривожланиши ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Toshkent davlat iqtisodiyot universitetiga qo‘shni davlatlardagi oliy ta’lim muassasalaridan o‘qishini ko‘chirgan fuqarolar diqqatiga

Qo‘shni davlatlardagi oliy ta’lim muassasalaridan o‘qishini ko‘chirgan fuqarolar shaxsini tasdiqlovchi hujjat – pasport bilan O‘quv-uslubiy boshqarma (B. Usmonov)ga murojaat qilishlari lozim. O‘quv-uslubiy boshqarma TDIU ma’muriy binosining 8-qavatida joylashgan.

 

Telefonlar:

+998 97-730-53-74 – O’rol Qodirov

+998 95-142-92-49 – Baxtiyor Usmonov

+998 91 165 06 65 – Fazliddin Nasriddinov

+998 97-440-45-04 – Oybek Qo’shboqov

 

Toshkent davlat iqtisodiyot universitetiga qo‘shni davlatlardagi oliy ta’lim muassasalaridan o‘qishini ko‘chirgan fuqarolar haqida quyidagi fayl orqali batafsil tanishish mumkin:

Toshkent davlat iqtisodiyot universitetiga qo‘shni davlatlardan o‘qishini ko‘chirganlar ro‘yxati

Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини ­кўпайтириш, ­ёппасига кредит бериш, дегани эмас.

Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий ­саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани ­яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли ­даволаниш, манзилли нафақа тўлаш ­тизимини жорий қилиш керак.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Дунёда глобал муаммолар қалашиб ётибди. Урушлар, террорчилик ҳаракатлари, экологик инқироз, очарчилик, қашшоқлик, аҳоли сони ўсиши,озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика тақчиллиги, ОИТС, онкология ва бугунги кунда бутун инсоният соғлиғига рахна солаётган коронавирус каби касалликлар…

Буларнинг ҳар бири инсоният бошига минг бир синову кулфатлар солиши мумкин, соляпти ҳам. Лекин уларни бартараф этишга келганда натижалар қониқарли эмас. Саъй-ҳаракатлар ниҳоятда суст. Чунки бирдамлик йўқ. Ҳамжиҳатлик етишмайди.

Аммо, мана уч ойдирки, ҳатто микроскоп ойнасида зўрға кўриш мумкин бўлган вирус бутун дунёни оёққа турғазди. Одамзод, агар ўз вақтида керакли чоралар кўрилмаса, шу лаънати митти вирус улкан балои офатлар келтириб чиқариши мумкинлигини англаб етди. Натижада жаҳон бирлашди, бирлашяпти! Ҳеч бир мамлакат “Бу бизнинг позициямизга тўғри келмайди”, “Миллий манфаатларимизга мос эмас”, “Ёндашувимиз бошқача” деб талмовсираб ё тусмолланиб ўтиргани йўқ. Ҳамма ҳаракатда. Ҳатто бир-бирини қўллаб, бир-бирига кўмак бериб иш тутиш­япти. Ишончимиз комилки, ана шундай ҳамжиҳатлик бўлса, тез орада бу пандемияни ҳам ортда қолдирамиз. Ҳаёт яна ўз маромига тушади.

Бироқ ўйлайманки, одам боласи ана шу кескин вазиятдан ўзига тегишли хулоса чиқариши керак. Шундагина навбатдаги глобал муаммоларни ҳам тез ва осон бартараф этишнинг самарали йўллари топилади. ­Шулардан бири — камбағаллик.

«Ёпиқ мавзу» нега очилди?
Камбағалликка илм-фанда аниқ таърифу тавсифлар берилган. Бусиз ҳам мазкур тушунча нимани анг­латишини ҳамма билади. Лекин масала шуки, ушбу муаммо нега энди кун тартибига чиқди? Жумладан, Ўзбекистонда бу муаммога қарши курашиш нима учун шунчалар долзарб бўлиб қолди?

Ана шу ўринли саволларга энг асосли жавобни Президентимизнинг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан топдик.

“…Бир оилада машина ҳам, ­чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни ­даволатишга кетади.

Хўш, бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўляпти, деган савол ҳар куни қийнайди…”

Тўғри, ҳар ким бу дунёга бахт­ли-саодатли яшаш учун келади. Фаровон ҳаёт кечирсам, турмушда кам-кўстим бўлмаса, деб орзу қилади, интилади. Бу — табиий жараён. Аммо инсон оддий минимал яшаш шароитисиз бахт тугул, хотиржамликка ҳам эриша олмайди. Қандай қилиб бўлмасин, қорнимни тўйғазсам, эгнимни бутласам, бетоб онам, бемор отам, хаста болам ёки касал хотинимга нима қилиб дори олсам, деган ўй-ташвишлар гирдобида турмуш кечирадиганларни ҳаётдан рози инсонлар, деб бўладими?

Иллюстратив сурат
Ана шу оғриқли масаланинг газак олиши бир неча омилларга боғлиқ. Улар орасида энг асосийси — муаммонинг яшириб келингани. Сир эмас, юртимизда камбағаллик кўп йиллар давомида “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. Бу категориянинг ўрнига дардимизни азбаройи хаспўшлаш учун “кам таъминланганлик”, “эҳтиёжмандлик” деган тушунчалардан фойдаландик. Оқибатда камбағаллик исканжаси ҳақиқатда кама­йиб қолмади ва остонамиздан бутунлай йўқ бўлиб кетмади.

Шукрки, халқ билан мулоқотнинг бугунгидай самарали тизими ҳақиқий аҳволни кўзгудагидай намоён этди. Одамларнинг аслида қандай ҳаёт кечираётгани, уларнинг энг оғриқли нуқталари ошкор бўлиб қолди.

Ўрганишлар натижасига кўра, ҳозирги кунда ҳудудларимизда, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмас. Дунёнинг бошқа мамлакатларидаги сингари бизда ҳам камбағал қатлам мавжуд. Улар тахминан 12 — 15 фоизни ташкил этиши ҳам рост. Бу 4-5 миллион нафарга тенг аҳоли дегани! Қаранг, ана шу юртдошларимизнинг бир кунлик даромади 10 — 13 минг сўмдан ошмас экан.

Ана шуларни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари ­Шавкат Мирзиёев масалани куюнчаклик билан кун тартибига олиб чиқди, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга кечиктириб бўлмас топшириқлар берди.

Хўш, улар нималарни кўзда тутади? Қандай самарали ­механизмларга асосланган?

Ишни ишсизликни камайтиришдан бошлаш керак!
“Ҳамма бало бекорчиликдан келиб чиқади”, дейди халқимиз. Бу — иллатларнинг шаклланиши, урчишига ишора. Худди шундай, камбағалликни ҳам келтириб чиқарувчи омиллар бор. Шулардан энг биринчиси — ишсизлик!

“Халқ сўзи ONLINE”
Камбағалликни бартараф этишнинг тўғри ва энг самарали усули аҳоли бандлиги даражасини ошириш, деб ҳисоблайди олимлар. Одамлар учун уларга муносиб ва даромади юқори иш ўринларини яратиш мақсад сари дадил қадамдир. Бунинг учун қишлоқ жойларда тадбиркорлик учун шарт-шароитлар, бизнес учун қулай муҳит ­яратиш керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, камбағалликни камайтириш — бу аҳолида тадбиркорлик руҳини ­уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий, ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир.

Балиқ эмас, қармоқ беринг
Статистик таҳлилларга эътибор қилинг: Ўзбекистонда ке­йинги икки йил ичида ижти­моий нафақа олувчилар сони 1,3 баробар кўпайибди, нафақалар миқдори эса 2 баробар ошибди. Бу, албатта, таҳсинга сазовор иш. Лекин ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш билан мавжуд муаммо тўлиқ ечимини топдими? Афсуски, йўқ. Нега?

Шу ўринда Хитой файласуфи, даосизм таълимоти асосчиси Лао Цзенинг ҳикматли сўзи ёдга тушади: “Оч қолган инсонга балиқ берсанг, унинг бир кунлик қорнини тўйдирасан. Агар унга қармоқ бериб, балиқ овлашга ўргатсанг, уни бир умр очликдан қутқарасан”.

Буюк мутафаккир бобомиз, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг бу борадаги фикрлари янаям жозибадор:

“Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки, биров берса ганж”.

Ана шуларни чуқур англаган Юртбошимиз Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа ­халқаро нуфузли ташкилотлар билан бирга камбағалликни ­камайтириш дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Бунда халқаро меъёрлар асосида чуқур ва ҳар томонлама комплекс изланишлар олиб борилиб, “камбағаллик” тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубларини қамраб олган янги методология яратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

«Ҳосил пишса, ошиғимиз олчи бўлади»
Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури мутахассисларининг фикрича, Ўзбекистонда камбағалликнинг кучли мавсумий таркибий қисми мавжуд. Яъни иш билан банд бўлганларнинг тахминан 27 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида ­фаолият кўрсатади. Шу сабабли фаровонлик ва истеъмол ­даражаси ҳар фаслда ҳар хил.

Масалан, ҳосил йиғим-терими пайтида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчилар ва сотадиганлар учун кўпроқ ишлаш имкониятлари юзага келади. Бошқа даврларда эса даромад камаяди. Озиқ-овқат ҳам кўпинча захиралардан сарфланади ёки сотиб олинади. Уй хўжаликлари истеъмол харажатларининг деярли учдан икки қисми ҳали-ҳануз озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келишини ҳисобга олсак, бу қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, озиқ-овқат хавфсизлигининг мавжуд эмаслиги ва қашшоқлик ўртасидаги муҳим боғлиқликларни намоён қилади.

Мавсумийлик ички иқтисодий фаолиятнинг кўплаб бошқа соҳаларида ҳам мавжуд. Масалан, қурилишда.

Ўзбекистонда кейинги 10 йилда меҳнат ва кичик бизнес даромадларининг ўсиши камбағалликнинг қисқаришига олиб келганини инкор қилмаймиз. Иш ҳақи ва бизнесдан келадиган даромад манбалари аҳамияти тобора ортиши билан нафақалар, ижтимоий ёрдам дастурлари ва бошқа даромад турларининг роли камайгани ҳам рост. Бироқ Ўзбекистоннинг меҳнат бозорида сезиларли заифликлар мавжуд. Халқаро валюта фондининг мамлакатлар бўйича сўнгги ҳисоботида, меҳнат захирасига йилига 500 минг нафар янги ишчи қўшилишига қарамасдан, иш билан бандликнинг қайд этилган ўсиши ва киши бошига тўғри келадиган ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар ҳажмининг ўсиш суръати ўртасида номутаносибликлар сақланиб қолаётганлиги таъкидланади. Ушбу мулоҳазани янада ривожлантирадиган бўлсак, иқтисодиётда банд аҳоли сонига тўғри келадиган товар ва хизматлар ҳажми, яъни меҳнат унумдорлиги даражаси бошқа ривожланган ҳамда ривожла­наётган давлатлар билан солиштирганда унчалик ҳам юқори бўлмаётганлигидан далолат ­бермоқда.

Умумий расмий маълумотларга кўра, мамлакатимизда меҳнат қиладиган аҳолининг
38 фоизи норасмий иш билан банд (43 фоизи ёшлар). Бу ишчи кучининг катта қисми расмий ижтимоий суғурта дастурларидан фойдаланмаётганини англатади.

Қашшоқлик даражаси қандай аниқланади?
Ўзбекистон — аҳоли жон бошига тўғри келадиган миллий даромад кўрсаткичи бўйича ўртача даромадга эга мамлакатлар қаторидан жой олган (киши бошига йилига ўртача 1533 АҚШ доллари).

Аслида даромаднинг ўртача даражаси икки гуруҳга бўлинади. Даромади ўртача даражадан паст мамлакатлар — киши бошига йилига 1036 — 4085 доллар ва даромади ўртача даражадан юқори мамлакатлар — киши бошига йилига 4086 — 12615 доллар. Биринчи гуруҳдаги мамлакатлар учун мезонлар қабул қилинган. Бу ўлчовлар бўйича киши бошига кунига 3,2 доллар — камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичи. Миллий даромади ўртачадан баландроқ мамлакатлар учун кунига киши бошига 5,5 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичидир.

“Халқ сўзи ONLINE”
Демак, Ўзбекистон учун қашшоқлик чизиғи — кунига 3,2 доллардан кам пулга яшаш дегани. Мисол учун, беш кишидан иборат оиланинг ялпи даромади ойига 480 доллар ёки 4,6 миллион сўмдан кам бўлса, бу оилани камбағал, деб ҳисоблаш мумкин.

Ёппасига кредит бериш — муаммо ечими эмас

Маълумки, 2018 йилдан буён Жаҳон банки “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” номли лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида “Марказий Осиёда туманлар миқёсидаги қашшоқлик даражаси, ўртача истеъмол ва аҳолининг ўрта синфи кўрсаткичлари” бўйича ҳисобот тайёрланди. Унда камбағал ва ўрта синф аҳоли яшайдиган туманлар хариталари бутун минтақа, хусусан, Ўзбекистон учун алоҳида келтирилган.

Бу орқали, жумладан, камбағалликни камайтиришга қа­ратилган саъй-ҳаракатлар ­самарадорлигини ошириш ёки маҳаллий даражадаги ижти­моий гуруҳлар муаммоларини ҳал қилиш учун маблағлар ажратилишида фойдаланиш мақсад қилинган. Ана шу таҳлиллар даромадлар тақсимланиши омилларини тушуниш ҳамда керакли чораларни аниқлаш ва ­ишлаб чиқишда қўлланилади.

Натижалардан маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида қашшоқлик даражаси кунига 3,2 долларни ташкил этади. Бу Марказий Осиёнинг бошқа (Тожикистон, Қирғизистон) мамлакатларига қараганда бирмунча паст кўрсаткичдир. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида даромад нотекис тақсимланган. Камбағалликнинг юқори даражаси Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг айрим туманларида кузатиляпти. Ўрта синф аҳолининг умумий аҳоли сонидаги улушининг энг паст даражаси ҳам Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи туманларига тўғри келмоқда.

Албатта, Президентимиз қайд этганидек, камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молия­вий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак.

Методология илмий хулосалар асосида яратилиши зарур

Камбағаллик миллатнинг ­соғлиғи, меҳнатга лаёқати ва илмий салоҳиятига путур етказади. Шунингдек, унинг оқибати натижасида Давлат бюджетининг пасайиши ва сиёсий ­жараёнларнинг кескинлашишига сабаб бўлади.

Ушбу ўринда 2019 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган олимлар ҳам айнан жаҳонда камбағалликни пасайтириш бўйича олиб борган тадқиқотлари учун мукофотланганлигини эсга олиш зарур бўлади. Булар ­америкалик Майкл Кремер ва келиб чиқиши асли ҳиндистонлик бўлган Абхиджит Банерджи ҳамда унинг рафиқаси ­Эстер Дюфло бўлиб, улар камбағалликни аниқлаш ва уни бартараф этиш борасида ижти­моий инновацияларни амалиётга татбиқ этишди.

Уларнинг илмий тадқиқот натижаларига кўра, камбағалликни юзага келтирадиган омиллар, шарт-шароитлар диагностикаси билан бирга ҳар бир мамлакат, ҳудуд ва оила кесимида бартараф этиш мумкинлиги аниқланди. Табиий фанлар ва тиббиётда олиб бориладиган тажриба усулларидан (эксперимент) кенг фойдаланган ҳолда, мазкур олимлар Кения ва Ҳиндистон оилалари, индивидлари мисолида дала тажрибаси асосида камбағалликни аниқлаш, уни пасайтириш бўйича изланишларни олиб боришиб, қуйидаги бош саволни қўйишди: камбағал давлатларда таҳсил олаётган ўқувчи-болалар учун бепул тушлик фойдалими ёки ўқув қўлланма?

