YANGILIKLAR

Kun: 14.03.2020

Хабарингиз бор, “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан юртимизда 14-15 март кунлари “Обод юрт” шиори остида умумхалқ ҳашари ўтказилиши белгиланган.

Шу муносабат билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси аъзолари ҳам ўзи меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқлар, кўчалар, хиёбонларни тозалаш ва ободонлаштириш ишларида иштирок этаётир. Улар университет ҳудудида қолаверса, пайтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган “Ғофур Ғулом” номидаги истироҳат боғи ҳудудида тозалаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларидаги фаоллиги билан мамлакатимизга кириб келган баҳор байрамига ўзига хос туҳфа тайёрладилар.

Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган «Ўз кўчатимни экдим» шиори остидаги акциясида университет фаол талаба-ёшлари иштирок этиб, Чилонзор тумандаги ҳудудларда кўчатлар ўтқазди.

2020 йил 14 март куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2019-2020 ўқув йили битирувчилари учун “Карьера куни” ахборот-таништирув тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш қисмида сўзга чиққанлар таълим ва фан соҳасини ривожлантириш бўйича узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш вазифасини бажаришда иш берувчилар ва олий таълим муассасалари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик алоҳида ўринга эга эканлиги қайд этдилар.

Маълумки, олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори мутаносиблиги ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидир.

Шу маънода университетда 2019-2020 ўқув йили битирувчиларини битирувчиларни ишга тақсимлаш ва жойлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, битирувчиларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан яқиндан алоқалар ўрнатилди.

Тадбир давомида тижорат банклари ҳамда йирик компания вакиллари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Бакалавриат ва магистратуранинг битирувчи курс талабалари билан таклиф этилган иш берувчи вазирликлар, қўмиталар, компаниялар, ташкилотлар, корхоналарнинг вакиллари ўртасида ишга жойлашиш ва касбга-йўналтириш бўйича мулоқотлар олиб борилди. Шунингдек, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда таклиф этилган иш берувчилар ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

“Карьера куни” ахборот-танишитирув тадбири давомида бўш иш ўринлари билан иштирок этаётган иш берувчи вазирлик, муассаса, ташкилот ва корхоналарга битирувчи талабалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Жумладан, жорий 2019-2020  ўқув йилида университетни тамомлаётган 1106 нафар (бакалавриат босқичида 865 нафар ва магистратура босқичида 241 нафар) битирувчилар ҳақидаги маълумотлар иш берувчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Ҳозирги кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бакалавириат босқичида 14 та таълим йўналиши ҳамда 23 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат қўмиталари, Бош прокуратура, Марказий банк, тижорат банклари, шунингдек, мулкчиликнинг турли шаклларидаги 200 дан ортиқ компаниялар, фирмаларнинг раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар.