YANGILIKLAR

Oy: Mart 2020

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини жойларда ўрганиш ва кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этишга бағишланган тадбирлар давом этмоқда. Шу мақсадда комбинатнинг барча бўлинмаларида “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастури доирасида “Янгиланаётган Ўзбекистон: ислоҳотлар ва ўзгаришлар” мавзусида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтаяпти.

Яқинда НКМК Маънавият ва маърифат маркази томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессорлари Бекдавлат Алиев ва Азамат Мухторовлар иштирокида шу мавзудаги тарғибот тадбирлари Навоий машинасозлик заводи, Геология-қидирув экспедитсияси, Марказий моддий-таъминот базаси ишчи-ходимлари иштирокида ўтказилди. Уларда бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширилиши кўзда тутилган муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, уларнинг жамиятимиздаги аҳамияти алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Президентимизнинг парламентга қилган Мурожаатномаси муҳим дастурий сиёсий ҳужжат эканлиги, унда мамлакатимизни яқин келжакда ривожлантиришга оид йўналишлар белгилаб берилганлиги, юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар тушунтирилди.

Тадбирларда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга олимлар томонидан жавоблар берилди. Бундай тадбирлар комбинатнинг барча бўлинмаларида давом этади.

 

 

НКМК матбуот маркази

Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори Ш.Эргашев Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошида фаолият бошлаган «Young Entrepreneurs Generator» бизнес-инкубатор директори Сардорхон Бузрукхонов билан учрашди.

Учрашувдан сўнг институт профессор-ўқитувчилари, ёш олимлари, магистрлари ва талабалари иштирокида «Young Entrepreneurs Generator» бизнес-инкубатор марказининг асосий вазифаларига доир семинар ташкил этилди. Унда бизнес-инкубаторнинг мақсади яъни, талабалар, соҳа мутахасислари инновацион лойиҳаларини  қўллаб-қувватлаш, бизнесни юритишда бизнес-режанинг барча босқичларида ва лойиҳани молиялашда мураббийлик, шунингдек, реал сектор намоёндалари, жумладан, тадбиркорлар  билан мулоқотлар олиб бориш учун платформа яратиш,  инкубация ниҳоясида бизнес-режалар давлат ва нодавлат инвесторларига тақдим этилиши тушунтирилди. Хусусан, Наманганда ҳам бизнес-инкубатор маркази фаолиятини йўлга қўйилиши айтиб ўтилди.

Семинар иштирокчилари ўз стартап лойиҳалари доирасидаги саволларига жавоблар олдилар.

 

Хабарингиз бор, “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан юртимизда 14-15 март кунлари “Обод юрт” шиори остида умумхалқ ҳашари ўтказилиши белгиланган.

Шу муносабат билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси аъзолари ҳам ўзи меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқлар, кўчалар, хиёбонларни тозалаш ва ободонлаштириш ишларида иштирок этаётир. Улар университет ҳудудида қолаверса, пайтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган “Ғофур Ғулом” номидаги истироҳат боғи ҳудудида тозалаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларидаги фаоллиги билан мамлакатимизга кириб келган баҳор байрамига ўзига хос туҳфа тайёрладилар.

Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган «Ўз кўчатимни экдим» шиори остидаги акциясида университет фаол талаба-ёшлари иштирок этиб, Чилонзор тумандаги ҳудудларда кўчатлар ўтқазди.

2020 йил 14 март куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2019-2020 ўқув йили битирувчилари учун “Карьера куни” ахборот-таништирув тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш қисмида сўзга чиққанлар таълим ва фан соҳасини ривожлантириш бўйича узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш вазифасини бажаришда иш берувчилар ва олий таълим муассасалари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик алоҳида ўринга эга эканлиги қайд этдилар.

Маълумки, олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори мутаносиблиги ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидир.

Шу маънода университетда 2019-2020 ўқув йили битирувчиларини битирувчиларни ишга тақсимлаш ва жойлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, битирувчиларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан яқиндан алоқалар ўрнатилди.

Тадбир давомида тижорат банклари ҳамда йирик компания вакиллари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Бакалавриат ва магистратуранинг битирувчи курс талабалари билан таклиф этилган иш берувчи вазирликлар, қўмиталар, компаниялар, ташкилотлар, корхоналарнинг вакиллари ўртасида ишга жойлашиш ва касбга-йўналтириш бўйича мулоқотлар олиб борилди. Шунингдек, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда таклиф этилган иш берувчилар ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

“Карьера куни” ахборот-танишитирув тадбири давомида бўш иш ўринлари билан иштирок этаётган иш берувчи вазирлик, муассаса, ташкилот ва корхоналарга битирувчи талабалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Жумладан, жорий 2019-2020  ўқув йилида университетни тамомлаётган 1106 нафар (бакалавриат босқичида 865 нафар ва магистратура босқичида 241 нафар) битирувчилар ҳақидаги маълумотлар иш берувчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Ҳозирги кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бакалавириат босқичида 14 та таълим йўналиши ҳамда 23 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат қўмиталари, Бош прокуратура, Марказий банк, тижорат банклари, шунингдек, мулкчиликнинг турли шаклларидаги 200 дан ортиқ компаниялар, фирмаларнинг раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар.

 

Ҳиндистоннинг Иқтисодиёт университети ректори Mr Wajid Bhai ва Халқаро ҳамкорлик бўйича директори Dr. Rayees Afzal Mir расмий ташкриф билан Тошкент давлат иктисодиет университетига келди. Делегация аъзоларини Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Дилором Бегматова кутиб олди.

Ташриф доирасида Ҳиндистон делегациясини Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбай Шарипов қабул қилди.

Бўлиб ўтган учрашувда онлайн таълим беришни ташкил этишнинг ташкилий-техник томонлари муҳокама қилинди. Келишувларга кўра, Ҳиндистон томони онлайн ўқитиш учун ажратилган аудиторияни зарур техника воситалари билан жиҳозлаш таклифини билдирди.

Шунингдек, учрашувда қўшма таълим дастурларини ишга тушириш, “Иқтисодиёт”, “Рақамли маркетинг”, “Иқтисодиёт”, “Банк иши ва молия”, “Туризм менежменти” каби таълим йўналишлари ва мутахассиликлари бўйича кадрлар тайёрлаш масалаларида келишувларга эришилди.

Яқин фурсатларда икки олий таълим муассасаларининг педагог ходимлари ва талабалари алмашинувини йўлга қўйиш томонлар учун манфаатли бўлиши таъкидланди.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбай Шарипов профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар ва талаба-ёшларнинг стартап-лойиҳалари танловини ташкил этишга бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда проректорлар, факультет деканлари, илмий ишлар бўйича декан ўринбосарлари ва кафедра мудирлари иштирок этдилар.

Йиғилишда профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар ва талаба-ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истиқболли стартап лойиҳаларининг инкубация ва акселерация жараёнларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан масъул ходимларга тегишли вазифалар юклатилди.

 

Бугун, 10 март куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетига Кремс амалий фанлар университети (Австрия) асосчиси ва Кузатув кенгаши раиси Хайнц Бойер ҳамда Бош ижрочи менежери Карл Эннсфелнер расмий ташриф билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлди. Австриялик расмийларни университет ректори Қўнғирот Шарипов қабул қилди.

Учрашувда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Иқтисодчи” дам олиш оромгоҳида туризм йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун ўқув-амалий лаборатория барпо этиш масаласи муҳокама қилинди. Жумладан, объектларни қуриш юзасидан техник топшириқ ишлаб чиқиш, лойиҳа ташкилоти билан шартнома тузиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва давлат экспертизаси хулосасини олиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, учрашувда янги ўқув йилидан бошлаб қўшма таълим дастури асосида магистратура босқичида “Халқаро бизнес ва экспортни бошқариш” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашнинг ташкилий масалалари муҳокама қилинди.

 

Bugun, 9-mart kuni Toshkent davlat iqtisodiyot universitetida iste’dodli yosh olima, AQShning nufuzli Kolumbiya universiteti professori Aziza Shonazarova bilan uchrashuv bo‘lib o‘tdi.

Tadbirda universitet rektori Kongratbay Sharipov, Innovatsion rivojlanish vaziri o‘rinbosari Olimjon To‘ychiyev va boshqalar so‘zga chiqib, ilm olamida dunyoni zabt etgan o‘zbek olimasi erishgan yuksak yutuq barcha yurtdoshlarimiz qalbiga faxr-iftixor tuyg‘ularini baxsh etganini aytib o‘tdilar. Mazkur uchrashuv yoshlarning ilm-fanga mehrini oshirish, ularni yuqori marralarni egallashlariga rag‘bat uyg‘otishga xizmat qilishini ta’kidlashdi.

Shundan so‘ng, Aziza Shonazarova o‘zi erishgan daraja va unga eltuvchi yo‘l, hayoti, oiladigan tarbiyaning ilm-fan sirlarini o‘rganishdagi ahamiyati haqida yig‘ilganlarga gapirib berdi. Ishtirokchilarni qiziqtirgan savollar yuzasidan batafsil ma’lumotlar berib o‘tdi.

Poytaxtimizning Qoraqamish dahasida voyaga yetib, Toshkent sharqshunoslik institutida, keyinchalik Polsha va AQShdagi mashhur universitetlarda ta’lim olgan Azizaxon 32 yoshida tarix va dinshunoslik yo‘nalishida fan doktori bo‘lgani, 500 ta talabgor orasida konkursda g‘olib chiqib, ana shunday yuksak ilmiy darajaga erishgani olqishga sazovordir.

Uning ilmiy ishi so‘fizm, gender tarixi va ayollarning Markaziy Osiyo tarixida tutgan o‘rni bo‘lib, shu mavzuda bir necha yillardan beri izlanish olib bormoqda. Hozirda AQShda joylashgan Pittsburg Universitetining Islomda gender va ayollar masalasi bo‘yicha postdoktorantura izlanuvchisi. Pittsburg universitetida bahorgi semestrda dars berishni tugatishi bilan, Oksford universitetiga boradi. U yerda ma’ruzalar berish bilan bir qatorda, 2020 yilda BRILL nashriyotida birinchi kitobi ustida ishni davom ettiradi.

Aziza ilmiy ish bilan birga chet ellik talabalarga dars beradi. Dastlab Indiana universitetida dars berish faoliyatini boshlagan, keyin Stanford universitetida lektor darajasida o‘z faoliyatini davom ettirdi. Dunyoning eng qadimgi universitetlaridan biri hisoblangan Oksford universitetining Islomshunoslik markazining ilmiy tadqiqotchisi hisoblanib, u yerda ham ma’ruzalar o‘qiydi. 

AQSh, yevropa va Osiyo mamlakatlaridagi bir qancha yetakchi universitetlari va ilmiy markazlari bilan ilmiy hamkorlikni davom ettirib kelmoqda. Shu jumladan, Manchester universiteti, Varshava universiteti, Ogayo universiteti, Illinoys universiteti, Stenford universiteti, Sorbonna universiteti, Bonn universiteti, Pekin universiteti va AUCA (Bishkek)ni sanab o‘tish mumkin.   

Aziza Shanazarova Markaziy Osiyodagi so‘fi ayollarning yirik vakilasi bo‘lgan Hazrat og‘oyi buzurg (Hazrat Qizbibi) va Hofiz Basirning unga bag‘ishlab yozgan “Mazhar al-Ajoyib” asarining chop etish ustida ish olib bormoqda.

Tadbir so‘ngida Aziza Shonazarova, mamlakatimizning va universitetning ilm-fan sohasidagi bir guruh olimalariga bayram munosabati bilan anvoyi gullar taqdim etildi.

 

Xabaringiz bor, O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori bilan o‘qishdagi muvaffaqiyatlari hamda ta’lim, fan, adabiyot, san’at, sport sohalarida erishgan alohida yutuqlari uchun 28 nafar iqtidorli qizlar Zulfiya nomidagi Davlat mukofoti bilan taqdirlandi.

Quvonarlisi, ular orasida Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti Korporativ boshqaruv fakultetining 4-bosqichida tahsil olayotgan Dilafro‘z Azimova ham bor.

Shu munosabat bilan Dilafro‘z Azimovani tabriklash tadbiri bo‘lib o‘tdi. Unda Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti rektori Kongratbay Sharipov, Oliy Majlis Qonunchilik palatasi deputati Nodir Jumaev, universitet faollari va talaba-yoshlar ishtirok etdi.

So‘z olganlar, D. Azimovani ushbu muvaffaqiyat bilan samimiy muborakbod etib, kelgusi faoliyatida yangi zafarlar tilashdi. Voyaga yetkazgan ota-onasi, tarbiya bergan ustozlariga rahmatlar aytishdi.

— Ilm-ma’rifatga va o‘z iste’dodini namoyon etishga bo‘lgan intilish har bir insonni ulug‘laydi, — deydi Oliy Majlis Qonunchilik palatasi deputati Nodir Jumaev. — O‘ylaymizki, Dilafro‘z kabi yoshlarimiz o‘z tengdoshlariga namuna ko‘rsatadi. Bugun mamlakatimizda amalga oshirilayotgan islohotlarga kamarbasta bo‘ladi.

Eslatib o‘tamiz, Dilafruz Azimova sportning tennis turi bo‘yicha 4 karra xalqaro gran-pri va O‘zbekiston kubogi sohibasi, «Barkamaol avlod sport o‘yinlari — 2014» g‘olibi, 8 karra O‘zbekiston chempioni, stol tennisi bo‘yicha sport ustasi hisoblanadi. U 2016 yilda «O‘zbekiston Mustaqilligiga 25 yil» esdalik nishoni bilan taqdirlangan.

 

Bugun, 5-mart kuni, Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti madaniyat saroyida “Miss University 2020” tanlovining final bosqichi bo‘lib o‘tdi. Unda saralash bosqichida muvaffaqiyat qozongan universitetimizning eng chiroyli, eng aqlli va eng yorqin vakillari ishtirok etdilar.

Tanlov 4 bosqichda o‘tkazilib, har bir fakultet bittadan nomzodni tavsiya etdilar. Ular final bosqichida tanishtiruv, blits savollar, gazetadan kiyim yaratish va erkin mavzu, ya’ni yashirin qobiliyatlarini namoyon etish shartlarini bajarishi lozim bo‘ldi.

Nufuzli hakamlar hay’ati xulosasiga ko‘ra, Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti hamda Ural davlat iqtisodiyot universiteti hamkorligidagi xalqaro qo‘shma ta’lim dasturi talabasi Kamila Asqarova “Miss charm” nominatsiyasi, Iqtisodiyotda axborot tizimlari fakulteti talabasi Zuhraxon Po‘latova “Miss glamour” nominatsiyasi, Buxgalteriya hisobi va audit fakulteti talabasi Nozaninxon Karimova “Miss intelektual” nominatsiyasi, Iqtisodiyot fakulteti talabasi Ruhsora Masharipova “Miss creativity” nominatsiyasi bilan taqdirlandilar.

Xalqaro turizm fakulteti talabasi Milana Ogay “Miss university” nominatsiyasi bo‘yicha mutloq g‘oliblikni qo‘lga kiritdi.

Iqtisodiyot fakulteti jamoasi tanlovning “Eng faol muxlislari” nominatsiyasida g‘olib deb topildi.

Nominatsiya g‘oliblariga maxsus sertifikatlar va esdalik sovg‘alarini Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti rektori Kongratbay Sharipov va O‘quv ishlari bo‘yicha prorektor Mansur Eshov tantanali ravishda topshirdilar.

Tadbir Xalqaro turizm fakulteti tashabbusi bilan universitetimiz tarixida birinchi marta o‘tkazilib, iqtidorli talabalar tomonidan ijro etilgan qo‘shiqlar, yangi raqslar va ajoyib sahna ko‘rinishlari barcha ishtirokchilarda baxtli xotiralar qoldirdi.