“Халқ сўзи ONLINE”
Улар томонидан олиб борилган кўплаб тажрибалар (у 20 йил давомида амалга оширилган) шуни тасдиқладики, бепул тушлик ва қўшимча ўқув қўлланма ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичига унчалик ҳам сезиларли таъсир кўрсатмас экан. Шу боисдан мактабларни турли хилдаги замонавий ўқув қуроллари билан таъминлаш, моддий-техника базасини яхшилашга йўналтирилган молиявий ­харажатларни амалга ошириш, ўқувчиларни бепул тушлик ва ки­йим-бошлар билан таъминлаш каби чоралар қумга сув сепган каби сингиб кетар экан.

Ўзлаштириш кўрсаткичи ва ўқувчиларнинг билим савиясини кўтарадиган асосий омил: таълим бериш шаклини ва ўқитувчиларнинг таълим бериш сифатини ошириш, ўқувчиларга индивидуал ёндашув усулларини кучайтириш (дарс мазмунини оширишга) ҳамда болаларни қийнаб келадиган гижжа касалликларидан фориғ бўлишларини таъминлашга боғлиқ экан. Болалар организмида жойлашган паразитлардан холи бўлмасдан туриб, уларга қанчалик билим берманг, унинг ақли ва тафаккури кенгайиб қолмаслигини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тасдиқлади.

Шу пайтга қадар БМТ, Жаҳон банки, Жаҳон валюта ташкилоти ва турли жамғармалар томонидан камбағал давлатларга миллиардлаб АҚШ доллари қийматида молиявий ёрдамлар, субсидиялар йўналтирилганига қарамай, аҳолининг саводхонлиги ошиб, ўзини ўзи иш билан таъминлаш ва тадбиркорлик қобилияти ошиб қолмади. Буларнинг барчаси бесамар кетди. Ушбу давлатлар камбағаллик балосидан қутула олишмади. Айнан, Абхиджит Банерджи, Эстер Дюфло ҳамда Майкл Кремер буни исботлаб беришди ва дала тажрибаси асосида камбағалликдан фориғ бўладиган “таблетка”ни кашф қилишди ҳамда ўзларининг номларини иқтисодиёт тарихида ­муҳрлаб қўйишди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, биринчи навбатда, ишсизлик даражасини пасайтиришга эътиборни кучайтириш лозим. Бу борада ўзига мустақил ёрдам бера олмайдиганларни қўллаб-қувватловчи фаол ва таъсирчан сиёсат юритиш, ушбу мақсадларга жамият ва хусусий сектор ресурсларини жалб этиш катта самара беради.

Бинобарин, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда одамларимизни тадбиркорликка ўқитишнинг энг илғор дастурларини ишлаб чиқиш ва касбга ўқитишда нодавлат ташкилотлари фаоллигини кучайтиришга эҳтиёж катта.

Касаначилик меҳнат турини ривожлантириш керак. Бунда замонавий машиналар, ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилиш учун молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини яратиш даркор. Касаначиларга буюртмачилар топишига, тадбиркорлик субъектлари билан кооперациясини кенгайтиришга кўмаклашиш зарур.

Шунингдек, ишга жойлашишга муҳтож шахсларга касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини кенгайтириш, бозор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, мақбул шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган чоралар кўриш фойдадан холи бўлмайди.

Аҳоли реал даромадлари ва харид қобилиятини ошириш, бунинг учун ижтимоий меҳнат тақсимотини тўғри йўлга қўйиш орқали жон бошига тўғри келадиган товар ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳажмини, яъни меҳнат унумдорлигини кескин ошириш даркор.

Камбағаллик ҳолатида ёки чегарасида яшаётган аҳоли қатламини қашшоқликдан чиқариш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар ва аҳоли томорқаларидан мақсадли фойдаланишда микрокластер тузилмаларини яратиш мақсадга мувофиқдир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ­Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Фикримизча, мазкур йўналишда жаҳоннинг илғор мамлакатлари тажрибасидан унумли фойдаланишимиз керак. Бу борада, биз, олимлардан ҳам жонбозлик, фаол илмий изланишлар олиб бориш талаб этилади. Шундагина Президентимиз таъкидлаган методологияни яратиш ва ҳаётга татбиқ этиш имкониятига эга бўламиз.
Шерзод МУСТАФОҚУЛОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг «Университет 3.0» халқаро ўқув, илмий-инновацион тадқиқотлар маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори.